Саудия Арабистони футболи нима эвазига ўзбек футболидан ўзиб кетди? Саад Али Аш-Шеҳри жавоб берди

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони (U23) жамоалари ўртасидаги ўйиндан сўнг, "саҳро лочинлари" устози - Саад Али Аш-Шеҳри билан суҳбат уйуштирдик. Шошилиб турганига қарамай, ўша кунги рақибимиз бош мураббийи SPORTS.uz журналистлари учун вақт ажратди. Суҳбат асосан икки давлат футболининг ривожланиш модели борасида борди. Интервью сўнггида, Аш-Шеҳри бизнинг терма жамоага омад ва зафарлар тилади. Биз эса, уларга Тошкентдаги мусобақада зафарли юришлар ёр бўлишини айтиб хайрлашдик.

— Саудия футболидаги ўсиш нима билан боғлиқ?

— Аслида, бу жуда катта мавзу. Саволингизга жавоб беришим учун соатлаб фикр билдиришимга тўғри келади. Шунга қарамай, соддароқ тушунтиришга уриниб кўраман. Биз биринчи бўлиб футбол академияларига эътибор қаратганмиз. У ерда ёшлар куннинг 24 соатини қандай ўтказишини тўлиқ мураббийлар белгилаб беради. Ҳар бир машғулотдан тортиб, кунлик таомномасигача профессионаллар томонидан кузатувида.

Айтишим мумкин бўлган нарса бизда эътибор берилаётган ёшлар футболига бўлган эътибор. Болалар футболнинг эртаси.Бизда деярли барча ёш тоифасида лигалар бор ва бу жуда кичик ёшдан бошланади. Мисол сифатида 6 ёшли футболчилар чемпионатини келтириб ўтишим мумкин. Бу ёшдаги болалар ўртасидаги чемпионат ташкил этилгач, иқтидорли болаларни ажратиб олиш янада осонлашади. Умуман олганда, бугунги Саудия Арабистони терма жамоасининг қудрати болалар футболида олиб борилаётган ислоҳот билан чамбарчас боғлиқ.

пщл34щпл34щлп3_1

— Нима деб ўйлайсиз, футболни ривожлантириш учун катта маблағ бўлиши шартми?

— Албатта! Пул бу - жуда муҳим омил ҳисобланади. Нафақат спорт, исталган соҳада ривожланиш учун катта маблағ зарур. Агар пулингиз бўлмаса, ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Тўғри, катта пуллар ҳамма нарсани ҳал этмайди. Уни тўғри сарфлашни ҳам билиш керак, бироқ пул бўлмаса катта ишларни амалга оширишнинг имкони йўқ.

Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳар қандай соҳада ривожланиш учун улкан капитал бўлиши ва уни тўғри йўналтиришни биладиган профессионаллар керак. бошқачасига, пулдан наф чиқариб бўлмайди.

— Сизнингча, Осиёнинг айни пайтдаги энг кучли 5 жамоаси қайсилар? Улар ичида Ўзбекистон борми?

— Миллий терма жамоалар миқёсида олсак, Саудия Арабистони қитъанинг энг кучли жамоаси, деб ҳисоблайман. Сўзларим сизга эриш туюлмасин. Мен жаҳон чемпионати саралашида ўз юришини давом эттираётган жамоалар ҳақида гапиряпман. Ҳар ҳолда, терма жамоалар кучини шу мезонда ўлчаш адолатдан бўлади. Қитъамиздаги барча кучли жамоалар ҳозир мундиал йўлламаси учун кураш олиб бормоқда. Саудияга айни дамда тенг келадиган рақиб йўқ!

Агар қитъанинг бошқа грандлари ҳақида сўз борса, биринчи навбатда, Жанубий Корея, Япония, Австралияни алоҳида эътироф этаман. Кучли бешликни катта эҳтимол билан Эрон термаси якунлаб беради. Бу мамлакатлар терма жамоаси ҳозир Осиё қитъасидаги бошқа термалардан анча замонавийроқ футбол намойиш этмоқда.

— Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг бугунги учрашувдаги кучли ва кучсиз томонлари нимада бўлди?

— Ўйин ҳақида ортиқча тўхталиб ўтирмайман. Бу баҳсда икки томон ҳам ўз бор кучини кўрсатгани йўқ. Биз Ўзбекистон Осиё чемпионати йўлланмасини ҳал этиб қўйгани учун ортиқча куч сарфламаслигини билар эдик. Шу боис, таркибимиздаги асосий футболчиларни уларга қарши ўйинда "беркитдик". Жамоа ҳақида тўлиқ фикр билдиришим бироз ноўрин бўлади. Ҳар ҳолда, кучлар майдондаги ўйиндан сўнг ўлчанади. Шунга қарамай, таркибингизда бир неча яхши даражадаги футболчилар бор эканлигини тан олиш лозим. Ўйлашимча, жамоанинг келажаги порлоқ. Бу йигитлар келажакда терма жамоа даражасига кўтарилишига умид қиламан.

п3д4щпл34щлп4л

— Қайси ўзбек футболчиларини танийсиз?

— Биринчи навбатда Жалолиддин Машарипов кўз олдимизга келади. У бизнинг "Ал-Насср" клубимизда тўп суради. Техникаси кучли, майдонни яхши кўра оладиган футболчи. У ҳақида бошқа футболчиларингиздан кўра кўпроқ маълумотга эгаман. Шунингдек, Олимпия терма жамоаси аъзоси - Жасур Жалолиддинов ҳам менда илиқ таассурот қолдирди. Биз билан ўйинда ҳам у қолганларда яққол ажралиб турди. Умид қиламанки, у ўсишдан тўхтаб қолмайди. Қолган ўзбек футболчиларини кузатиб бормаганим учун фикр билдира олмайман.

Жавоҳир Азимов суҳбатлашди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар