Ўзбекча нокаут учун 27 сония кифоя!

  • 25 декабрь, 2021, 16:46
  • 0
  • Бокс

Россия пойтахти Москва шаҳрида ташкил этилган профессионал бокс кечасида бир неча боксчимиз навбатдаги рейтинг жангларини ўтказди. Қайд этилган натижалар орасида ғалаба, дуранг ва мағлубият ҳам бўлди.

Элдор Абуқодиров фаолиятидаги тўққизинчи жангни россиялик Евгений Туршиковга қарши ўтказди. Таъкидлаш жоизки, ҳамюртимиз бу галги рақиби билан иккинчи бор тўқнаш келди. Биринчи жангда россиялик боксчи иккинчи раунддаёқ мағлубиятини тан олган.

hq720

Олти раундлик  бу галги рейтинг жанги ҳам икки раунд давом этди. Элдор яна рақиби устидан техник нокаут билан зафар қучди.

Бу қўрғонтепалик чарм қўлқоп устасининг саккизинчи ғалабаси бўлди. У шулардан олтитасини муддатидан олдин якунлаган. Абдуқодировнинг ҳисобида битта мағлубият ҳам бор.

Яна бир ҳамюртимиз Шодилбек Шаробиддиновга ғалабани нишонлаши учун 27 сония кифоя қилди. Мезбон бокчи Роман Петухов билан олти раундлик жангга чиққан ўзбек йигити рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Шодилбекнинг натижалари бироз ғалати кўриниш олган. У битта мағлубиятдан кейин албатта ўз ҳисобига ғалаба ёзиб қўймоқда. Энди муваффақият ва мағлубиятлар сони тенглашди – 3:3.

gettyimages-1229380890-594x594

Тажрибали боксчимиз Бахит Абдураҳимов  (10-18-0, 4КО) узоқ танаффусдан сўнг 2019 йили профессионал рингга қайтган эди. Аввал кучли рақибларини ҳам енга олган спортчимизнинг даври ўтган кўринади. У катта спортга қайтганидан бери бирор маротаба мухлисларини хурсанд қилгани йўқ.

Бу гал Бахит  Россия шарафини ҳимоя қилаётган асли тожикистонлик боксчи Соҳиб Ўсаровга очколар ҳисобида ютқазди. Рақиб кетма-кет 23-ютуғини тантана қилди.

Мағлубиятлар исканжасидан чиқиб кетолмаётган яна бир вакилимиз Шерзод Мамажоновдир. Ўз вақтида 9 та ғалаба ва 4 та дуранг қайд этган Шерзод кейинги пайтда фақат рақибларини хурсанд қиляпти.

Москвада мезбон Шаҳриёр Аҳмедов билан жанг қилган ҳамюртимиз иккинчи раундда “қўлини кўтарди”. Бу Мамажонов учун 23-мағлубият бўлди.

31 ёшли боксчимиз Ҳусан Йўлдошев Ўрхан Гажиев билан бўлган тўқнашувида биринчи раундни ҳам тугаллай олмади. У учинчи дақиқа ўтиб бораётган паллада кучли зарбани ўтказиб юборди ва соф нокаутга учради.

Йўлдошев саккизта ғалаба ёнига 16 мағлубиятини қабул қилиб олди. Ачинарлиси, у ўзи ютқазган жангларнинг бирортасини охиригача давом эттира олмаган.

3d2a104aa7edd365d957935d22697071

Наманганлик Аҳмад Мамажонов таслим қилиш учун тожикистонлик Давлат Болтаев бир ярим дақиқа ҳам сарфлагани йўқ. Мамажонов жангга пухта тайёрланмаган шекилли, соф нокаут билан рингни тарк этди.

Навбатни дебютантларга берамиз.

Шаҳрихонлик Шуҳратбек Маҳкамов ринг эгаларидан Сандан Санданов билан рақобатлашди. Тўрт раундлик жанг охиригача давом этди. Ҳакамлар қарорига кўра, очколар ҳисобидаги ғалаба Сандановга берилди.

Мақола охирида ижобий натижани келтирамиз. Самарқандлик 22 ёшли боксчи Шаҳзод Саъдуллоев россиялик  Гор Оганесян билан куч синашди. Ҳамюртимизга ҳаваскорлар боксидаги тажрибаси қўл келди. Кучли рақибга қарши баҳсда зарбалар ҳисоб-китоби билан шуғулланган учала ҳакам дуранг натижа қайд этди.

55a65d15d2144c669a20c7731f3ca061

Суперзарбага эга боксчимиз беш ойда тўққизинчи нокаутини нишонлади!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!