“Рома”: Шомуродов ўрнини 38 та ўйинда 38 та гол урган ҳужумчи босади!

Ёзги трансферлар вақтида “Рома” клуби ҳужум чизиғида жиддий ўзгаришлар бўладиган кўринади. Айни пайтда Жозе Моуриньо олдини чизиқда фақат Тэмми Абрахам ва Николо Дзаньолога кўп имконият бермоқда. Аслида англиялик ҳужумчидан бошқа бирор ўйинчининг келаси мавсум учун жойи кафолатланмаган.

h_57416232

Ҳозир Тэмми Абрахамга ҳам харидорлар етарли. Бироқ, Моуриньо уни қўйиб юбормоқчи эмас. Футболчининг ҳам янги қирралари очилаётган Римдан кетиш нияти йўқ. Николо Дзаньоло асосий таркибда ўйнаётган бўлса-да, бошқа жамоага ўтиб кетишга тайёргарлик кўряпти.

Италия футболининг 22 ёшли юлдузи римликлар билан битимни узайтирган йўқ. “Рома” уни 50 миллион еврога бошқа клубга қўйиб юборишга тайёр. Асосий даъвогар – “Ювентус”. Туринликлар А Серияда порлаган ҳужумчиларни бошқа лигалардаги грандларга бериб қўймайди. Хусусан, улар “Фиорентина” тўпурари Душан Влаховични ҳам ўз сафига қўшиб олди. Энди унинг ёнига Дзаньолони олиб келишни режалаштирмоқда.

“Ювентус” томонидан Дзаньоло  трансфери музокараларида таниқли мутахассис Федерико Керибуни иштирок этади. Олдиндан айтиш жоизки, “Ювентус”дек клубга ҳам 50 миллион евролик трансфер қиммат кўриняпти. Улар бу суммани пасайтириш учун ўзлари тарбиялаган Мойзе Кинни Римга жўнатишга тайёрлигини билдирган. Ҳозирда трансфер ҳуқуқи “Эвертон”га тегишли бўлган Мойзе ўзи сингари бақувват ва тезкор Тэмми Абрахам билан яхши дуэт бўлиши айтилмоқда.

Бир вақтлар катта иқтидор сифатида 40 миллион еврога баҳоланган Мойзе Киннинг ҳозирги вақтдаги трансфер суммаси анча пасайган. Мутахассислар уни 25-28 миллион еврога баҳоламоқда. Ҳар ҳолда туринликлар уни Рим клубига шу нархга ўтказмоқчи.  

“Рома” ҳужумидаги яна бир вазият Элдор Шомуродов билан боғлиқ. Моуриньо ўзи олиб келган форвардга етарли даражада ўйин амалиёти бермади. Ўзбек ҳужумчиси айнан ўйнайдиган ёшда. Унга Испания, Германия ва Италия чемпионатларидан қизиқиш бўлаётгани ҳақида хабарлар кўпаймоқда.

4ea3f268d2940fdd24abaf47205e1f96

Амалга ошиш эҳтимоли кўп вариантлардан бири “Торино”. Бу вариант римликларга ҳам тўғри келади. Чунки “Рома” кўз тиккан ҳужумчилардан бири “Торино”нинг кейинги ўн йилликдаги энг ёрқин юлдузи Андреа Белотти бўлади. Кучли клубга ўтишга қарор қилган ҳужумчига римликлардан ташқари “Интер” ва “Ювентус” ҳам қизиқмоқда. Куни кеча “Торино” Белоттининг ўрнига Элдор Шомуродовни олишни мўлжаллаётгани ҳақида хабар тарқатилди. Демак, Рим клубида захирадан чиқолмаётган ўзбек ҳужумчисини ўзи истаган ўйинчига алмаштириш варианти ҳам пайдо бўлди.  

Бу ҳали ҳаммаси эмас.  Notiziecalciomercato.eu нашрининг ёзишича, Жозе Моуриньога Элдор Шомуродов кўрсатаётган ўйин у қадар маъқул келмаётган экан. “Рома” спорт директори Тьягу Пинто легионеримиз ўрнига Моуриньога “Фулхэм”дан сербиялик ҳужумчи Александар Митровични олиб келиб бермоқчи.

Митрович кўп гол урадиган ўйинчи. Жорий мавсумда Чемпионшипда 38 та учрашувда рақиблар дарвозасини 38 маротаба ишғол қилгани Жозенинг эътиборидан четда қолмайди, албатта. Қолаверса, Моуриньо Англия футболи ҳавосидан баҳра олган футболчилар билан ишлашни яхши кўради.

Сербиялик ҳужумчи ўз юртидан ташқари, Бельгия чемпионатида “Андерлехт” шарафини ҳимоя қилган. Англия келганидан кейин “Ньюкасл”да ҳам фаолият кўрсатган. 27 ёшли футболчи “Фулхэм” билан 2026 йилнинг ёзигача давом этадиган шартномага эга бўлса-да, жамоаси Чемпионшипда ўйнаётгани учун уни анча арзон – 18 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига трансфер қилиш имконияти бор.

serbia_840

Моуриньо ёзда ҳужум чизиғини янгилаши айтилмоқда. Чунки, Абрахам, Дзаньоло ва Шомуродовдан ташқари қолган ҳужумкор футболчилар – “Барселона” тарбияланувчиси Карлес Перес, ўз даврида юлдуз даражасига кўтарилган Стефан Эл-Шаарави ҳам бугунги кунда оддийгина захира ўйинчиларига айланиб қолган. Ўтган йили тўпурар Борха Майоралга эса Моуриньо қишдаёқ жавоб бериб юборди.

Демак, ёзги  трансферлар мавсумини жиддий кузатамиз. Зора, Шомуродов ҳам ўзини қадрига етадиган клуб топса ва мунтазам ўйини билан мухлисларини хушнуд қилса!

Моуриньони энди тушуниб етдим!

Шомуродов гол уролмаган ўйиндан сўнг Моуриньо нега узр сўради?

Шомуродовни кутяпмиз!

“Рома”: Бу футболчи энди ўйнамайди! Моуриньо ким ҳақида гапирди?

“Рома” ҳужумчиси бўйича кутилмаган вазият юзага келди!

Моуриньо ўйнатмаётган ҳужумчига Испания грандидан таклиф бор

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!