У Абдураимовга қарши тўп сурган, Қосимовни ёшлигидан билади ёхуд Самарқандни қўмсаётган Сёмин ўзбек футболи хусусида
Сайтимизни мунтазам кузатиб бораётган ўқувчилар яхши билишадики, россиялик машҳур мураббий Юрий Сёмин билан эксклюзив суҳбат уюштира олганимиз ҳақида хабар бергандик. Бу мураббий ортиқча таърифга муҳтож эмас, унинг қандай мутахассис эканини ҳамма билади.
Хўш, аслида Юрий Павлович билан алоқа ўртанишимиз қандай кечди? Аввало, шуни айтмоқчимизки, ҳар доим бизда хорижлик кўзга кўринган мутахассислар билан ўзбек футболига доир қизиқарли масалаларда суҳбат қуриш истаги кучли. Айнан ушбу истак ва иштиёқимиз туфайли қачондир Юрий Сёмин билан ҳам sports.uz учун эксклюзив тарзда интервью уюштиришни ният қилиб юрардик.
Натижада мутахассис билан алоқа ўрнатиш учун изландик. Ниятимиз холислиги учун Сёминни “топишга” эришдик. У билан илк бор ўтган йилнинг декабрь ойида алоқа ўрнатдик. Аммо Юрий Павлович билан суҳбат уюштириш осон кечгани йўқ. Аввалига мутахассисга ўзимизни таништириб, нимани истаётганимизни билдирганимизда у янги йилдан кейин гаплаша олиши ҳақида айтганди. Сўнгра вақт ўтишини кутдик, кейин яна ўша гапини эслатганча, суҳбатлашиш таклифимизни ўртага ташладик. Мураббий эса ҳозир Москвада эмаслигини, февраль ойининг бошларида қайтишини маълум қилди.
Яна бироз сабр қилишимизга тўғри келди ва ўша кун келгач, Юрий Павлович билан алоқага чиқиб, саволларимизни юборсак бўладими дея мурожаат қилганимизда у “жўнатинг” деган жавобни йўллади. Ўзимизни бир қатор қизиқтирган саволларни юборгач, энди ундан қачон жавоб келаркин, дея кутишни бошладик. Лекин орадан бир кун ўтгач, унинг ўзи алоқага чиқди. Тўғриси, Сёминнинг қўнғироғи биз учун ёқимли сюрприз бўлди. Ўзаро суҳбат давомида унинг анча камтар инсон эканлигига амин бўлдик.
“Футбол орқали нимани йўқотган бўлишим мумкин? Ҳеч нарсани!"
- Юрий Павлович, аввало, биз билан суҳбатлашишга, интервью беришга рози бўлганингиз учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Айни чоғда қандай ишлар билан машғулсиз?
- Биринчидан, ҳозирда менда бўш вақт жуда кўп. Шу боис, асосий вақтимни оиладаги юмушларни бажаришга ажратмоқдаман. Анчадан буён бу иш билан шуғулланмаганим учунми, оилада эркак киши бажариши керак бўлган юмушлар тўпланиб қолган экан. Шунингдек, бир қанча ташкилий ишлар билан ҳам машғулман. Айтишим керакки, мураббийлар бирлашмасида ҳам иш олиб боряпман. Бундай кезларда турли клубларда ишлаётган мураббийларга ўз маслаҳатларим билан ёрдамлашмоқдаман. Асосан иккинчи лигада ишлаётган мураббийлар ва бир қанча футболчилар билан мулоқотда бўлишимга тўғри келяпти. Уларга ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда керакли маслаҳатларни беришга интиляпман. Умуман олганда, спорт билан шуғулланишни ҳам канда қилмаяпман. Бир сўз билан айтганда, фаол турмуш тарзини кечиряпман.
- Бутун умрини футболга бахшида қилган инсон сифатида бу ўйин менга кўп нарсани берди, шунинг баробарида айрим нарсалардан маҳрум қилди, деб айта олишингиз мумкинми?
- Саволингизнинг моҳиятини тушундим. Эҳтимол, футбол ҳаётимнинг асосий мазмуни бўлгани учунми, шу касбни танлаганимдан заррача афсусланмайман. Футбол – бу касб менга муваффақият келтирди, деб баралла айта олишим мумкин. Негаки, айнан футбол туфайли ҳамма танийдиган инсон даражасига кўтарилдим. Кўплаб дўстлар ва мухлисларни орттирдим. Улар ҳар доим менга илиқ ва самимий муносабатда бўлиб келадилар. Бинобарин, айнан шундай ҳолат мен учун энг муҳим жиҳат саналса керак. Иккинчидан, футбол орқали айтишга, нокамтарликка йўймангу у орқали кўплаб муваффақиятларга эришдим. Саволингизнинг охирги қисмига келсак, футбол орқали нимани йўқотган бўлишим мумкин? Ҳеч нарсани! Балки мағлубиятлардан сўнг, ўз хатоларимдан ўксиниб бундан изтироб чеккан бўлишим мумкиндир. Аммо барибир футболда йўқотганларимдан кўра, топганларим жуда салмоқли эканлигини айтмоғим даркор. Шундай нақл бор: ҳеч қандай иш қилмаган кишигина хатога йўл қўймайди.
“Пахтакор”нинг ўша эски стадионини жуда яхши эслайман”
- Агар ўзбек футболи ҳақида гап кетадиган бўлса, хаёлингизга биринчи навбатда нима келади?
- Биринчидан, ўзбек футболи ҳақида гап кетар экан, Биродар Абдураимовнинг даври, унинг дўстлари кўз ўнгимда гавдаланади. Чунки биз яшил майдонда бир неча бор бир-биримизга тўқнаш келганмиз. Майдон ташқарисида ҳам кўп учрашганмиз, дилдан суҳбатлар қурганмиз. Мен “Пахтакор”нинг ўша эски стадионини жуда яхши эслайман. Ўйинлар чоғида стадион мухлислар билан лиқ тўлиб, бундай муҳитда тўп суриш гашти жуда бўлакча бўларди. 50 минг (ҳайратланганча) ишқибоз кўз ўнгида тўп суриш қандай бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг-а?! Мен учун бу мароқ билан эслашга арзигулик бўлган воқеалардир. Ўзбек мухлислари севимли жамоасини қойилмақом тарзда қўллаб-қувватлардилар. Тошкент, Самарқанд ва бутун Ўзбекистон бўйича тассуротларим жуда катта. Ўз вақтида биз тез-тез йиғин баҳонасида юртингизга ташриф буюрардик. Москванинг “Динамо” клуби бундай йиғинларни асосан “Динамо” Самарқандга тегишли бўлган база ва стадионда ташкил этганини катта стажга эга бўлган кекса авлод мухлислари яхши эсласалар керак. Бугун жон деб Ўзбекистонга келган ва юртингизнинг кўзга кўринган шаҳарларини томоша қилган бўлардим. Иложини топиб, албатта Ўзбекистонга, Самарқандга боришга ҳаракат қиламан.
- Агар сир бўлмаса, охирги марта қачон Ўзбекистонга келгансиз?
- Охирги марта юртингизга ташриф буюрганимдан бери анча вақт ўтди. Ҳозирча янги Ўзбекистонни кўришга муваффақ бўлганим йўқ. Эҳтимол, баҳорда бир қанча дўстларим билан Ўзбекистонга ташриф буюрарман. Қолаверса, Ўзбекистонда менинг кўплаб эски танишларим, дўстларим бор.
“Терма жамоангиз қитъа миқёсида катта ғалаба қозонишини истайман”
- Юрий Павлович, бугунги футбол, шу жумладан ўзбек футболининг даражасини қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Агар бевосита рус футболи ҳақида гапирадиган бўлсам, биз чет эл футболидан кўп жабҳаларда ортда қоляпмиз. Бундай ортда қолиш кўп жиҳатларда – клуб хўжалигини ташкил этиш ва юритиш, молиявий имконият даражасида яққол сезилмоқда. Шунинг учун бўлса керак, чемпионатимизда топ-мақомдаги футболчилар бармоқ билан санарли даражада. Биласиз, бундай мақомда бўлган футболчилар ўз клубларида ҳаммани ортларидан эргаштира олишади ва натижани таъминлашда асосий ролни ижро этиб берадилар. Бундай ижрочилар ҳар бир жамоага керак. Бахтга қарши биринчилигимизда шундай футболчилар сони унчалик кўп эмас. Шунинг учун бўлса керак, Ғарб футболидан ортда қоляпмиз. Қолаверса, ўзимизда ҳам халқаро савияда бўлган ўйинчилар кўпчиликни ташкил этмайди. Саволингизнинг иккинчи қисмига тўхталсам, ўзбек футболининг бугунги даражаси қандай эканлигини билмайман.
