Ўзбекистон терма жамоасини жаҳоннинг энг зўр мураббийи бошқарадиган бўлди
Грузиялик мутахассис Лаша Гуджеджани Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерациясига хабар берди.
«Лаша Гуджеджани — Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи!
Ўзбек дзюдосида янги саҳифа очилмоқда — муҳим тайинлов амалга оширилди!
Грузиялик мутахассис Лаша Гуджеджани расман Ўзбекистон эркаклар дзюдо терма жамоасининг бош мураббийи сифатида фаолият бошлади.
Лаша Гуджеджани раҳбарлигида Ўзбекистон терма жамоаси Lausanne Grand Slam 2026 мусобақасида иштирок этиб, битта олтин, иккита кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритди ҳамда дунё бўйича 77 давлат орасида кучли олтиликдан ўрин олди.
Маълумот учун, Лаша Гуджеджани 2020 йил 1 декабрдан 2026 йил июлигача Грузия терма жамоасининг бош мураббийи бўлиб ишлаган. Унинг қўл остида грузин дзюдочилари Токио-2020 Олимпиадасида битта олтин ва учта кумуш, Париж-2024 Олимпиадасида эса битта олтин ва иккита кумуш медалини қўлга киритган.
2025 йилда Грузия терма жамоаси жамоавий беллашувларда жаҳон чемпиони бўлиб, тарихий натижа қайд этган. Спортчи сифатида Гуджеджани ўзи ҳам икки марта жаҳон чемпионати совриндори бўлган», — дея қайд этилган инстаграмдаги хабарда.
2022 йилда Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Гуджеджанига «дунёнинг энг яхши мураббийи» сифатида расман баҳо берган. Европа дзюдо иттифоқи (EJU) эса уни 2021 ва 2023 йилларда икки бор «Европанинг энг яхши мураббийи» деб эътироф этган. 2026 йил ёзида у Грузия терма жамоасидан кетган бўлиб, ўз сўзларига кўра, бу қарорга мотивация пасайгани сабаб бўлган.

Фикрлар