Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Италия клубидан тушган таклифни нега рад этганди? - Футболчининг ўзидан жавоб

Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни кунларда Дубайда хориж йиғини ўтказмоқда. Вакилларимиз машғулотлар давомида ўртоқлик ўйинлари ҳам ўтказишди.

ЎФА матбуот хизмати терма жамоа ҳимоячиси, Россиянинг "Нижний Новгород" клуби аъзоси Иброҳимҳалил Йўлдошев билан интервью ташкил қилди. Унда футболчи "Женоа"дан ҳам таклиф тушгани аммо уни рад этгани борасида ҳам гапирди.

- Миллий терма жамоамизнинг бир қанча ёрқин юлдузлари ўз вақтида айнан Россияда фаолят юритган. Яқин ўтмишни эсласак, Одил Аҳмедов мисол бўла олади. Элдор Шомуродовнинг ҳам Европага юриши айнан Россиядан бошланган. Россияни танлашингизда сизга ким маслаҳат берди? Ўйлайманки, сизда "Нижний Новгород"дан бошқа яна таклифлар бўлган. Бу клубга ўтиш ёки ўтмаслик, Ўзбекистонда қолиш масаласи кўтарилганда кимлардан маслаҳат олгансиз? Новгородликларга ўтишингиз қандай рўй берган?

- "Нижний Новгород"дан олдин "Женоа"дан ҳам таклиф тушган. Ушбу клуб мени сотиб олиб, кейин Европанинг бошқа жамоасига ижарага бермоқчи бўлган. Кейин ҳозирги клубимдан таклиф келди. Ўша пайти Тошкентда эдим. Агентим орқали улар билан онлайн тарзда гаплашдик. Александр Кержаков билан ҳам. У мени асосий таркибда ўйнатмоқчи эканлигини айтди. Биз эса ўйлаб кўришимизни билдирдик. Ўйладимки, Европага борсам тил ўрганишим керак эди, тўғриси. Инглиз тилини деярли билмайман. Тил ўрганиш, яшаш тарзи ва асосий таркибда тушиш ёки тушмаслигимни аниқ билмаганим учун ўзимга-ўзим "Россиядан кейин у ерга бораман", - дедим. Тажриба тўплаб, асосий таркибда кўпроқ ўйинлар ўтказиш мақсадида "Нижний Новгород"ни танладим.

IMG_20220125_203843_004

- "Женоа" айнан қайси клубга ижарага бермоқчи бўлганини билмасмидингиз?

- Йўқ, билмайман.

- Демак, кейинчалик бўлса ҳам, барибир Европага кетишни истайсиз. Агентлар билан суҳбатда Европага кетиш имкониятлари ҳақида гаплашиб кўрганмисиз?

- Тўғриси, бу ҳақда гаплашмаганмиз. Ҳозирча, фақат Россиядаги фаолиятим ҳақида ўйлаяпман.

- Шартнома қачонгача амал қилади?

- Ёзгача. Июн ойига қадар. 

- Шундай экан, ҳали кейинги режаларни тузиб чиқмагансиз?

- Йўқ, ўйлаб кўрмадим.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!