SPORTS.uz Белград-2021: Афсуски, Миразизбек Мирзахалилов америкалик боксчидан енгилди

Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича эркаклар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Бугун уч нафар ҳамюртимиз рингга кўтарилади. Дастлаб Миразизбек Мирзахалилов (-57 кг) АҚШ вакили Жамал Херлейга қарши жанг ўтказади. Жанг Тошкент вақти билан 16:13да бошланади.

Боксчилар рингга чиқиб келди. Ўзбекистонлик Миразизбек кўк формада ҳаракат қилади. АҚШ вакили эса қизил либосда жанг ўтказади.

Биринчи раунд бошланди.

Ҳамюртимиз анча ишонч билан ҳаракат қилди. Рақибдан қўрқмай, олдинга борди. Ўнг қўлда кетма-кет зарбалар берди. Лекин америкалик рақиби уни яхшилаб ўргангани кўринди. Унинг ҳаракатларига тайёр эканлигини кўрдик.

Миразизбек чап қўлда ҳам зарба берди. Бироқ Жамал ҳам қарши зарбалар билан кутиб олди.

Биринчи раунд якунланди.

Иккинчи раунд бошланди.

Жамал Херли яхши ҳимояланмоқда. Вакилимиз эса доим уни таъқиб қиляпти. Чап ва ўнг қўлда алдамчи зарбалар йўллаяпти. Бироқ Жамал унинг бу уринишларига тайёр экан. Миразизбек ўнг қўлдаги кучли зарбасини бера олмаяпти.

Иккинчи раунд якунланди.

Учинчи раунд бошланди.

Ҳал қилувчи раундда вакилимиз очколарни ишлашга ҳаракат қилмоқда. Чунки дастлабки раундда унинг рақиби кичик устунликка эришганди. Иккинчи раунд эса бизнинг фойдамизга тугади. Ҳамюртимиз анча фаол. 

Шу паллада жанг якунланди. Ҳакамларнинг қарорини кутамиз.

Афсуски, Миразизбек Мирзахалилов америкалик боксчидан енгилди. Ҳакамлар АҚШ вакилини ғолиб, деб топди. Миразизбек ҳам жаҳон чемпионати билан хайрлашди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар