ЎФА Азиз Турғунбоев ишини кўриб чиқади
Ўтган мавсумни “Навбаҳор” сафида якунлаган ва айни вақтда кимга тегишли эканлигини ўзи ҳам билмаётган Азиз Турғунбоев масаласи атрофлича ўрганиб чиқилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси расмий сайти хабар бермоқда.
Турғунбоевнинг ПФЛ рўйхатидан ўтказилган ва “Навбаҳор”га тегишли бўлган шартномаси 2018 йилнинг ноябрь ойи сўнгида ўз кучини йўқотган. “Навбаҳор” ва “Пахтакор” футбол клублари ўтган йилнинг сўнгги ойида футболчини ПФЛ рўйхатидан ўтказишга уриниб кўрди. Бироқ трансфер ойнаси 17 декабрь санасида очилишидан келиб чиқиб, ПФЛ ҳар икки томон шартномасини ҳам қабул қилмади.
Шу йилнинг 22 январь куни “Пахтакор” Азиз Турғунбоев билан 1 январь куни тузилган шартномани Чемпионлар лигаси учун рўйхатдан ўтказишга олиб келди. 28 январь куни эса клуб мазкур шартномага имзо қўйган футболчи “Навбаҳор” сафида хориж йиғинида иштирок этаётгани юзасидан шикоят аризаси билан ПФЛ бош директорига мурожаат йўллади.
Мазкур шикоят аризаси ПФЛ томонидан ЎФАнинг “Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмита”га оширилди. Комиссия тез кунлар ичида бу масала юзасидан иш бошлайди. Унда “Навбаҳор” ва “Пахтакор” футбол клублари бош ҳамда спорт директорлари, футболчи Азиз Турғунбоевнинг ўзи ва мазкур масала юзасидан маълумотга эга дея таҳмин қилинаётган бошқа шахслар иштирок этади.
Профессионал футбол лигаси мазкур масала юзасидан маълумотларни, фактларни жамоатчиликка тақдим қилиб боради. Қолган футболчилар ва клублар бундай вазиятга тушиб қолмасликлари йўлида бу муҳимдир. 2019 йилги мавсумдан эътиборан ПФЛ шартномалар масаласига жиддий эътибор қаратмоқда. Ташкилот футбол клублари билан шу йўлда ишлаш ва шартномаларни ҳурмат қилиши юзасидан ишларни аллақачон бошлаган.
Фикрлар