Нурсултон Рўзибоевнинг навбатдаги рақиби собиқ Bellator жангчиси бўлади

Юртимиз ММА оламининг энг кўзга кўринган вакилларидан бири Нурсултон Рўзибоевнинг навбатдаги жанг санаси ва рақиби маълум бўлди.

Юртдошимиз 5 февраль куни Россиянинг Барнаул шаҳрида ташкил этиладиган жанг кечасида мезбонлар вакили Михаил Тсаревга қарши октагонга кўтарилади. Маълумки, Нурсултон Рўзибоев 12 декабрь куни Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган Open FC промоушенининг навбатдаги турнирида ўзига тегишли бўлган ўрта вазн (84 кг) тоифасидаги чемпионлик камарини Эдуард Арустамяндан муваффақиятли ҳимоя қилган эди.

Маълумот учун, Тсарев фаолияти мобайнида 32 та ғалаба ва 8 мағлубият қайд этган. Юртдошимизнинг кўрсаткичи эса, 33 ғалаба, 8 мағлубият ва 2 дурангга тенг. Шунингдек, 1 та ҳисобга олинмаган жанг ҳам мавжуд. 

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, Михаил Тсарев ўз вақтида Bellator промоушенида машҳур Дуглас Лимага ҳам қарши ҳам жанг ўтказган. Шунингдек, Россиянинг ўз вақтидаги нуфузли ACB (ҳозирда ACA) промушенида ҳам бир неча бор октагонга кўтарилган ва UFC жангчисига айланган Алберт Дураевга қарши ҳам баҳс юритган. Ҳар иккисга мағлуб бўлган бўлса ҳам у жуда жиддий рақиб десак янглишмаган бўламиз. Шундай бўлса-да, Нурсултон Рўзибоевнинг ушбу жангда ҳам муваффақиятини давом эттирган ҳолда, чиройли ғалаба қозонишига тилакдошмиз!

тсарев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

×