Юртимизда кўзга кўринган кўплаб футбол кишиларини биламиз. Уларнинг орасида Аброр Пирриев ҳам бор. Ушбу шифокор ўз ишининг устаси сифатида доим яхши таасурот қолдириб келади.

Футболда тиббиётнинг ўрни бениҳоя катта эканлигини барчамиз биламиз. Шунинг учун ҳам футбол шифокорларининг қадри баланд. Улар доим ўйинчиларнинг соғлиги ҳақида қайғурадилар.

Аброр Пирриевни нафақат етук шифокор, балки серқирра инсон сифатида танилган. У узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон миллий терма жамоасида бош шифокор бўлиб ишлаб келди. Аммо бош мураббийликка Сречко Катанец келгач, негадир Пирриев у ерда кўринмай қолди. Айнан шу сабабли туфайли у билан суҳбатлашишни лозим топдик. Ўз ўрнида “Локомотив” шифокори Sports.uz мухбирининг таклифини рад этмади.

- Аброр ака, сизни анча йиллардан бери биламиз, аниқроғи "Машъал"да фаолият олиб борган пайтларингиздан. Адашмасам, ўша вақтларда сиз ўз касбингиз бўйича Украинада ҳам ўқиб келгандингиз. Шифокорликка ёшликдан қизиққанмисиз, бунга нима туртки берган? Умуман олганда, ўзингизни футболчи сифатида ҳам сира тасаввур қилганмисиз?!

- Тақдир-ки, аввалбошидан фаолиятим фақат спорт тиббиёти соҳаси билан боғланиб келмоқда. Тўғри, Украинада “УЕФА” лицензиясини олиш учун узоқроқ ўқидим, аммо шу қаторда Яратганнинг инояти ила яхши инсонлар кўмагида Қатар, Германия, Россия, Гонконг, Таиланд, Ҳиндистон, Малайзия каби ўнга яқин мамлакатда айнан футбол тиббиёти бўйича малакани оширдим. Худога шукр, мана қарийб ўн етти йилдир-ки, шу соҳада хизмат қилиб келмоқдаман.

Ёшликдан кўп соҳаларга қизиққанман, шу жумладан шифокорликка ҳам. Физика-математикага ихтисослашган лицейнинг сўнгги синфларида дипломатия ёки халқаро журналистика соҳасини мўлжал олганман. Чунки тарих, сиёсат, математика, адабиёт, фалакиётни яхши кўрардим. Шу билан бирга ёшликда жуда кўп саргузашт китоблар ўқишни ёқтирардим ва дунё бўйлаб саёҳат қилиш энг катта орзум эди. Орзуларим рўёби падари бузрукворимнинг дуоси билан ота касби – шифокорликда мужассам эканлигини кўнглимга туккан Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Спорт борасида эса ёшликдан баскетбол, теннис ва шахматга қизиқардим. Барча болалар қатори кўчада копток тепиб юрардим, аммо ўзимни футболчи сифатида ҳеч тасаввур қилмаганман.

аброр4

- Шу билан бирга сиз узоқ вақт миллий терма жамоамиз бош шифокори сифатида ҳам ишлаб келдингиз. Бироқ Катанец келгач, ўрнингизда бошқа шифокор ишлаётганини кўрдик. Аслида нималар рўй берди?

- Ҳеч нима рўй бергани йўқ, шунчаки чақиришмади холос (кулади). Билишимча, Катанец келиши тайин бўлиб, унга маҳаллий мураббийлардан кўмакчи қилиб Равшан Ҳайдаров белгилангач, у ўзи билан U-23 жамоасида бирга ишлаган тиббий штабини олиб келишга қарор қилган. Бошқалар маъқуллашган. Катанец мен ёки ҳозирги шифокор ҳақида қаердан билсин? Куперга ўхшаб қизиққани номзодлар билан суҳбат қуради, кимгадир эса кўрсатишгани ҳам бўлаверади. Бу уларнинг танлови: ҳурмат қиламиз ва омад тилаймиз. Имкониятдан фойдаланиб, термадаги фаолиятим мобайнида менга ишонч билдирган ва қўллаб-қувватлаган барча-барчага ташаккуримни айтиб қолмоқчи эдим.

- Бунгача терма жамоада шароит қандай эди? Масалан, витаминизация, тиббий муолажалар учун сизларга барча имконият ва шароитлар муҳайё қилинардими? Ёки сиз айтадиган жиддий камчилик борми?

