Суперлигада барча мураббийлар ўз жойидами ёхуд кимнинг "бозори" чаққон?

Янги мавсум бошлангунига қадар Суперлига иштирокчилари қизғин селекция ишлари билан машғул бўлишади. Айниқса, бош мураббийларнинг режалари ҳамда хоҳишларига қараб бу борада кимнинг қандай фаоллик кўрсатаётганини билиш мумкин бўлади.

Футболчиларнинг келди-кетдиларидан ташқари мураббийлар борасида ҳам ўзига хос “бозор” юзага келиши мумкин. Шуни инобатга олсак, мураббийлар ҳақидаги янгиликлар ҳам эътиборни ўзига жалб қилиши шубҳасиз. Янги мавсумда Суперлига клубларини бошқарадиган мутахассисларни биласиз-а? Айтиш мумкинки, бу масалада ҳам юз бераётган ўзгаришлар йўқ эмас.

Ҳаммасини Питер Хюистрадан бошласак мақсадга мувофиқ бўлса керак. “Пахтакор” билан чемпионликка эришган нидерландиялик мутахассиснинг “Шерлар” билан тузган шартномаси тугади. Яқинда клуб спорт директори Жаъфар Ирисметов Sports.uz сайтига берган интервьюсида бош мураббий масаласига ҳам тўхталиб, раҳбарият Питерга ишонаётганини, катта эҳтимол билан 2022 йилги мавсумда ҳам Хюистра “Пахтакор”га устозлик қилиши ҳақида айтди. Унинг ушбу сўзлари орқали бош мураббий масаласига нуқта қўйгандек бўлди. Суперлиганинг энг яхши мураббийига айланган мутахассиснинг ўзида ҳам яна “Пахтакор”даги фаолиятини давом эттириш истаги бор.

питер2_3

Бир неча кун муқаддам Ўзбекистоннинг 2021 йилдаги энг яхши мураббийи Рўзиқул Бердиев билан сайтимиз учун суҳбат уюштиргандик. “Насаф” билан шартномаси якунига етган мутахассис ўз интервьюсида жиддий таклифлар олганини яширмади. Аслида биз ҳам буни кутгандик. Лекин Рўзиқул Саъдуллаевич “Насаф”га содиқлигини кўрсатишда давом этяпти. Чунки мураббий жорий чемпионатда ҳам “Аждарлар”ни бошқаришда давом этишини таъкидлади. Ҳозирча раҳбарият билан оғзаки келишиб олган, шартнома бўйича расмиятчилик ҳам тез орада ҳал этилади.

бердиев4_2

Йил якунларига бағишлаб ўтказилган тақдирлаш маросимида энг яхши уч нафар мураббийлар орасида Рўзиқул Бердиев ва Питер Хюистрадан ташқари Улуғбек Бақоев ҳам жой олганидан хабардорсиз. У якунда йилнинг рамзий терма жамоасининг устози сифатида эътироф этилди. Ахир “Сўғдиёна” билан чемпионатни 2-ўринда якунлади! Бақоев мураббий сифатида ҳам илк совринига сазовор бўлди. Ростини айтганда, охирги пайтларда Улуғбек Бақоев мураббий сифатида янги қирраларини намойиш этаётгани сабабли унга “совчи”лар кўпайиб қолди. “Сўғдиёна”да кўрсатаётган натижаларидан кейин шубҳасиз унга таклифлар ортди. Масалан, уни Қозоғистонда кутаётганлар ҳам бор. Охирги эшитганларимизга кўра, “Сўғдиёна”ни бошқарган устозга “Бунёдкор” томонидан қизиқиш мавжуд экан. Лекин бу хабар қанчалик жиддийлигини ҳали билмаймиз. Рости, бизга ҳам Бақоевнинг янги мавсумни қайси клуб бош мураббийи сифатида бошлаши қизиқ. Ҳозирда “Сўғдиёна” ҳам ўз мураббийини осонликча қўйиб юборгиси келмаяпти. Бунинг воқеалар ривожи қандай тус олишини кузатяпмиз.

Мавсум тугашига бир тур қолганида клубини тарк этган мураббий – Микаэль Секейра эди-а? “Локомотив”нинг янги бош мураббийи ким бўлишига чиндан ҳам қизиқиш катта бўлди. Ким келаркин, деган саволни мухлислар қизғин муҳокама қилдилар. “Локо” раҳбарияти эса мураббийлар штабида ишлаётган Денис Коростиченкога ишонч билдирди. Клуб бош директор ўринбосари Тўлабек Акрамов эса Sports.uz сайти мухбири билан суҳбатда янги мавсумда Коростиченкони “Янги Нагельсманн” бўлиши ҳақида гапирди.

Самвел Бабаян яна катта саҳнада! Кутилганидек, “Навбаҳор” бош мураббийи лавозимини олди. У аллақачон селекцияда фаоллигини кўрсатишни бошлади. Бир қатор янги ўйинчилар билан келишувга эришиб бўлди. Аста-секин “Навбаҳор” сафига янги қўшилган футболчилар ҳақидаги янгиликларни эшитишни бошлаяпмиз. Бабаяннинг “Навбаҳор” устози сифатида ишга киришгани туфайли “Мавсум-2022”да яхшигина интрига бўлишига ишонч катта.

бабаян1_2

Ҳозирда Суперлига клублари орасида “Сурхон”даги вазият бироз мавҳумдек кўриняпти. Боиси, клуб янги ҳомийга ўтиши муносабати билан унинг эгалари испаниялик мутахассисларни олиб келишни режалаштиришган. Лекин ҳали “Сурхон”нинг 2021 йилда ишлаган Баҳром Ҳайдаров бошчилигидаги мураббийлар штаби ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишгани йўқ. Кеча термизликларнинг амалдаги устози билан боғланганимизда ҳали ҳеч нима маълум эмаслигини, яқин кунлар ичида барчасига ойдинлик киритилишини қўшимча қилди.

Дарвоқе, “Қизилқум” атрофидаги гап-сўзлар ҳам эътиборимизни тортяпти. Бош мураббий Ҳамиджон Актамов раҳбарлик лавозимига ўтиши ҳамда унинг ўрнига маҳаллий ёки испаниялик мутахассис ишлаши ҳақида маълумотлар йўқ эмас. Вазиятга ойдинлик киритиш учун Актамов билан гаплашганимизда барчаси ёлғон гаплигини, ўзи бош мураббий сифатида ишлаётганини маълум қилди.

Ҳозирча қолган клубларда мураббийлар ўз жойида. Дарвоқе, про лигадан Суперлигага қўшилган клубларга келсак, Самарқанднинг “Динамо”си Ҳаким Фузайлов билан шартномани узайтиришни истамади. Сайтимиз орқали яқинда хабар берганимиздек, унинг ўрнига сербиялик Предраг Роганнинг келиши катта эҳтимол. Демак, Суперлигада янги хорижлик мутахассисни кўрамиз. Шунингдек, Тимур Кападзе “Олимпик” устози сифатида дебютант жамоада Суперлигадаги иштирокини бошлайди. Бу ёқда эса Илҳом Мўминжонов “Нефтчи” билан яна янги марраларни забт этиш ҳаракатида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!