Россияликлар Шомуродов дуэлини кутяпти!

Европа миқёсидаги янги турнир – Конференциялар лигасининг ҳал қилувчи палласи етиб келди. УЕФА таснифидаги учинчи халқаро мусобақанинг саралаш, гуруҳ, плей-офф босқичларидан муваффақиятли ўтиб келган Италиянинг “Рома” ва Нидерландиянинг “Фейеноорд” жамоалари бош соврин учун бўладиган сўнгги беллашувда ўзаро тўқнашади.

“Рома” раҳбарияти бир йил муқаддам жамоани Жозе Моуриньога топширганида португалиялик мутахассис олдига янги мавсум учун учта – Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш, Италия кубогида ғолиб чиқиш ва Конференциялар лигасида бош совринга эга чиқиш вазифасини юклаган эди.

roma-obygrala-lester-i-vyshla-v-final-ligi-konferencij_1651784825789269862

Моуриньо даcтлабки икки вазифани уддалай олмади. Лекин Жозе халқаро миқёсидаги юришини давом эттираётган ягона Италия жамоаси бош мураббийи сифатида Конференциялар лигасида ғолиб чиқиш орқали мавсумни муваффақиятли якунлаб қўйиш учун жуда яхши имкониятга эга.

“Рома”нинг ушбу турнирдаги юришига эътибор қаратадиган бўлсак, “бўрилар” финал остонасигача узоқ ва мураккаб йўлни босиб ўтди. Моуриньо шогирдлари бу йўлда Туркиянинг “Трабзонспор”, Украинанинг “Заря”, Болгариянинг ЦСКА, Норвегиянинг “Будё-Глимт”, Нидерландиянинг “Витесс” ва Англиянинг “Лестер” жамоаларини ортда қолдирди.

“Фейеноорд” ҳам финалгача “кўҳна қитъа”нинг турли жамоалари билан куч синашди. Хусусан, Нидерландияликлар Косовонинг “Дрита”, Швейцариянинг “Люцерн”,  Швециянинг “Эльфсборг”, Германиянинг “Унион Берлин”, Исроилнинг “Маккаби Хайфа”, Сербиянинг “Партизан”, Чехиянинг “Славия” ва Франциянинг “Марсель” клублари тўсиғидан муваффақиятли ўтиб, финалга лойиқ эканини исботлади.

Янги турнирнинг финал учрашуви кўпчиликнинг эътиборида турибди. Табиийки, ўзбекистонлик футбол мухлислари Элдор Шомуродовнинг ҳурмати юзасидан бўлажак баҳсда “Рома”га ишқибозлик қилади. Қолаверса, легионеримиз Европадаги дастлабки совринини қўлга киритишга жуда яқин турибди.

Шомуродовга бутун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги футбол ихлосмандлари ҳам мухлислик қилаётгани сир эмас. Хусусан, Россиядаги футбол мутахассислари ва мухлислари Конференциялар лигаси финалида Россия премьер-лигасида ўйнаган икки футболчи ўзаро тўқнаш келишига эътибор қаратмоқда.

Элдор кучли бешлик чемпионатларидаги юришини бошлашдан олдин Россия премьер-лигасида “Ростов” шарафини муносиб ҳимоя қилган. Ҳамюртимиз  2017-2020 йиллар давомида барча турнирларда 91 та учрашув ўтказиб, рақиблар дарвозасини 18 маротаба ишғол қилган.

large_7

“Фейеноорд” ҳужумкор футболчиси Гус Тиль ҳам Россия чемпионатида тўп тепган. У 2019 йили “АЗ Алкмаар” клубидан 18 миллион евро эвазига “Спартак” жамоасига трансфер қилинди. Бироқ, Шомуродовдан фарқли равишда 24 ёшли ўйинчининг Россия премьер-лигасидаги фаолияти муваффақиятли чиқмади.

Москваликлар Тилни аввалига “Фрайбург”га кейин эса, “Фейеноорд”га ижарага бериб юборди. Ўтган йили ёзда ўз юртига қайтган Гус яна аввалгидек юқори савияда ўйнай бошлади. Айни пайтда у “Фейеноорд”нинг асосий тўпурари ҳисобланади.

Гус Тиль Нидерландия чемпионатида 30 та учрашувда рақиблар дарвозасини 15 маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига учта голли пас берди. Конференциялар лигасида 15 та ўйинда олтита гол ва иккита ассист муаллифи бўлди.

futbolist-spartaka-gus-til_16276473661332765654

Конференциялар лигасининг “Рома” ва “Фейеноорд” ўртасидаги финал учрашуви 25 май куни Албаниянинг Тирана шаҳрида бўлиб ўтади.

Ғолиб жамоа бош совриндан ташқари келаси мавсумда Европа лигасида иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритади.

Шомуродов, энди сенга янада қийин бўлади!

“Рома” ҳужумчиси: Кетишим керак бўлган вақт келганини билдим!

Гол уриш мана бунақа бўлади! Ўзбек легионери биринчи хет—трикни қайд этди!

Шомуродовни ҳам ўйнатиб кўрдик, бироқ... Моуриньо легионеримиз ҳақида ҳам гапирди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!