Тошкентда “Спорт ҳамма учун” лойиҳаси доирасида Конференция ўтказилди

Хабарингиз бор, Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Абдулла Муршед Рашид бошчилигидаги делегация юртимизда меҳмон бўлиб турибди.

Бугун куннинг иккинчи ярмида пойтахтимиздаги “HILTON” меҳмонхонасида “Спорт ҳамма учун” лойиҳаси доирасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни паралимпия спорт турлари билан кенг қамраб олиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамиятга интеграция қилиш мавзусида конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

"Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Осиё Паралимпия қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари, Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия университети раҳбарияти, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов тадбирни очиб берар экан, конференцияда иштирок этаётган юқори мартабали меҳмон – Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Абдулла Муршед Рашидни юртимизга ташрифи билан қутлаб, мамлакатимизда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, паралимпия спорт турлари оммавийлигини таъминлаш, бу масалага давлат ва ҳукумат даражасида аҳамият қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.

“Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилган “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимизда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишларини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда паралимпия ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги яна бир ғамхўрлик бўлди.

Республикамизда бугунги кунда паралимпия дастурига киритилган 8та спорт тури жадал ривожланмоқда. Яна 10та спорт турини ривожлантиришга киришилди. Яқин келажакда эса спортсеварларимизга яна 4та пара спорт тури билан мунтазам шуғулланиш имконияти яратилади”, - деди тадбирда Туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 майдаги “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида “Спорт ҳамма учун” лойиҳаси доирасида бир йилда бир марта Параспорт халқаро фестивали, ҳар йили 3 декабрь куни Тошкент шаҳри ва республикамиз ҳудудларида параспорт фестиваллари ўтказилиши, уларда таниқли спортчилар томонидан мастер-класс, шунингдек, семинар, конференция ва давра суҳбатлари ўтказилиши белгилаб қўйилган. Бугунги Конференция ҳам ана шу Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Ўз навбатида, конференцияда сўзга чиққан Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Абдулла Муршед Рашид юртимизда паралимпия ҳаракатига ҳукумат даражасида берилаётган эътибордан мамнун эканлигини билдириб, яқин келажакда Ўзбекистон Осиё минтақасида паралимпия спорт турлари энг ривожланган давлатлардан бирига айланиши, қолаверса Токио-2020 Паралимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон спортчиларидан ёрқин ғалабалар кутаётганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, конференцияда Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Мўминжонов, Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор Маҳмуд Болтабоев, Осиё Паралимпия қўмитаси ижрочи директори Тарек Соуэ жаноблари ҳам ўз маърузалари билан чиқиш қилишди.

Конференция якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар амалиётга жадал татбиқ этилишига келишиб олинди",-дейилади ташкилот хабарида.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар