Шуҳрат Тошпўлатов:

Cоcа-Cоlа Суперлигаси 24-туридан ўрин олган “Насаф” – “Қўқон” (3:1) учрашувидан сўнг жамоамиз катта мураббийи Шуҳрат Тошпўлатов беллашув ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Бугун яхши, шакилланган жамоага қарши ўйнадик. Ўзингизга маълум, “Қўқон-1912” жамоаси ўз уйида ҳам, меҳмонда ҳам яхши ўйнайдиган жамоа. Уларнинг қарши ҳужумлардаги ҳаракатини ҳамда стандарт вазиятларда қандай ўйин кўрсатишини билар эдик. Бош мураббийимиз берган кўрсатмаларни имкон қадар йигитларга етказишга ҳаракат қилдик ва якунда уч очкони нақд қилиб қўйдик. Йигитларга бугунги меҳнатлари учун раҳмат айтиб қоламан. Келаётган икки турда ҳам максимал даражада ҳаракат қилиб, иккинчи ўрин учун курашамиз”.

-  “Сурхон” жамоасига қарши кечган ўйинда йигитларга нимадир таъсир қилди ва ғалабани қўлдан чиқаришди. Бу ҳақида нима дея оласиз?

- 2:0 ҳисобида олдинда бораётган вақтимизда футболчилар ҳотиржамликка берилишди ва бир-иккита вазиятларда диққатларини йўқотишди. Бу бизга қимматга тушди.  Ҳаёт давом этади. Мана, бугун ғалаба қозониб, керакли очколарни қўлга киритдик. Энди Жиззахдаги беллашувга жиддий тайёргарлик кўришни бошлаймиз.

- Жиззахдаги баҳс қандай бўлади деб ўйлайсиз? Шу ўйин медаллар тақдирини ҳал қиладими?

- Олдимзида яна иккита муҳим учрашувлар кутиб турибди. Биз учун ҳар бир очко олтинга тенг. Жиззах жамоаси билан жорий мавсумда икки марта ўйнаб, ҳар иккисида ҳам ғалаба қозондик. Навбатдаги баҳсда ҳам ижобий натижага эришишга ҳаракат қиламиз.

- Дониёр Нарзуллаев жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Унинг аҳволи қандай?

- Ҳозир бу ҳақида ҳеч нарса айта олмайман. Шифокорларимиз унинг ҳолатини ўрганиб, бу ҳақида маълумот беришади.

- “Сурхон” билан бўлиб ўтган ўйиндан сўнг жамоа ҳам руҳан, ҳам жисомонан қандай тайёргарлик кўрди?

- Бугунги ўйинга биз асосан руҳий тайёргарликка эътибор қаратгандик. Жисмоний тайёргарликни оладиган бўлсак, биз ҳар тўрт кунда ўйнаябмиз.

- Ҳусайн Норчаев бугун ҳам гол урди. Тўпурарлар баҳси ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳусайн ҳали ёш ўйинчи. Агар ўз устида ишласа, келажаги порлоқ ҳужумчига айланади. Миллий терма жамоадаги дебют ўйинида ҳам гол уришга эришган эди. Унга омад тилаб қоламан.

- Марко Станоевичнинг бу мавсумдаги ўйинида ўтган мавсумга қараганда пасайиш юзага келгандек туюлмоқда. Бу ҳақида нима дея оласиз?

- Ундай демаган бўлардим. Чунки охирги икки ўйин тўртта голли узатмани амалга оширди. Шунинг ўзи унинг профессионал футболчи эканини исботлайди.

“Насаф” матбуот хизмати.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)