Режасини ўзгартирган баҳс, қачон майдонга қайтиши ва ҳавасини келтирган ўйин ёхуд Достон Турсунов жароҳат олмаганида қаерда тўп суришини билармидингиз?
Истеъдодли ўйинчиларимиздан бири Достон Турсунов ўтган йилнинг охирларида жароҳат олиб сафдан чиққани ёдингизда бўлса керак.
Хитойнинг “Чунцин Лифан” клуби шарафини ҳимоя қилаётган легионеримиз терма жамоамиз иштирокидаги ўртоқлик учрашувида оёғидан жиддий лат еди. Шу боис футболчимиз бир неча ойни ўтказиб юборишига тўғри келди. Айни пайтда унинг Тошкентда эканлигидан унумли фойдаланиб, ҳол-аҳвол сўрадик.
- Достон, аҳволингиз қандай? Операциядан кейин анча вақт ўтди? Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Авваламбор, ЎФА раҳбариятига катта раҳмат айтаман. Улар менга жуда яхши шароитлар яратиб берди ва қўллаб-қувватлашди. 22 февралда операция бўлганимга уч ой бўлади. Ҳолатим анча яхши. Спортга ихтисослашган мураббийим бор. У билан онлайн тарзда машқларни ўтказяпмиз. Худога шукр, югуришни бошладим. Апрель ойида Хитой чемпионати бошланади. Худо хоҳласа, жамоам билан янги мавсумга тайёргарлик кўраман. Март ойидан тўплар билан ишлашни бошлайман. Умумий машғулотларга апрелда қўшиламан.
- Римда операция столига ётганингиздан кейин у ерда Элдор Шомуродов ва Генрих Мхитарян билан суратларингизни кўрдик...
- Дўстим Элдор Шомуродовнинг ўғлини туғилган куни бўлганди. Бизни таклиф қилди. Ўшанда Мхитарян ҳам келган экан. Шу фурсатдан фойдаланиб, у билан бироз гаплашдик. Менга ҳозирги ҳолатимдан келиб чиққан ҳолда ўз маслаҳатларини берди. Жароҳатдан кейин кўпроқ нимани устида ишлаш кераклигини тушунтирди. Мендан 5-10 дақиқа вақтини аямади. Бунинг учун унга раҳмат. Қолаверса, Элдорга ҳам миннатдорлик билдирмоқчиман. Италияда менга кўп ёрдам берди. Олдин ҳам бирга ўйнаганмиз, яхшиликларини унутмаслик керак.
- Ўша туғилган кун кечасида Мхитаряндан ташқари яна кимлар қатнашди?
- Фақат Мхитарян ва Элдор Шомуродовни оиласи.
- Ўша маҳалда “Рома”нинг “Сампдория”га қарши ўйинини бевосита Элдорнинг дадаси ва акаси стадионда кузатиб боришганди. Демак, сиз ҳам ўша куни “Олимпико” стадионидамидингиз?
- Ҳа, кўрдим. Элдор гол урган учрашувда мен ҳам стадионда ўтиргандим.
- Стадиондаги муҳит қандай эди?
- Муҳитни гапирмаса ҳам бўлади. Жуда зўр. Темп ҳар томонлама юқори. Мен ҳам ўша ерларда ўйнашни ҳавас қилдим.
- Энди ўзингизни фаолиятингиз ҳақида сўрамоқчиман. Хитой клуби билан ҳамкорликни давом эттирасизми ёки кетасизми, деган саволлар йўқ эмасди...
- Жароҳат олмасимдан олдин менда бир қанча таклифлар бор эди. Осиё ва Европадан. Агентларим гаплашаётганди, кўп масала ҳатто ҳал бўлиб қолганди ҳам. Лекин Иорданияга қарши ўртоқлик учрашувидаги жароҳатдан кейин режалар ўхшамай қолди. Амалда Хитой клуби билан яна икки йиллик шартномам бор. Фаолиятимни давом эттираман, қолганини вақт кўрсатади.
- Сир бўлмаса, сизга айнан қайси клублардан аниқ таклифлар тушганди?
- Қатарнинг “Ал-Гарафа ва “Ал-Араби” жамоаларидан чорлов бўлди. Хорватия клубидан ҳам таклиф бор эди.
- Жароҳатдан кейин Хитойдаги клубингиз ҳам сизни қўллаб-қувватлаб турдими ёки...
- Жамоам ҳам ҳар томонлама ёрдам беряпти. Хитойда ҳам пандемия-ку, шунда ҳам клубим ёрдам кўрсатяпти. Жамоам март ойидан йиғилади. Май ойининг бошига чемпионат бошланади.
- Жароҳатдан кейин олдингидек спорт формангизга қайтиш вақт талаб қилади. Бу борада сизда ташвишли ҳолат кузатилмаяптими?
- Йўқ. Ҳаммаси инсонни ўзига боғлиқ. Тезроқ шу вазиятдан чиқиб кетсам яхши бўлади. Хитойдаги фаолиятим ҳам яхши эди, пандемияни ҳисобга олмаганда.
- Футболчи сифатида терма жамоа ва клуб миқёсида ўз олдингизга қўйган мақсадингиз қандай?
- Терма жамоа билан келаси йили Осиё ўйинларида ғалаба қозониш. Клуб билан ҳам ниятимиз жиддий. Энг катта мақсадимиз жаҳон чемпионатига чиқиш. Аммо унгача Осиё Кубогида яхши натижа кўрсатмоқчимиз. Терма жамоамиз ёшартириляпти, иқтидорли ўйинчиларга имконият бериляпти. Умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади.
- Катанец билан ҳам гаплашиб турибсизми?
- Ҳа, гаплашдим. Италияга борган пайтимда ҳол-аҳвол сўраб қўнғироқ қилганди. Унга ҳам раҳмат. Ўша пайтда ҳамма ёнимда бўлиб турди.
Фикрлар