“Шериф” футболчилари майдонда муштлашди

Молдова чемпионатининг навбатдаги турида Чемпионлар лигаси қаҳрамонлари – “Шериф” футболчилари миллий чемпионатдаги асосий рақобатчиларидан бири – “Милсами” футболчилари билан куч синашди.

Муҳим учрашувда тирасполлик футболчилар кичик ҳисобда ғалаба қозонди. Бу мезбонларнинг чемпионатдаги биринчи мағлубияти бўлди.

Беллашувнинг иккинчи бўлимида майдонда можаро юз берди. “Милсами” ўйинчиси Игорь Ламбарский “Шериф” легионери Эмонд Аддонинг оёғига атайин тепди. Орқадан берилган зарбага чидай олмаган африкалик футболчи рақибининг юзига мушт туширди.

Шундан сўнг, жанжалга бошқа ўйинчилар ҳам қўшилиб кетди. Тирасполликлар бош мураббийи Юрий Вернидуб шогирдларини ажратиш учун майдонга чиқишга мажбур бўлди. Учрашув ҳаками

Рақибини урган Аддога қизил карточка кўрсатди. Ламбарский эса сариқ билан жазоланди. “Шериф” футболчилар ҳакамнинг қарори адолатсиз бўлганини иддао қилмоқда. Уларнинг фикрича, жанжал сабабчиси бўлган мезбонлар ўйинчисига ҳам қизил карточка кўрсатилиши  керак эди.

“Шериф”даги ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев жароҳати туфайли ўйинда иштирок этмади.  

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Бухорий Шариф
03/10/2021 20:36
Ширифга омад. Жасур олға бос

Минбар

Барча блоглар