- Ҳарқалай, ўзбек футболчилари орасида кимларнидир яхши билсангиз керак?..
- (Кулганча) Сизларда Миржалол Қосимов ўз даврида жуда зўр футболчи бўлган. Бугунги кунда эса, у мураббий сифатида фаолият юритяпти. Мен уни ёшлик давридан бери жуда яхши эслайман. Унинг футболчи сифатида эришган муваффақиятларидан хабардорман. Юзага келган фурсатдан фойдаланган ҳолда Миржалолга энди мураббий ролидаги ишларида ҳам доим омад ёр бўлишини тилаб қоламан.
- Хаёлан бўлса ҳам тасаввур қилиб кўринг: сизга Ўзбекистон терма жамоасини бошқариш имконияти ҳавола қилинди. Қандай йўл тутган бўлардингиз?
- Шу мавзуда гап бошлангудек бўлса, ҳаммасини бафуржа ҳал қилиб олишимиз мумкин (кулиб қўяди).
- Умуман, Осиё футболи ҳақида нима деган бўлардингиз, жумладан миллий термамиз ҳақидаги фикрларингиз қандай?
- Осиё футболи ҳақида нима дейишим мумкин?.. Аввало, сизларнинг миллий терма жамоангизга омад кулиб боқишини тилаб қолган бўлардим. Жамоангизнинг қитъа миқёсида катта ғалаба қозонишини истайман. Аммо Осиё қитъасида кучли терма жамоалар етарлича топилгани учун буни амалга ошириш ўта мушкул бўлишини ҳам биламан. Яна шуни айтишим мумкинки, терма жамоангиздаги бир қанча футболчиларнинг чет элдаги чемпионатларда ўйнаётганларидан хабарим бор. Сизларда бир қанча футболчилар Россия биринчилигида тўп суришмоқда. Шунингдек, истиқболи анча порлоқ баҳоланаётган ўйинчингизнинг бугунги кунда топ-беш лигаларидан бири саналадиган Италия А сериясида муносиб равишда ўйнаётганидан хабарим бор. Дарҳақиқат, Элдор Шомуродов жаҳоннинг энг кучли чемпионатларидан бири бўлган А серияда жуда яхши ўйнаяпти. Унинг иштирокидаги бир қатор учрашувларни ТВ орқали томоша қилдим.
“Шомуродов бугунги кунда биринчи рақамли ўйинчингиз”
- Сизнинг охирги иш жойингиз ўзингиз учун жуда қадрдон саналадиган “Локомотив” клуби ҳисобланади. Жамоани тарк этганингиздан сўнг, хизматингизга турли клублардан таклифлар бўлдими?
- Айни чоғда бирор-бир клубни бошқармаётганим учун хизматимга фалон-фалон жамоалардан таклифлар бўлганди, дейишдан нима маъно чиқарди? Чунки фаол мураббийлик фаолиятидан чекинганман. Бирор-бир клубни бошқараётганим йўқ. Агар хизматимга ўзим учун қизиқарли бўлган таклифлар бўлса, уларни албатта кўриб чиқишга тайёрман.
- Биламизки, ўз вақтида Киев “Динамо”сини бошқаргансиз. Ўша жамоада эса бизнинг Максим Шацких етакчилардан бири саналган. Бироқ “Динамо”да ишлаган чоғингизда у негадир асосий таркибдаги ўрнини йўқотиб қўйганди. Ўшанда нима бўлганини тушунтириб бера оласизми?
- Аввало, шуни айтишим жоизки, Киев “Динамо”си ҳар доим жуда яхши ижрочиларга эга бўлиб келган клуб ҳисобланади. Дарҳақиқат, Шацкихни яхши эслайман. У Украинадаги фаолиятини қойилмақом даражада ўтказишга муваффақ бўлган. Бугунги кунда эса Максим “Ротор”нинг мураббийлар штабида яхши иш олиб бормоқда. Шуни айтишим керакки, клубни бошқаришга киришган кезларимда ҳам “Динамо”да бошланғич таркибдан жой олиш учун рақобат ўта юқори бўлган. Аввалига Шацких асосий таркибда ўйнашда давом этган, бироқ негадир кейинчалик бошқа рақобатчиларига ўрнини бўшатиб беришига тўғри келган. Адашмасам, ўша чоғларда Артём Милевский ва Андрей Шевченко (негадир Сёмин Шевченко борасида бироз янглишди. Чунки бу пайтга келиб Шевченко клубдан кетганди, изоҳ - муаллифники) бор эди. Умуман, бу масала ҳақида гапиришим қийин. Лекин Максим клубни мен бошқарган пайтларда ҳам майдонга тушарди. Тўғри, ҳамма ўйинларда иштирок этмагани рост.
- Келинг, яна бир бор тасаввур қилиб кўрамиз: сиз таниқли клублардан бирини бошқаряпсиз. Жамоангизда ўзбек футболчиларидан кимни кўришни истаган бўлардингиз?..
- (Кулади) Мен кўришни истаган футболчиларни аллақачон бошқалар илиб кетган-ку! Шомуродовни “Женоа” сотиб олди. Кейингиси ким, билмайман. Бу қандай клубни бошқаришимга боғлиқ. Мураббий сифатида қайси позицияларни кучайтириш керак бўлса, ўша позициялар учун албатта ўйинчиларни танлаб олган бўлардим. Айнан ўзбек футболчиларига келсак, юқорида Шомуродовни бежиз тилга олганим йўқ. Нега деганда, айнан у бугунги кунда биринчи рақамли ўйинчингиз бўлиб турибди. У Италия А сериясидаги ўта машҳур чемпионатда Ўзбекистон шаънини жуда муносиб тарзда ҳимоя қилиб келмоқда.
“Остон Ўруновнинг ўйинини кузатиш менга ёққан”
- Сиздан яна бир ва ўзбек мухлисларини жуда қизиқтираётган мавзулардан бири ҳақида сўрамоқчи эдим. Ўтган йили Москванинг “Локомотив” клуби ёш футболчимиз Жасур Жалолиддиновни сотиб олиб, у билан беш йиллик шартнома имзолаганди. Аммо яқинда “Темирйўлчилар” у билан битимни бекор қилишди. Бу хусусида нима деган бўлардингиз?
- Ҳа, бундан хабарим бор. Ўйинчингиз хусусида фикрим шундай: у атрофидагиларнинг гап-сўзларига қулоқ солмасдан, аввало, ўзи “Локомотив”дек клубда ўйнаб кета олиши мумкинлиги ҳақида обдон ўйлаб олиши мақсадга мувофиқ бўларди. Бироқ вакилингиз ёшлик қилиб ҳали бунга тайёрлигини билмаса ҳам жамоа билан битим имзолашга қарор қилди. Албатта, бу Жалолиддиновнинг атрофидаги кишиларнинг ташаббуси туфайли юз берганига шубҳам йўқ. Улар Жасурга тўғри қарор қабул қилиш имконини қолдирмаган кўринишади. Менимча, Жалолиддинов якуний тўхтамга келиш олдидан бу масалани мураббий билан юзма-юз учрашган ҳолда муҳокама қилиб олиши мақсадга мувофиқ бўларди. Шунингдек, ўйинчингиз ўзи тўп суриши мумкин бўлган янги жамоадаги вазиятни ўз кўзлари билан кўриши керак эди. Асосийси, футболчи бўлажак мураббийнинг режасига тўғри келиши, яъни – унга асқотиши мумкинлиги ёки мумкин эмаслигини билиб олса шу аҳволга тушмаган бўларди. Афтидан, унга “Локомотив”ни тавсия қилганлар шошилинч қарор қабул қилишига мажбур этган кўринишади. Менимча, бу ишни агентлар ёки футболчингиз атрофида бўлган бошқа кишилар фавқулодда жуда тез амалга оширишни маъқул кўрган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу боисдан ҳам Жасур Жалолиддиновнинг “Локомотив”га кўчиб ўтиши ўта омадсиз трансферга айланди. Ёш, боз устига келажаги порлоқ дея қаралаётган ўйинчи учун бир йилни шунчаки оворагарчиликлар билан ўтказиб юбориш жуда катта йўқотишдир. Мен футбол соҳасини яхши билганим учун нима деяётганимни тушунаман. Албатта, ҳар қандай ёш ўйинчининг бундай таклифдан боши айланиб қолиши турган гап. Вазият унинг зарарига ишлар экан, футболчи ўзидаги энг яхши хусусиятларни йўқотишга тушади. Ўйин амалиёти бўлмас экан, ижрочи бор маҳоратини ҳам йўқота бошлайди. Ўз навбатида, унда руҳий тушкунлик юзага келмасдан қолмайди. Шунинг учун ҳам ёшларга маслаҳатим, аввало бир тўхтамга келишдан олдин атрофингиздагиларнинг эмас, балки ўзингизнинг юрагингизга қулоқ солинг. Футболчи атрофидаги кишилар унга у ёки бу клубга кўчиб ўтсанг яхши бўлади, дея турли тавсияларни беришлари мумкин. Негаки, уларнинг ҳам ўз манфаатлари бор. Яъни, шундай инсонлар футболчи орқали аввало ўзларини ўйлашлари турган гап. Бир сўз билан айтганда, Жалолиддиновнинг шошма-шошарлик билан “Локомотив”га кўчиб ўтиши пировардида умуман ўзини оқламади. Балки унинг кўчиб ўтиши атрофидагилар учун омадли чиққан бўлиши мумкиндир. Лекин айнан Жасур учун бу катта йўқотиш бўлди, дея баралла фикр билдирса бўлаверади. Ҳаётда шунақа ишлар ҳам юз бериб туради. Жалолиддиновга маслаҳатим шуки, у ўзи тушиб қолган мураккаб ҳолатдан чиқиб кетишга интилиши керак. Бунинг учун ўйинчингизга ирода кучи ва қатъий характер зарур. Бахтга қарши у бир йилни шунчаки ўтказиб юборди.
- Элдор Шомуродов Россия премьер-лигаси орқали Италияга йўл олди. Остон Ўрунов унинг йўлини такрорлай олиши мумкинми?
- Ўруновга “Спартак”ка мослашиб олишни тилаган бўлардим. Агар у бу ишнинг уддасидан чиқадиган бўлса, Шомуродовнинг изидан бориши мумкин. Шахсан менга Остон Ўруновнинг майдондаги хатти-ҳаракатларини кузатиш ёққан. У Вадим Евсеев қўл остида “Уфа” клубида тўп сурган ҳолда барчада илиқ таассурот қолдира олишга эришган. Остон “Уфа”даги ўйинлари орқали “Спартак”дек номдор клубга кўчиб ўтди. Тўғри, бугунги кунда унинг бу жамоадаги ишлари юришиб кетгани йўқ. Аммо вакилингиз бундан тушкунликка тушмай ўз устида ишлаши, характерини намойиш этиши керак. У фақат шу йўл орқали майдонга чиққан пайтда анча ишларни амалга ошира олиши мумкинлигини исботлаб беради. Шомуродов ҳақида гапириш унчалик шарт эмас, назаримда. Нега деганда, Элдор аллақачон шаклланган футболчи даражасига кўтарилган. Юқорида айтганимдек, у Италия А сериясида Ўзбекистон шаънини жуда муносиб тарзда ҳимоя қилиб келяпти. Мен унинг А серияда қатор ўйинларини жуда яхши ўтказганлигини кўрдим. Айнан ўйинлар орқали энди маҳаллий журналистлар ва фанатлар ҳам Шомуродов ҳақида фақат илиқ фикрларни айтишаётганидан хабардорман. У “Женоа” фойдасига қарор қабул қилиб жуда тўғри йўл тутди. Элдор – жуда абжир футболчи. Ваҳоланки, четдан келган ўйинчиларга А серия баҳсларига кўникма ҳосил қилиш жуда қийин иш саналади. Чунки Италия биринчилигида яккакурашларга алоҳида урғу берилади. Шомуродов эса шундай курашларга тайёр ҳолда бу ерга етиб келган.
“Черчесов Россия термасида ўз ишини яхши давом эттиряпти”
- Юрий Павлович, ўз вақтида миллий терма жамоамизни бошқарган германиялик мутахассис Юрган Гёде ўша чоғларда бир қанча масала бўйича сиз билан маслаҳатлашганини эътироф қилганди. Кейинчалик сизда яна шундай ҳолат юзага келганми?
- Адашмасам, ўшанда Юрган Гёде мендан Владимир Маминов ҳамда Олег Пашинин билан боғлиқ вазият ҳақида сўраганди. Чунки бу икки футболчи “Локомотив”да етакчилардан ҳисобланишарди. Улар шунинг баробарида терма жамоангизда тўп сурган. Ҳа, Гёде билан айнан Маминов билан Пашининни терма жамоага чақирган пайтда қўйиб юбориш борасида суҳбатлашганим ёдимга тушди. Мен буни мураббийнинг ҳамкасби билан одатий мулоқоти сифатида баҳолайман холос. Асосийси, биз ўшанда умумий тил топиша олганмиз. Ўз навбатида, мен “Локомотив” устози сифатида Маминов билан Пашининни Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги учрашувларга юборишда давом этганман. Ўртамизда ҳеч қандай тушунмовчилик келиб чиқмаганлигини алоҳида таъкидламоғим жоиз.
- Россия терма жамоасини бошқариб келаётган Станислав Черчесовнинг ишини қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Футболда мураббийнинг ишига қайд этган натижаси орқали баҳо берилади. Биласиз, 2018 йили Россия уй мундиалини ўтказди. Унда эса Станислав Черчесов бошчилигидаги миллий термамиз жуда муносиб тарзда иштирок этди. Станислав терма жамоани жаҳон чемпионатига қойилмақом даражада тайёрлай олганини исботлаб берди. Асосийси, ўша мусобақада барча мухлисларимиз миллий терма жамоамизнинг ўйинларидан ҳузур олишди. Улар нафақат термамиз, балки бутун мусобақани муносиб ўтказган ташкилотчилар ишидан ҳам катта қониқиш ҳосил қилганлар. Бир сўз билан айтадиган бўлсам, Черчесов ўз ишини яхши давом эттириб келяпти. Унинг қаршисида интилиш учун янги сабаблар бор: Европа чемпионати, ЖЧ-2022 саралаш босқичи...Агар у Европа биринчилиги ва бўлажак ЖЧ саралаши учун ўтказиладиган ўйинларда яхши натижалар қайд эта олса, йўлида давом этаверади. Айтмоқчиманки, Станислав бош мураббий сифатида ишлашдан тўхтамайди.
- Европанинг топ-чемпионатларида россиялик футболчилар жуда кам. Бунинг сабаби нимада?
- Юқорида айтиб ўтган бир қанча жиҳатлар бунинг асосий сабаби бўлса керак. Бу нафақат россиялик, балки ўзбекистонлик бўлган футболчилар учун ҳам бирдек тааллуқли масаладир. Аммо россиялик футболчиларга бўлган талаб ўта паст, демаган бўлардим. Ўзингиз кўрдингиз, жорий биринчилик арафасида бир қанча вакилларимиз четдаги чемпионатларга йўл олишди. Масалан, Алексей Миранчук “Аталанта”га йўл олди. РПЛдаги ўйини орқали танилган Шомуродов эса “Женоа”дан қўним топди. Бу эса РПЛнинг савиясидан дарак берадиган жиҳатдир. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам вазият шу руҳда давом этаверади. Аммо бугунги кунда вазият жуда яхши демаган бўлардим. Акс ҳолда премьер-лигамиздан хориж чемпионатларига йўл олган ижрочилар ҳозиргидан анча кўп бўлиши тайин эди.
“Фёдоров ишлаётган жамоасига қандай ўйинчилар кераклигини яхши билади”
- Юрий Павлович, агар ҳаётингизда ўзгариш содир этиш имкони берилса, нимани ўзгартирган бўлардингиз?
- Ҳеч нарсани. Бундан кейин ҳам ҳаётим шу тарзда давом этишини истайман (кулади).
