Остон Ўрунов ишончни йўқотдими?

Россия премьер-лигаси вакили “Уфа” ёзги трансферлар вақтида катта ўзгаришларга қўл урди. Жамоани 12 нафар футболчи тарк этди ва уларнинг ўрнига 13 та ўйинчи келди. Энг қизиғи, клуб бу трансферга пул сарфламади. Футболчиларнинг бир гуруҳи эркин агент сифатида келди, қолганлари ижарага олинди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, “Уфа” айни пайтда молиявий муаммолар ичида қолган ва таркибни кучайтириш учун ўзи истаган футболчиларни харид қилиш имкони йўқ. Клуб бақувват ҳомий ёрдамига муҳтожлиги ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.

Икки йил муқаддам Еврокубоклар йўлланмаси учун курашиши кутилган жамоа кейинги мавсумларда премьер-лигадаги жойини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмоқда.

18058979_192_216_1744_1089_1920x0_80_0_0_a4aefa78f20afba9e43dc3423e4bdf54

“Уфа” бош директори Шамил  Газизов журналистларга интервью бериб, “Спартак”дан ижарага олинган Остон Ўрунов ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берди.

- Келган футболчиларнинг мавқеига қараганда, “Уфа”нинг асосий трансфери Остон Ўруновнинг қайтиши бўлдими?

- Йўқ, нега энди? Ўрунов ҳали юлдуз даражасига етгани йўқ-ку. Остон ёш футболчи.  

- Лекин уни жуда кўп муҳокама қилишяпти.

- У турли овозалар марказида. Аслида ундай эмас. Остонни олдинда жуда кўп меҳнат кутяпти. Бундан ташқари, у маошининг бир неча баробар камайишига рози бўлиб келди. Бу бепул ижара. Ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Умуман олганда, бу галги трансферлар жуда қизиқ бўлди. Кимлардир дарров асосий таркибдан жой олди, бошқалари ўйнашга тайёрланяпти. Ҳали ҳаммаси олдинда.

- “Спартак” билан Ўрунов масаласида қандай келишдингиз? Ёз ўрталарида уларнинг талаби туфайли курашдан чиққан эдингиз. Охир-оқибат Ўруновни бепул ижарага ва 60 фоиздан кўп учрашувларда қатнашса, мавсум охирида 1 миллион еврога трансфер ҳуқуқини сотиб олишга келиша олдингиз...

- “Спартак” агар футболчини сотиб оладиган бўлсак, тўловлар муддати борасида имтиёз берадиган бўлди.

- Ўрунов ҳали ҳам тўғри тарбияласа салоҳияти ривожланадиган истеъдодли футболчими ёки сизга бегона бўлмагани ва аввал “Спартак”га олиб кетганингиз учун у ерда ташлаб қўйишни истамадингизми? Ҳозир кўпчилик унга ишонмай қўйди...

- Ҳозир кўп футболчиларга ишонишмаяпти. Биз Ўруновнинг келажаги порлоқ эканига аминмиз. Лекин кўп меҳнат қилиши керак. У йўл қўйган хатолар бор. Улар тузатилиши керак ва биз уларни билиб олдик. Футболчининг ўзи ҳам бундан яхшигина хабардор. Шубҳасиз, Ўрунов талантли футболчи.

large_1

Остон Ўрунов “Спартак”дан “Уфа”га ўтганидан кейин премьер-лигада иккита учрашувда майдонга тушди. “Крилья Советов” ва “Зенит”га қарши ўтказилган учрашувларда иштирок этган ҳамюртимиз ҳали ҳам ўзидан кутилган креатив ўйинни кўрсата олмаяпти.

“Уфа” премьер-лигада олтита учрашувдан биттасида ғалаба қозонган ва икки марта дуранг ўйнаб, уч бор мағлубият аламини тотиб кўрди. Остон Ўрунов жамоаси еттинчи тур баҳсини 12 сентябрь куни сафарда “Сочи”га қарши ўтказади.

Шомуродов ворислари. Марказий Осиёдан кимлар Европада ўйнашга қодир?

Шомуродов йўқолган қизчанинг топилишига сабабчи бўлди!

Абрахамнинг келиши “Рома”да кутилмаган муаммо чиқарди! Буни Шомуродовга таъсири борми?

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!