"Пахтакор" мураббийи учун бугунги финал жамоадаги охирги ўйинми? - Питер Хюистра жавоб берди

Ўзбекистон кубоги финалидан сўнг, икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда дастлаб "шерлар" устози Питер Хюистра ўйин борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

photo_2021-12-03_15-16-02

Оғир учрашув ўтказдик. Aйниқса, қизил карточкага қадар яхши ўйин кўрсатаётган эдик. Беллашув карточкаларга бой бўлди. “Насаф” жамоаси бугун ўзининг энг яхши ўйинини намойиш этди. Aфсуски, мавсум давомида кўрсатиб келган ўйинимизни намойиш қила олмадик. Умуман олганда, мавсумни ёмон ўтказмадик. Aммо сўнгги беллашувда мағлубиятга учраганимиз кўнгилни бироз хира қилди.

Бугунги мағлубиятимизнинг асосий сабаби - айрим футболчиларимизда асабийлик кузатилди. Ўйинни назорат қила олмадик, диққатимизни учрашувга қарата олмадик. Бу нарса якуний натижага ҳам таъсир ўтказди. Футбол шундай ўйинки, беллашув тақдирини биргина хато ёки бурчак зарбаси орқали ўзгариб кетиши мумкин. Бироз ҳаяжон, асабийлашиш ва баҳс сўнггига қадар концентрацияни сақлай олмаганимиз – бугун мағлубиятимизга сабаб бўлди.

Рақибга кўрсатилган қизил карточкадан сўнг, ҳужум қилиш ўрнига хатолар кўпайди ва натижада асабийлик юзага келди.

Бир нарсани айтиб ўтишни жоиз, деб билдим. Ҳакамлар сингари футболчилар ҳам ВAР билан ўйнашни ўрганишлари лозим. Яъни учрашув давомида тўхталишлар юзага келиши футболчиларда шижоатнинг тушишига олиб келмаслиги керак.

Яқин кунлар ичида клуб раҳбарияти билан келажагим борасида гаплашиб оламан. Музокараларнинг бориши кўплаб факторларга боғлиқ. Масалан, жамоанинг келгуси мавсум учун режалари, бюджети, бугунги баҳс натижаси ҳам музокараларнинг боришига таъсир кўрсатиши мумкин. Олдин ҳам таъкидлаган эдим, менга Ўзбекистонда ишлаш, бу ердаги шарт-шароитлар жуда ҳам маъқул келмоқда, - деди Питер Хюистра.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!