14-турнинг марказий ўйини! "Навбаҳор" охирги йилларда "Насаф" майдонида ютқазмаяпти, аксинча...
Мазкур клублар шу кунгача миллий чемпионатларимиз тарихида ўзаро 51 марта рўбаро келишган. Ушбу ўйинларнинг 22 тасида “аждарлар”нинг қўли баланд келган бўлса, 13 та учрашувда “лочинлар” ғалаба қозонишган, 16 та баҳсда эса жамоалар муроса кўчасини танлашган. Тўплар нисбати – 79-66, “Насаф” фойдасига.
Ўзаро учрашувларда “Насаф” 82 очкони, “Навбаҳор” эса 55 очкони қўлга киритган.
Ушбу клублар ўртасидаги ўйинлардаги энг йирик - 6:0 ҳисоби Наманган ва Қаршида қайд этилган.
“Насаф” ҳамда “Навбаҳор” жамоалари бунгача Қаршида 25 марта куч синашишган. Мазкур баҳсларнинг 18 тасида қаршиликлар зафар қучишган бўлса, 3 та учрашувда дуранг қайд этилган, 4 та ўйинда наманганликлар ғалаба қозонишган.
Қаршида ўтказилган ўзаро учрашувларда “аждарлар” “Навбаҳор” дарвозасини 54 марта ишғол этишган бўлса, “лочинлар” “Насаф” дарвозасига 23 та тўп киритишган.
Таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор” сўнгги 4 йилдан буён Қаршидан очко билан қайтмоқда. 2018 йили ва 2020 йилларда “лочинлар” дурангга эришган бўлишса (1:1, 2:2), 2019 йили ҳамда ўтган мавсумда жамоамиз Қаршидан 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтганди.
Эслатиб ўтамиз, “Насаф” – “Навбаҳор” учрашуви 2 август куни Қаршидаги “Марказий” ўйингоҳида соат 20:00 да бошланади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар