Хабарингиз бор, сайтимиз томонидан “Ҳафта воқеликлари” дея номланган лойиҳани тақдим этиб келмоқдамиз. Сиз унда ўзбек, Осиё ва жаҳон футболида содир бўлган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари билан танишишингиз мумкин.

Дастлаб ўзбек футболи ҳақида.

1.Ўзбекистон ЖЧ-2022га борадими? ФИФА ЖЧ-2026дан терма жамоаларнинг сонини оширишини маълум қилинганди. Аммо Инфантино бу ишни чўзиб ўтирмай Қатардаги мундиалдан бошламоқчи.

ФИФА президенти Жанни Инфантино ОФК Конгрессида 2022 йили Қатарда бўлиб ўтадиган навбатдаги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган терма жамоалар сони, режалаштирилганидек, 32 та эмас, балки бирданига 48 та бўлиши мумкинлигини айтди.

- Хабарингиз бор, биз 2026 йилдан жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 48 тагача кенгайтиришга қарор қилганмиз. Бу 2022 йилдаёқ рўй бериши мумкинми? Мумкин. Нима учун йўқ? Осиё терма жамоаларида катта имконият пайдо бўлади. Ўйлашимча, ушбу ғояни амалга оширса бўлади. Биз қатарлик, шунингдек, минтақадаги дўстларимиз билан ҳам буни муҳокама этяпмиз. Умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади. Жуда бўлмаганда, шунга ҳаракат қилиб кўриш керак, - деди ФИФА раҳбари.

ОАВ вакилларининг хабар беришича, Инфантинонинг баёноти ОФК Конгресси делегатлари томонидан катта олқишлар билан кутиб олинди. Айниқса, унинг Осиё учун жаҳон чемпионатига бериладиган йўлланмалар сонини ҳозирги тўрт яримтадан саккиз яримтагача кўпайтириш ҳақидаги сўзлари барчани хурсанд қилган.

“ЖЧ-2022” ташкилий қўмитаси раҳбари Ҳасан ал Тавадий ҳам жаҳон чемпионати иштирокчилари сафини кенгайтириш варианти кўриб чиқилишини тасдиқлади. Унинг айтишича, Қатар бу борадаги имкониятларни ўрганиб чиқади ва келгуси йил ёз ойида бошланадиган мундиаль учун саралаш баҳслари арафасида шу хусусда ўз қарорини эълон қилади.

- Қарор келгуси йилнинг биринчи чораги якунига қадар қабул қилиниши, мумкин, - деди Тавадий.

Энди балки Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқар. Агар ФИФА ЖЧ иштирокчилари сонини Қатардаги мундиалнинг ўзидаёқ кўпайтирса, Эктор Купернинг ишини анча енгиллашади. Чунки Осиё қитъасига олдинлари тўр яримта ўрин ажратиларди ва биз доим ундан мосуво қолардик. Энди қитъамизга саккиз яримта квота берилиши мумкин.

Шунда ҳам мухлисларда ҳавотир бор. Ўзбекистон тўққизинчиси бўлиб қолмаса бўлгани. Ишқибозларнинг бу ҳазиломус фикрлари ўринли ёки акси эканлигини тез орада Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамизнинг ўйинидан билиб олишимиз мумкин. БААдаги Осиё кубогида қисман бўлсада барча ўз саволларига жавоб топади. Аввал айтганимиздек Купер даражасидаги мураббий 6 ойда жамаода қандайдир ўзгариш қилиши шарт!

2.Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Австралиядаги йиғинда иштирок этадиган футболчиларнинг номи эълон қилинди. Эътиборлиси, Эктор Купер 6 ойга дисквалификация қилинган Жалолиддин Машариповни ҳам “яшил қитъа”га олиб кетмоқчи.

Хабарингиз бор, 11-21 ноябрь кунлари Ўзбекистон миллий терма жамоаси Австралиянинг Брисбен шаҳрида навбатдаги йиғинни ўтказади. Терма жамоамиз ўқув машғулот йиғинлари доирасида иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. 15 ноябрь куни Ливан терма жамоасига қарши баҳс олиб борсак, 20 ноябрда Жанубий Корея терма жамоаси билан куч синашамиз.

Эктор Купер Австралиядаги йиғинга 24 футболчини жалб қилган.

Эътиборлиси 24 футболчи орасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинларидан 6 ойга дисквалификация қилинган Жалолиддин Машарипов ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинлари чорак финалида Ўзбекистон - Жанубий Корея беллашуви якунланганидан сўнг Машарипов ҳакамга қарата сув идишини отганлиги учун ўтган ой ОФК “Пахтакор” вакилини Ўзбекистон терма жамоасининг ўртоқлик ўйинларидан 6 ойга дисквалификация қилганди.

Қолаверса, таркибга назар ташлайдиган бўлсак, 24 футболчи орасида бирорта ҳам янги ўйинчи йўқ. Ваҳоланки, мураббий юртимизга келганидан бери терма жамоа йиғинида янгиларни синаб кўришини бот-бот таъкидлаганди.

Демак, синовдан ўтказган янги футболчилардан аргентиналик мутахассиснинг кўнгли тўлмаган.

3.ОЧЛ финалида янгилар. Ўз тарихида илк бор «Кашима Антлерс» ва «Персеполис» қитъамизнинг энг нуфузли мусобақаси финалида.

