
Ҳусановнинг устози АПЛни “ёрворди”!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг “Ланс”дан “Манчестер Сити”га трансфери устида ишлаган “шаҳарликлар”нинг собиқ спорт директори Чики Бегиристайн бош мураббий Хосеп Гвардиоланинг Англиядаги фаолияти қандай бошлагани ҳақида гапирди.
Аввал “Барселона” ва “Бавария”ни муваффақиятли бошқарган испаниялик мутахассис “Манчестер Сити”ни 2016 йили қабул қилиб олган эди. Гвардиоланинг Манчестерга келишида Бегиристайннинг “қўли бор”.
Илгари Каталония суперклубида Хосеп Гвардиола билан бирга ишлаган Чики Бегиристайн Манчестерга 2012 йили келиб, клубнинг кадрлар сиёсати билан шуғулланган.
- Биласизларми, кўпчилик Гвардиоланинг Англия Премьер-лигасида муваффақиятли ишлашига умуман ишонмаган.
Улар “Гвардиоланинг футболи Англияга муваффақият келтирмайди, чунки бу ер Испания эмас, шиддатли тўқнашувларсиз ҳеч нарса қилиб бўлмайди”, дейишган эди. Аммо Пеп келганидан кейин АПЛни “ёрворди”, - деди 61 шли Чики Бегиристайн.
Хосеп Гвардиола қўл остида “шаҳарликлар” умумий ҳисобда 18 та совринни қўлга киритган. Шулардан олтитаси Англия чемпионлигидир. “Манчестер Сити” Англия Премьер-лигасида кетма-кет тўрт марта ғолиб чиққан биринчи ва ҳозирча ягона жамоа.
Бундан ташқари, “Манчестер Сити” Европа Чемпионлар лигасидаги илк ғалабасига ҳам айнан Хосеп Гвардиола бошқарув даврида эришди.
Гвардиола – энг зўр мураббий
Айни пайтда Саудия Арабистони чемпионатида “Ал-Аҳли” шарафини ҳимоя қилаётган машҳур футболчи Риёд Маҳрез ўзи аввал ўйнаган “Манчестер Сити” бош мураббий Хосеп Гвардиола ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Жазоирлик юлдуз 2018-2023 йиллар давомида испаниялик мутахассис қўл остида “шаҳарликлар” жамоасида юлдузли онларини ўтказган ва кейин Саудия Арабистонига кўчиб ўтган.
- Мен Хосеп Гвардиолани энг зўр мураббий, деб ҳисоблайман. У менга янги чўққиларни забт этишига ёрдам берган. Одамларнинг унинг қанчалар зўр мураббий эканини тасаввур қила олмайди.
Баъзан ўртамизда келишмовчилик ва зиддиятлар келиб чиқарди. Лекин мен доим унинг танловига ҳурмат билан муносабатда бўлганман.Ҳатто кўпроқ ўйнашни истаганимда ва ундан хафа бўлганимда ҳам ҳурматни йўқотмаганман.
Хосеп Гвардиола мураббий сифатида, айниқса, ўйинга тактика танлашда беназир мутахассис, - деди Риёд Маҳрез қадрдон устози ҳақида.
Эслатиб ўтамиз, Хосеп Гвардиоланинг “Манчестер Сити” билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг 30 июнигача давом этади.
Comments