- Бундан кейинги режаларингиз қандай?
- Мураббийда узоқ муддатга белгиланган режалар тузиш имкони деярли бўлмайди. Эртагалик режангиз индинига бутунлай ўзгариб кетиши мумкин. Чунки эртага дўстларим билан йиғилиб теннис ўйнагани бораман, деб режа қилган тақдиримда ҳаммаси бирданига ўзгариб кетиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
- “VAR” тизими ҳақида қандай фикрдасиз? Бу футболга керакми?
- “VAR” – бу янги йўналиш, ундан воз кечиб бўлмайди. Тизимдан тўғри ёки нотўғри фойдаланишаётгани эса бу бутунлай бошқа масала. Яхшиси, “VAR” билан боғлиқ саволингизни ўзингиздан чиққан ва бутун жаҳон танийдиган ҳакамга (Равшан Эрматовни назарда тутяпти) берсангиз мақсадга мувофиқ бўларди (кулади). “VAR”дан қочиб қутулиб бўлмайди. Бундан кейин ушбу тизим футболнинг ажралмас бир қисмига айланиб қолади. Ҳаммасини борлигича қабул қилиш керак. Фақат тизим билан боғлиқ ишларни янада мукаммал даражага олиб чиқиш пайида бўлиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Теннисда видеотакрор борми, бор. Баскетболда-чи, унда ҳам бор. Энди “VAR” футболда ҳам мавжуд!
- Юрий Павлович, агар сизга футболда ниманидир ўзгартириш имкони тақдим қилинса, қандай йўл тутардингиз?
- Ўзгаришларни қатор жиҳатларда амалга ошириш мумкин. Аммо ҳаётда ҳар бир киши атрофга ўз қараши билан баҳо беради. Масалан, мен ҳам шундай. Ўз қарашларимдан келиб чиққан ҳолда фикр билдиришим мумкин. Бироқ футболда фалон-фалон қоидалар борасида ўзгаришларни амалга оширган бўлардим, деб айтишим амримаҳол.
- Хабарингиз бўлса, Андрей Фёдоров Москванинг “Локомотив” клубида селекционер мураббий сифатида иш бошлади. Бу хусусида қандай муносабатдасиз?
- Бунга тўғри муносабатда бўлишим мумкин холос. Зеро, Андрей Фёдоров футболни ичидан яхши биладиган мутахассис даражасига кўтарилган. У ўз вақтида яхши ўйинчи ҳисобланган. Бутсаларини михга илганидан кейин эса футболда қолиб, бошқа ролларда ўзини синаб келмоқда. У ҳали ёш. Демак, футболда узоқ йиллар ишлашда давом этиши мумкин. Асосийси, Фёдоров футбол одами бўлгани боис ишлаётган жамоасига қандай ўйинчилар кераклигини яхши билади. Фёдоровда бу масалада тажриба борлигига шубҳам йўқ. Акс ҳолда “Локомотив” раҳбарияти уни шу ролда ишлаш учун таклиф қилмаган бўларди.
- Ўзбек футболи мухлислари, шу жумладан sports.uz сайти ўқувчиларига тилакларингиз?
- Мен собиқ Иттифоқ давридаги ўзбек футболини – “Пахтакор” ва унинг иштирокидаги уй ўйинларида 50 минглаб томошабин келган даврларни жуда яхши эслайман. Тилагим бундан кейин ҳам чемпионатингиз доирасидаги учрашувларда стадионлар мухлислар билан тўлсин. Ишқибозларга севган клубларига мухлислик қилишда давом этишлари учун мустаҳкам соғлик тилайман. Аввало, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг келажакдаги ишларида омад ёр бўлишини, қитъа миқёсида мақтанишга арзийдиган ғалаба қозонишини истайман. Сайтингиз ўқувчиларига тилагим шуки, уларнинг сони бундан кейин ҳам ортиб борсин, спорт мавзусида ижод қилаётган сиз каби журналистларнинг газета ёки сайтлардаги чиқишларини ўқишда давом этишсин. Чунки ўқувчилар шу орқали ўзлари учун қизиқарли бўлган кўплаб нарсаларни топа олишади. Асосийси, футболни севишда давом этинг, азизлар!
Фикрлар