
Ҳусанов Холандни “Реал”га кузатиб қўяди...
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари Абдуқодир Ҳусанов ўйнаётган “Манчестер Сити”га мухлислик қилишини инобатга олиб, sports.uz портали ушбу клубга оид қизиқарли маълумотларни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишни давом эттиради.
“Манчестер Сити” раҳбарияти норвегиялик ҳужумчи Эрлинг Холандни клубда узоқроқ муддат олиб қолиш учун унга катта маош ва 2034 йилнинг ярмигача давом этадиган шартнома берган эди.
Табиийки, ўтган йилги музокаралар натижасида 25 ёшли тўпурар катта шартномани қабул қилиб, ҳужжатга имзо чеккан. Шунга қарамай, Эрлинг Холанд “Реал”да ўйнаш орзусидан воз кечгани йўқ.
Ана шу мақсадда, Холанд амалдаги шартномасига ўзининг келажагини назорат қилиш имконини берадиган банд киритган.
Defensa Central нашрининг ёзишича, Холанднинг “Реал”га трансфери жуда мураккаб жараён, лекин имконсиз эмас экан. Футболчининг агенти Рафаэла Пимента бу трансферни амалга ошириш учун биттагина йўл бор. Унга кўра, “Қироллик клуби” бразилиялик легионер Винисиус Жуниорни сотиб юбориши лозим. Бу ҳолатда “Реал” таркибида Холандга жой очилади ва Мадрид суперклуби ҳисобига “Манчестер Сити”га тўлаш учун пул келиб тушади.
Таъкидлаш жоизки, Хосеп Гвардиола айни пайтда жамоани янгидан шакллантирмоқда. Испаниялик мутахассис янги таркибни Холанд атрофида шакллантираётгани очиқ кўриниб турибди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам янги жамоанинг муҳим бўлагига айланиб бормоқда.
Қолаверса, Эрлинг Холанд ва Абдуқодир Ҳусанов дўстона муносабатга эга. Норвегиялик ҳужумчи легионеримизни қўллаб-қувватлаб келяпти. Ўз навбатида, Абдуқодир ҳам Холандни ҳар бир голдан кейин табриклашни канда қилмаяпти.
“Манчестер Сити” бу ўйинчини кетказиб хато қилган
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўзи бошқарувни қўлга олганидан буён қайси футболчининг кетиши хато бўлгани ҳақидаги саволга жавоб берди.
- Мен ҳеч қандай иккиланишларсиз Хесус Навас, деган бўлардим. Бу футболчи биз билан узоқроқ муддат қолиши керак эди, - деди испаниялик бош мураббий.
Хесус Навас “Севилья” тарбияланувчиси ҳисобланади. Бу жамоадаги профессионал фаолиятини 2004 йили бошлаган ўнг қанот ҳимоячиси 2013 йили “Манчестер Сити”га кўчиб ўтди. “Шаҳарликлар” сафида тўрт йил тўп тепганидан кейин Навас қадрдон жамоасига қайтиб кетди.
“Манчестер Сити”га 2016 йили бош мураббий этиб тайинланган Хосеп Гвардиола Хесус Навас билан бир йил бирга ишлади.
Хесус Навас фаолиятини 2025 йилнинг январида якунлади. У клублар миқёсида 888 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 47 та гол ва 156 та ассист ёздириб қўйган.
Испания терма жамоаси сафида 56 марта майдонга тушиб, 5 та гол урган ҳимоячи 2010 йили жаҳон чемпиони, 2012 ва 2024 йилларда Европа чемпионатлари ғолиби ва 2023 йили УЕФА Миллатлар лигасида бош соврин соҳиби бўлган.
Ҳусанов жамоасига хунук хабар келди
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола мавсумнинг бошидаёқ таркиб танлашда етарлича муаммоларга дуч келадиган кўринади.
Айни пайтда “шаҳарликлар” бир неча ўйинчисини миллий терма жамоаларга қўйиб, яна бир гуруҳ футболчилар, хусусан Абдуқодир Ҳусанов жароҳатини даволатяпти, қолган 14 сентябрь куни “Манчестер Юнайтед” билан бўладиган дербига тайёргарлик кўрмоқда.
Хосеп Гвардиолага Миср терма жамоасига жўнаб кетган ҳужумчи Умар Мармушдан хунук хабар келди. 2026 йилги жаҳон чемпионатининг Африка қитъаси учун ташкил этилган саралаш турнирида Буркина-Фасога қарши ўйинда майдонга тушган 26 ёшли форвард тиззасидан жароҳат олди.
Журналист Исмоил Маҳмуднинг маълум қилишича, Мармуш учрашувнинг бошидаёқ шикастланган. Баҳсда ҳисоб очилмади.
Умар Мармуш Миср терма жамоаси шарафини 2021 йилдан бери ҳимоя қилиб келади. У халқаро миқёсда 37 та баҳсда қатнашиб, ўз ҳисобига олтита гол ёздириб қўйган.
Comments