3 ноябрь куни куни Осиё чемпионлар лигасининг дастлабки финал учрашуви бўлиб ўтди. Японияда «Кашима Антлерс» ҳамда Эроннинг «Персеполис» клублари ўзаро баҳс олиб боришди. Ўз тарихида биринчи бор ОЧЛ финалига чиққан иккала жамоа ҳам узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтди.

«КАШИМА АНТЛЕРС» (Кашима, Япония).

Бу жамоа 2008 йилдан бери ОЧЛда 6 марта қатнашиб, шундан бештасида плей-офф босқичига йўл олган. Бу йил японияликлар «Сувон Самсунг» билан битта гуруҳда жой олишганди ва тақдир тақозоси билан ярим финалда айнан шу жамоани доғда қолдиришди.

Кашималиклар финалгача «Шанхай Шенхуа», «Сувон Самсунг», «Сидней ФК», «Шанхай СИПГ», «Тианжин Куанжиан» каби жамоаларни ортда қолдирди.

«ПЕРСЕПОЛИС» (Теҳрон, Эрон).

«Персеполис» ўтган мавсумда Эрон чемпионлигини қўлга киритди. Бу йил «Персеполис» ОЧЛда «Насаф» билан битта гуруҳда ўйнаганидан хабарингиз бор. Ўз майдонида 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, Қаршида 0:0 ҳисоби қайд этилган. «Персеполис» ўтган йили тарихда илк бор ОЧЛ ярим финалига чиққанди. Бу йил эса финалга қадар етиб келди. Эрон клублари янада ўсмоқда. Бизникилар эса ортга қадам ташлаш билан оввора.

Теҳронликлар финалгача «Насаф»,  «Ал Садд»,  «Ал Васл», «Ал Жазира», «Ал Дуҳайл» кабиларни мағлубиятга учратди.

Жорий йилги финалнинг биринчи ўйинида «Кашима Антлерс» уйда «Персеполис»ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. «Антлерс»нинг иккала голини ҳам бразилиялик футболчилар киритгани эътиборга лойиқ. Учрашув охирида «Персеполис» футболчиси Сиамак Неъмати қизил карточка олди ва финалнинг иккинчи баҳсини ўтказиб юборишга мажбур бўлади. Жавоб учрашуви 10 ноябрь куни Теҳронда ўтади.

4.Сербия давлати клуби ЕЧЛда илк бор ғалаба қозонди. Сербияликлар ўтган мавсум финалчиси “Ливерпуль”га имконият қолдиришмади. “Барселона” плей-оффга йўл олган биринчи жамоа бўлди.

"Црвена Звезда" ЕЧЛ 4-турида "Ливерпуль"ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида зафар қучди.

Ушбу муваффақият Сербия клуби учун ЕЧЛда қўлга киритилган илк ғалабадир. ЕЧЛга 1992 йилда асос солинган бўлса, шундан бери серблар бирор марта мазкур турнирда ғалаба қозонишмаган эди. Сербия клублари шу кунга қадар мусобақада 15 та ўйин ўтказган.

“Ливерпуль” илк марта ЕЧЛнинг сафардаги кетма-кет 3 та баҳсида мағлубиятга учради. Бу эса “қизиллар” тарихидаги илк шундай натижадир.

“Ливерпуль”нинг мағлубиятига қарамай, ПСЖ гуруҳ пешқадамлигини қўлга ололмади.

Парижликлар бу мавсум ЕЧЛнинг ортда қолган 4 турида фақат бир марта ғалаба қозонишди. У ҳам бўлса 2-турда “Црвена Звезда” клуби устидан. Шундан сўнг “парижлик олифталар” 2 марта дуранг қайд этишди ва 1 бор мағлубият аламини таътиб кўришди.

Шунча маблағ, эътибор билан ҳам Италиянинг иккинчи рақамли жамоасини мағлубиятга учрата олмаганидан сўнг мухлислар ПСЖдан кейинги босқичда ниманидир кутмаётган бўлишса ажаб эмас. Франция клубининг ўрнига “Ливерпуль” билан биргаликда “Наполи” чиқса, ҳар ҳолда неаполликларнинг плей-оффда шарманда бўлмасликлари ҳақиқатга яқинроқ.

ПСЖ 4-турдан сўнг 5 очко билан гуруҳда учинчи поғонада бормоқда. “Ливерпуль” ва “Наполи” ҳисобида 6 тадан очко мавжуд.

“Барселона” плей-оффда. Италиянинг “Интер” клуби меҳмони бўлган “Барселона” 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этди.

Шу тариқа, каталонияликлар муддатидан аввал мусобақанинг кейинги босқичига йўл олишди ва жорий мавсумда бу ишни уддалаган илк жамоа сифатида қайд этилди.

“Барселона” қаторасига 17-марта гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтмоқда. 4-турдан кейин “кўк-анор рангликлар” 10 очко билан 1-ўринда боришмоқда. “Интер” 7 очко билан иккинчи, “Тоттенхэм” 4 очко жамғарган ҳолда учинчи поғонага жойлашган. ПСВ эса 1 очко билан турнир жадвалига якун ясади.

Германияда бу мавсум ажойиб ўйин намойиш этаётган “Боруссия Д” мағлубият нималигини билмай келаётганди. Ҳатто ЕЧЛда ҳам йирик ғалабаларга эришаётганди. Аввалги турда “Атлетико” 4:0 ҳисобида таслим этилган. Аммо мадридликлар бу гал Германиядаги мағлубият тасодиф эканлигини исботлаб, “Боруссия Д”дан устун келишди ва дортмундликларни бу мавсум мағлуб этган биринчи клубга айланди.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98