"Узоқроқ қолганимизда натижалар янада яхшиланарди" - "Бунёдкор"нинг 37 ёшли собиқ легионери ёдингиздами?

“Бунёдкор” клубида кўплаб легионерлар ўйнаб кетди-а! Уларнинг орасида энг машҳури бу шубҳасиз бразилиялик Ривалдо эди. Шу вақт мобайнида дунёнинг турли мамлакатларидан келиб “Бунёдкор” учун ўйнаб кетдилар. Уларнинг орасида ёдда қолганлари ва унутилиб кетганлари ҳам бор-да.

Агар мухлисларнинг ёдида бўлса, “Бунёдкор” шарафини ҳимоя қилган хорижлик футболчилар орасида Самир Бекрич ҳам бор эди. Босниялик ушбу легионер “Қалдирғочлар” таркибида 2014 ва 2015 йилги мавсумлар давомида тўп сурган. Ярим ҳимоячи ҳаммаси бўлиб, “Бунёдкор”да 24 та учрашувда майдонга тушган ва бир бор гол муаллифи бўлганди.

20 октябрь куни 37 ёшни қаршилайдиган Бекрич ҳали ҳам майдонда жавлон уриб тўп тепиб юрганига ишонасизми? Бу ҳақиқат. Ҳозирги пайтда Самир Босния ва Герцеговина чемпионатининг етакчиларидан бири “Железничар” жамоасида ўйнаяпти. У фаолиятида энг кўп айнан ушбу клубда тўп сурган. Шу боис катта эҳтимол билан бутсаларини “Железничар”да михга илса керак.

бекрич

Умуман олганда, Бекрич сифатли футболчи эди. У шу пайтгача юртимиздан ташқари Босния, Жанубий Корея, Қозоғистон ва Эрон чемпионатларида фаолият олиб борди. Самир учун “Бунёдкор”даги фаолияти алоҳида ўрин тутади. Футболчи Sports.uz учун бироз вақт ажратди.

- “Железничар” клубидаги фаолиятингиз қандай кечмоқда?

- Барчаси жойида. Биласизми, мен ҳозир ҳам ўзимни жуда фаол ҳис этиб бирор-бир чарчоқни сезмаяпман. Ҳозирча ҳаммаси шундай бўлар экан, ўйнашда давом этавераман.

бекрич6

- “Бунёдкор” клубида олиб борган фаолиятингиз ўзингизга ёққанми?

- Ҳа, “Бунёдкор”дек клуб шарафини ҳимоя қилиш имконига эга бўлганимдан фахрланиб юраман. Бизда ажойиб авлод вакилларидан иборат уюшқоқ жамоа бор эди. Афсуски, мана шундай клуб билан ҳам Чемпионлар лигасида яхши натижа қайд эта олмаганмиз. Агар биргаликда узоқроқ қолганимиздами, янада яхшироқ натижалар қайд эта олардик.

- Жамоанинг ўйинларини кузатяпсизми ёки...

- Албатта, “Бунёдкор” иштирокидаги ҳар бир ўйинни кўряпман.

бекрич1

- “Бунёдкор”даги энг яқин дўстингиз ким эди? Ҳозирда кимлар билан алоқани сақлаб қолгансиз?

- Бизда аъло даражадаги жамоа бор бўлиб, йигитларнинг ҳаммаси қойилмақом ўйинчилар ҳисобланишарди. Катта ёшдаги футболчилар ёшларни доим қўллаб-қувватлаб туришарди. Шунинг учун ҳам ёшлардан кейинчалик зўр футболчилар етишиб чиқди. Жумладан, Сардор Рашидов, Рустам Ашурматов, Достон Ҳамдамов, Отабек Шукуров, Акром Комилов, Элдор Шомуродов каби футболчиларни мисол сифатида келтиришим мумкин. Мен ҳаммаси билан алоқани сақлаб қолганман. Уларнинг муваффақиятларга эришишини сабрсизлик билан кутиб қоламан.

- Ўзбекистондаги фаолиятингизда сизни нима ажаблантирган?

- Одамлар мени қувонтириб юборишган. Улардан миннатдорман. Тошкент чиройли шаҳар экан. Ҳаммаси учун сизларга раҳмат.

бекрич2

- Босния ва Герцеговина билан Ўзбекистон чемпионатини таққослаганда қайси бири кучлироқ?

- Босния чемпионатини нисбатан кучлироқ деб ҳисоблайман. Агар Ўзбекистонда ҳам сифатли жамоалар етарли даражада бўлса, биринчилигингиз янада қизғин ўтиши тайин. Ҳозир Босниядаги шароит 10 йил олдингига нисбатан анча яхшиланган.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!