Суперлигада бир клуб бор: у ерда номдор ўйинчилар ҳам, катта пул ҳам йўқ, аммо жамоа кучли...

Суперлигада навбатда тур ўйинлари яқинлашяпти. Жумладан, 19 сентябрь куни 19-турнинг дастлабки иккита ўйини ўтказилади.

“Андижон” ўз уйида “Пахтакор”ни қабул қилса, Бекободда “Металлург” – “Қўқон-1912” учрашуви ўтказилади. 21 сентябрда тур ўйинларига якун ясалади.

Хуллас, олтита ўйин уч кунда ўтиши режалаштирилган. Шунингдек, “Сурхон” – “Насаф” беллашуви бошқа муддатга қолдирилган. Тажрибали мутахассислардан бири Ислом Аҳмедов олтита жуфтлик ҳақида ўз қарашларини билдирди.

19 сентябрь (якшанба)

“Андижон” – “Пахтакор”

- Бу ўйинда “Пахтакор” ютади. Фоиз бўйича имкониятларими? 20 га 80. “Андижон” жамоасининг ўйинларини кўрдим. Биласизми, футболчилар ҳаракат қиляпти, аммо улар мураббийни тушунмаяпти. Мураббийнинг талабларини билмаяпти. Хуллас, шунақа, уларга қийин бўлади. Бунинг устига “Андижон” билан “Пахтакор” ўртасида ҳар томонлама катта фарқ бор. Бу ўйинда энг камида иккита тўп фарқи билан “Пахтакор” ғалаба қозонади, деб ўйлайман.

андижон4444_1

“Металлург” “Қўқон-1912”

- “Металлург” жамоасининг ғалабага бўлган имконияти 60 фоиз. Биласиз, бекободликлар кетма-кет еттита учрашувда ғалаба қозона олмади. Ниҳоят, “Андижон” майдонида узоқ кутилган ғалабасига эришди ва ўзига келяпти. Биласизми-йўқми, “Металлург” ўз вақтида бутун жамоа билан вакцина олган. Кейин иккинчи вакцинани ҳам олди. Шундан кейин футболчиларни ўзига келишига бироз вақт керак. “Металлург” мана шундай вазиятга тушиб чиқди. Тушунаман, биринчи навбатда соғлик муҳим. Аммо чемпионат давом этаётганди. Барибир шу ҳам таъсир қилди. “Андижон” билан ўйинда кўрдим, охирги икки дақиқада ўйин тақдирини ҳал қилди. Демак, жамоа ўзига келяпти. Аслида улар ҳар учрашувда яхши ўйнаётганди, фақат нимадир етмаётганди. Кўряпмизки, жамоа яхши ўйнаяпти. Бу сафар эса ўз майдонида тўп суради.”Қўқон-1912”ни кучли томонлари кўп, гап бўлиши мумкин эмас. Лекин ҳар томонлама бу учрашувдаги ғалаба кўпроқ “Металлург”га керак. Руҳий фактор ҳам бор.

кукон_2

20 сентябрь (душанба)

“Қизилқум” АГМК

- Бу жуда қизиқарли ўйин бўлади. Нимага деганда, АГМК кучли рақиб, ҳар томонлама. Аммо “Қизилқум” ҳам бу мавсумда яхши таассурот қолдиряпти. Жамоа ўйинида барқарорлик бор, яхши футболчиларга эга. “Қизилқум” фойдасига кичик устунлик билан 55 га 45 деган бўлардим. Чунки улар ўз уйида ўйнаяпти.

“Турон” “Навбаҳор”

- Игорь Шквирин келганидан кейин “Турон” бошқа жамоага айланди. Менинг фикрим бўйича, Игорь Анатольевич Ўзбекистондаги энг кучли уч нафар мураббийлар орасига киради. “Турон”нинг ўйини қизиқарли кўриняпти, Шквирин бу ерда албатта натижа кўрсатади. “Навбаҳор”нинг “Пахтакор” билан қандай ўйнаганини кўрдик. Улар ҳам ўзига келяпти. Жамоаларнинг имконияти тенг. Аммо “Навбаҳор” ютиб кетиши ҳам мумкин.

навбахор4

21 сентябрь (сешанба)

“Машъал” “Сўғдиёна”

- Сизга битта нарсани айтайми? “Машъал”нинг ўйини менга ёқяпти. Аммо “Сўғдиёна” ҳар доим мавсум давомида битта савияда ўйнаяпти. Улар бу йил ҳали ёмон ўйин кўрсатишмади. Балки кимдир ёқтирар, кимдир ёқтирмас, аммо жиззахликлар бир темпда ҳаракат қиляпти. Кўряпсиз-ку, “Сўғдиёна” иккинчи ўринда. Ҳолбуки, у ерда номдор ўйинчилар йўқ, катта пул йўқ, аммо жамоа кучли. Шунинг учун “Сўғдиёна” ғалаба билан қайтиши мумкин.

“Бунёдкор” “Локомотив”

- 60 га 40 “Бунёдкор” фойдасига. Сабаби, “Бунёдкор” охирги 4-5 та учрашувда ажойиб ўйин кўрсатяпти. Замонавий, чиройли, комбинацион ва ишончли ўйин. Улар нафақат ютқазмаяпти, балки яхши ўйин кўрсатяпти. “Локомотив”га келсак, бу жамоа бир ўйинда барқарор ўйнаса, кейингисида йўқ. Бу – класс. “Бунёдкор” эса охирги турларда барқарорликка эришяпти. Ўйин услубини топди. Сифат бўйича ўсиш бор.

бунёдкор2

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)