- Терма жамоада футбол тиббиёти Купергача абгор аҳволда эди. Купер келиши билан витаминизация, тиббий даволаш анжомлари, профилактик боғлов материаллари, хуллас барчаси янги ва замонавий поғонага кўтарилди. Илгари ҳам етарли имконият бўлган, аммо ҳар қанча сўраманг, бунга эътибор қаратилмаган. Купер эса шифокорни жамоада ўзидан кейинги шахс, тиббий штаб фаолиятини эса бевосита натижага таъсир қилувчи омил сифатида кўрарди. Шунга яраша мутасаддилардан тиббий штаб учун зарур барча шароитни муҳайё қилишларини талаб қиларди ва назорат қиларди; аммо ҳеч қачон ишимизга аралашмасди. У ҳақиқий профессионал эди ва бошқалардан ҳам шуни талаб қиларди. Купердан кейин ҳам тиббий таъминот ўша даражада анчагача ушлаб қолинди. Ҳозир билмадим, чунки жараённинг ичида эмасман.

аброр1

- Терма жамоадаги фаолиятингиз давомидаги иш жараёнида қайси мураббий билан ишлаш сиз учун оғир кечган? Масалан, инжиқлиги, қайсарлиги ваҳоказо...

- Барчаси билан яхши ишлаганмиз. Чунки, биринчидан, ўз севимли ишим билан шуғулланганман, қолаверса, барча мураббийга ўз ишингизни қойилмақом қилиб қўйсангиз бўлди.

- Аброр ака, бугунги кундаги ўзбек спортининг тиббиёти қай даражада? Масалан, чемпионатимиздаги шифокорлар ўз вазифаларини қанчалик адо этяптилар? Шундай хабарларни эшитаманки, бошқа клубларнинг футболчилари даволаниш учун сизга мурожаат қилишаркан....

- Спорт тиббиётидаги асосий муаммо кадрлар – мутахассис муаммосидир. Афсуски, ҳали ҳам спортчи организмига оддий инсонларникидек қарайдиган, ҳар бир спорт туридаги спортчи организмида кечадиган жараёнлардаги ўзига хос жиҳатларнинг моҳиятини тушунмай фаолият юритаётган шифокорлар анчагина. Чемпионатимиз мисолида эса, футболдаги шифокорларимиз баҳоли қудрат меҳнат қилиб келмоқда. Бу масалада шуни айтиш керак-ки, улар фаолияти учун кўпроқ зарур шароитларни яратиб, ўз устида ишлашлари учун имконият бериш керак. Қолаверса, клуб ва футбол мутасаддилари уларга етарли эътибор қаратишлари керак. Оддийгина мисол: юртимизда пандемия давом этмоқда. Шу даврда клуб шифокорлари жамоа соғлиги учун озмунча тер тўкишдими!? Аммо футболимиздаги йил яхшилари орасида бирорта шифокорни кўрмайсиз. Мураббий, футболчи, ҳакам, мухлис (мухлиссиз ўтган чемпионатда ҳам), фақат шифокор йўқ. Гўё бизнинг футбол тиббиётдан ҳоли. Фақат легионер мураббийлар ишлаганда бу эътибор сезилади холос.

Иккинчи масала. Тўғри, менга бошқа клублардан ҳам футболчилар мурожаат қилишади. Аммо бу ўша жамоа шифокори учун ҳақорат эмас. Жиддий жароҳатларда маслаҳат ортиқчалик қилмайди. Зарур ҳолларда ўзим ҳам маслаҳатлашаман. Қолаверса, футболчилар гоҳида ўз шифокорига билдирмай, қўшимча мутахассислар маслаҳатини ҳам олишга ҳаракат қилишади. Аммо муаммо бошқа томонда – мутахассис. Ёмон томони ёш шифокорларни шу ишга жалб қила олмаяпмиз.

аброр5

Мен сизга бир нарсани айтаман. Жуда кўп жамоа мутасаддилари менга яхши спорт шифокори топиб бериш масаласида мурожаат қилишади. Бир неча ёшларни футбол тиббиёти соҳасида тарбияламоқчи бўлдим, кўмаклашаман дедим, ишлашни таклиф қилдим. Муаммо шунда-ки, ҳозирги ёшлар келатуриб маблағ сўрайди. Ўрганиш, илм излаш эмас, асосийси пул ва ҳеч бири Тошкентдан нари чиқишни истамайди. Бунақа бўлмайди, ахир. Ўзимиз ҳам аввалига 5 йил воҳада ишлаб келганмиз.

Бироз олдинга ўтиб сизга бир нарсани айтмоқчиман. Ҳозир яна шу ишга қайта қўл урмоқчиман. Фақат бошқача кўринишда. Яқинда телеграмм саҳифам орқали эълон қилиб, конкурс асосида иқтидорли ёш шифокорларни танлаб, уларга назарий билим ва амалий кўникмалар бериб, сўнгра вилоятларимиздаги турли жамоаларига ойлик олиб ишлаш асносида малака оширтириб, яхши кадрлар тайёрлашни ният қилиб қўйганман. Буни пухта ўйлаб, амалга ошириб, шогирд тайёрлаб, бироз бўлса ҳам футбол тиббиётидаги кадрлар етишмовчилиги муаммосини ечишда кўмаклашиш мақсадим бор.

