Рўзиқул Бердиев: Мени ёлғончи қилишдан кимга фойда?
Кеча Ўзбекистон Суперлигаси 17-тури доирасида “Насаф” – “Локомотив” учрашуви бўлиб ўтди.
Қаршидаги беллашувнинг сўнгги дақиқаларида “темирйўлчилар” футболчиси Кахи Махарадзе ўз жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан ўйнади. Бироқ бош ҳакам Аҳрол Рисқуллаев бу эпизодда қўлнинг ҳолатини табиий деб топди ва 11 метрлик жарима зарбаси белгиламади.
Ушбу ҳолатдан норози бўлган “Насаф” устози ўйиндан кейинги матбуот анжуманида кескин фикрлар билдирди. Хусусан, Бердиев мазкур вазият ВАР томонидан кўриб чиқилиши кераклиги, аммо рефери бу пайтда видеотакрорлар ишламаётгани ҳақида гапирган. Қолаверса, қаршиликлар мураббийи “аждарлар” мухлисларини ҳам кескин танқид қилган эди.
Шу боис, SPORTS.uz сайти Рўзиқул Бердиев билан боғланиб, вазиятга бироз ойдинлик киритишга ҳаракат қилди:
- Ёлғон гапиришнинг нима кераги бор?! Буни битта мен эмас, барча кўрди. Аҳрол Рисқуллаев менга ВАР ишлаётганини айтди, аммо ўзим бориб кўрганимда, бунинг акси эди. Билмадим, мени ёлғончи қилишнинг кимга қандай фойдаси бор экан.
- Тўғрисини айтсам, бизнинг бир йиллик бюджетимиз бор-йўғи 25 миллард сўмни ташкил қилади. Бу “Олимпик” жамоасиники билан бир хил кўрсаткич. Футболчиларимиз 1000-1500 доллар ойликка ўйнаб юрибди. Ваҳоланки, уларнинг ҳар бирига камида 20 минг доллар маош берадиган клублардан таклифлар бор.
- Ҳозирда Суперлигада иштирок этаётган жамоалар бюджетига эътибор қаратадиган бўлсак, деярли ҳаммасиники бизникидан катта. Биз фақат “олимпиячилар” ёки охирги ўринларда кетаётган жамоалар билан тенглаша олишимиз мумкин. Шу боис, бизга тинмасдан босим ўтказиш нотўғри.
- Кечаги учрашувда мухлислардан ҳам озгина хафа бўлдим. Шундай оғир вазиятда бирлашмаса, қачон бирлашади?! Улар фақатгина ғалаба қозонган пайтимизда эмас, балки шу каби қийин ҳолатларда ҳам бирдек қўллаб-қувватлаши керак.
- Шу боис, матбуот анжуманида бироз қизишиб кетдим. Агар раҳбарият ишимиз ва кўрсатаётган натижаларимиздан норози бўлса, бемалол мураббийлик лавозимидан кетишим мумкин. Ўйлайманки, ҳар қандай мутахассис ҳам Ўзбекистон Кубогида бир киши кам бўлиб “Пахтакор”ни мағлуб эта олмайди. Шунча кўрсатилаётган натижаларнинг барчаси ўзимизнинг академиядан чиққан футболчилар эвазига қўлга киритилаётгани ҳам бизнинг фойдамизга ишлайди. Айни пайтда мен таркибдаги ўйинчилар учун шу ердаман. Бўлмаса, аллақачон мураббийлик лавозимини топшириб юборган бўлардим.
- Легионерлар борасида тўхталадиган бўлсак, ўзим истаган футболчини жамоага олиб келиш учун раҳбарият ҳам жавоб бериши керак. Эътибор берган бўлсангиз, 3 йилдан бери битта экипировкада ҳаракат қиламиз. 3 йилдан бери либосни янгилай олмаётган жамоадан бундан ортиқ яна нима кутиш мумкин?! Бу — футбол. Бунда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Кечаги ўйинда “Локомотив” яхши ҳимояланди. Агар биз бундай мудофаани ёриб ўтишни истасак, кучли легионерлар олишимиз лозим. Аммо буни “Насаф”нинг бюджети кўтармайди.
- Керакли вазиятда Осиё Чемпионлар лигасида яхши натижа қайд этмоқдамиз, Ўзбекистон Кубогидаги натижаларимиз ҳам яхши, шунингдек, Суперлигада ҳам чемпионлик учун имкониятларимиз бор. Шунда ҳам мухлислар биздан норози бўлмоқда.
- Ҳозирда ҳам чемпионлик учун курашяпмиз. Биз ҳеч нарса йўқотганимиз йўқ. Кўпинча мени жамоани чемпион қила олмаслигим билан танқид қилишади. Бироқ "Насаф"га олтин медалларни олиб беришим учун бошқа талаб қилинадиган нарсалар ҳам бор. Чемпионлик фақатгина мураббий сабаб қўлга киритилмайди. Кечагина иккинчи жамоада ўйнаётган Ҳусаин Норчаев билан Суперлигада ғолиб бўлиш қийин. Тўғри биз ўзимизнинг академиядан чиққан йигитлар билан натижа кўрсатишга ҳаракат қилмоқдамиз, лекин бунинг ўзи камлик қилади. Баъзан моддий томонлама кучли бўлиш ҳам чемпионлик йўлида катта роль ўйнайди.
Муаллиф: НОРБОЙ муаллим
Энди SPORTS.uz сайтига НОРБОЙ муаллим теша тегмаган ва энг қайноқ мавзулардаги матнларини етказиб туради.
Фикрлар