- Сиз телеграм тармоғида шахсий каналингизга эгасиз ва у ерда терма жамоа ҳамда клуб ҳаётига доир қизиқарли воқеаларни, шу билан бирга соҳангизга оид керакли маслаҳатларни ҳам ёзасиз. Бундай ишга қўл уришингизга ким ёки нима туртки бўлган?

- Кўпчилик маслаҳат сўраб, менга турли саволлар билан мурожаат қилишади. Жуда кўп саволлар такрорланади ва бир хил жавобни кўп бора айтишимга тўғри келади ва вақт йўқотаман. Шу сабабли, барча мавзулардаги маслаҳатларни кетма-кет бериб боришни, бу орқали фойдам тегиши мумкинлигини ўйлаб, уларни мужассамлаштиришни ният қилгандим. Бу ниятим Даврон Файзиев маслаҳати ва кўмагида, телеграм саҳифа очиш билан амалга ошди.

аброр

- Шунингдек, Микаэль Секейра билан боғлиқ қизиқарли воқеалар ҳам кўпчиликни қизиқтиряпти. Уни яқиндан биласиз ва яхши танийсиз. У қандай инсон?

- Ажойиб инсон! Ўз ишининг профессионали. Ишига қунт ва меҳр ила ёндашади ҳамда атрофидагилардан ҳам шуни талаб қиладиган мутахассис. Футбол ташқарисида ҳам ажойиб дўст ва дилкаш суҳбатдош. Бундай мутахассислар ҳар қандай клуб учун ноёб топилма! У бутун жамоага кўп нарсада ўрнак бўла олди ва анча нарсани ўргатди деб ўйлайман. Шундай мураббий билан бирга ишлаётганимдан хурсандман.

Мавриди келган айтай. Терма жамоа йиғинларига жалб қилинмаётганимдан энг мамнун одам Секейра. (кулади). У бот-бот менга: Доктор, кўнглингизга олманг-у, термага чақирилмаётганингиздан ич-ичимдан хурсандман. Сиз бўлмасангиз жамоа нимасинидир йўқотгандай, штабимнинг ярми йўқдай туюлаверарди. Худога шукр, энди доим ёнимиздасиз. – деб қўяди хурсанд жилмайиб.

- Ишингиз юзасидан ҳаётингиздаги энг қизиқ воқеани айтиб бера оласизми?

- Уч-тўрт йил аввал “Насаф” билан ўйнаш учун Қаршига кетаётиб тиббий жомадонимни унутиб қолдирганман. Поездда Самарқандга етганда, нимадир керак бўлиб билиб қолганман. Яхши, манзилга боришга қадар ҳамкасбларим менга анжомлари билан сумка тайёрлаб қўйишганди.

аброр2

- Дарвоқе, сиз китоб ҳам нашрдан чиқардингиз. Буни эффекти қандай кўриниш берди? Бунга қўл уришга нима сабаб бўлганди?

- Биласиз, жуда кўп мамалакатларда сафарда бўламиз. Саёҳат ва тарихга қизиққаним учун борар манзилимиздаги эътиборга лойиқ жойларга, жамоа кун тартибини бузмаган ҳолда албатта, имкон қадар боришга ҳаракат қиламан. Мен уларни бошқача назар, эътибор ва қизиқиш билан кузатаман ва бундан олам-олам завқ-шавқ, таассурот оламан. Бунинг устига жамоада ҳам жуда кўп қизиқарли воқеа-ҳодисалар рўй бериб туради. Шуларни мухлисларга, китоб ихлосмандларига етказиш ниятим бор эди. Пандемия даврида ортиқча вақт пайдо бўлди ва бундан фойдаланиб китоб ёзишни бошладим. Иккитаси чоп этилди, биттаси нашрга тайёр ва яна бири ишлов жараёнида. Китобим энди чиққанда жуда кўпчилик келиб ўзимдан олиб кетишган. Китоб дўконларига ҳам тарқатганман, аммо бундан манфаат кўриш ниятим бўлмаган, шунинг учун қайси вилоятга жамоа таркибида бормай, китобларимни мухлис ва мутолаа ихлосмандларига текин тақатишга ҳаракат қиламан.

- Сизга сира хориж клубларидан ҳам таклифлар бўлганми?

- Ҳа бўлган. Кувайт ва Иордания жамоаларидан. Тўғрироғи, чет элдаги ўқишларда қадрдон бўлиб қолган ҳамкасбларим ўз ёнига ёки ўрнига тавсия қилишган. ОФК ташкилоти мусобақаларда тиббий комиссарлик бўйича кўп бора таклиф қилган. Ҳам клуб, ҳам термадаги тиғиз фаолиятим сабаб рад этганман. Балки, энди бунинг мавриди келгандир. Вақт кўрсатади...

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар