24 ноябрда бошланадиган 24-тур нимаси билан фарқ қилади?
Яна учта турдан кейин Coca-Cola Суперлига манзилига етиб келади. Ўтган турда “Пахтакор” расман Ўзбекистон чемпионига айланди. Чемпионатга бўлган қизиқиш балки янада пасайгандир-а, чунки чемпион номи аниқ, аслида-ку, бу кутилган жараён эди. Негаки, “Пахтакор” бошқалардан яққол кучли эканлигини ҳамма билиб турганди.
Энди асосан қолган ўринлар учун курашга эътибор қаратилади. Масалан, иккинчи ва учинчи ўрин эгалари ким бўлади? Суперлигани ким тарк этади? Қолганларнинг ўзига яраша мақсади бор. 24-тур бир қатор жиддий учрашувларни тақдим этади.
24 ноябрь (сешанба)
“Машъал” – “Навбаҳор”
24-турни бошлаб берадиган “Машъал” ҳамда “Навбаҳор” ўртасидаги беллашув ўзига хос қарама-қаршиликдир. Иккала жамоани 13 очко ажратиб турибди. Лекин “Машъал” чемпионатимизда 9 та турдан бери ғалаба нималигини билмай келмоқда. Қолаверса, бу клубни молиявий муаммолар ҳам қуршаб олганини биласиз. Навбатдаги беллашувда ҳам муборакликларни яна бир жиддий синов кутяпти. Улар Муборакда “Навбаҳор”ни мағлуб этишга қодирми, деган ҳақли савол пайдо бўляпти. Мабодо, уларнинг ўзаро ўйинлар статистикасига кўз югиртирсак, кучлар борасида катта фарқ йўқ. 35 та беллашувда “Машъал” 15 маротаба ютган, “Навбаҳор”да эса 13 та ғалаба бор. 7 та баҳсда дуранг кузатилган. Ёдингизда бўлса, биринчи даврада Тошкентда марказлашган ҳолда ўтказилган баҳсда “Машъал” “Навбаҳор” мезбонлиги остидаги ўйинда Самандар Шукуруллаевнинг голи эвазига муборакликларга уч очкони тақдим этганди. Лекин наманганликлар учун Муборакдаги стадион бир мунча ноқулай ҳам ҳисобланишини унутмаслик керак. Чунки 2004 йилда “Навбаҳор” “Машъал”нинг майдонидан ғалаба билан қайтган. Шундан бери асосан мезбонларнинг қўли баланд келмоқда. Бу ўйинни кузатиш янада қизиқ бўлишига ишонамиз.
АГМК – “Андижон”
Иккала клубнинг мақсадлари турлича. АГМК совринли ўринлар учун курашяпти, “Андижон” бўлса, Суперлигада жон сақлаб қолиш илинжида юрибди. Демакки, ҳар иккисига ҳам ғалаба ниҳоятда зарур. Устига-устак олмалиқликлар тўртта турдан бери ютқазишяпти. Кўпчилик эса 24-турга келиб АГМКнинг мағлубиятли сериясига барҳам берилишини кутмоқда. Бу борада рақибни кучига тўғри баҳо бериш ҳам керак. Буни эса Миржалол Қосимов жуда яхши тушуниб турибди. Чунки олдинги тўртта учрашувдаги мағлубиятлар бунга сабаб бўлиши тайин. “Андижон” ҳам бурилиш нуқтасида турибди. Отабек Ғуломхўжаев бош мураббийликка келгач, ўтган турдаги дебютида “Машъал” мағлуб этилди. Эндиги навбат эса АГМКга қарши. Балки сафардаги ўйинда “Андижон” учун дуранг ҳам ғалабага тенг баҳоланса керак. Қолганини эса вақт кўрсатади.
“Қизилқум” – “Металлург”
Биринчи даврадаги учрашувда “Қизилқум” 1:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Бир қарашда бир-бирига мос ва муносиб рақиблар тўқнашувидек кўриняпти. Лекин майдонда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Шунинг учун ўйиндан аввал қандай ҳисоб қайд этилишини айтиш қийин. Ўзаро учрашувларида ҳам гоҳ “Қизилқум”, гоҳ “Металлург” ютади, иккаласи бир-бирига қулай рақиб. Фикримизни исботи учун бу клубларнинг ўйинлар тарихига қарасак, 41 та тўқнашувнинг 16 тасида “Қизилқум” ва 14 тасида “Металлург” ютганини кўриш мумкин. 11 марта эса дуранг кузатилган. Бундай жамоалар иштирокидаги беллашувда исталган натижа рўй бериши мумкин.
25 ноябрь (чоршанба)
“Насаф” – “Пахтакор”
Бу жамоаларнинг тўқнашувлари ўзига хос тарих. Лекин бу сафаргисини аҳамияти олдингиларидек катта таъсирга эгами, деган савол туғилади. Сабабини ўзингиз тушуниб турибсиз, “Пахтакор” ўтган турда чемпионликни расмийлиштириб қўйди. Энди улар мағлубиятга учраса ҳам бу қўрқинлик эмас. “Насаф” эса иккинчи ўрин учун АГМК билан жиддий курашяпти. Вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, Арвеладзега нисбатан Бердиевга уч очко сув ва ҳаводек керак. “Насаф” 2017 йили ўзининг ажойиб таркиби билан “Пахтакор”ни 4:0 ҳисобида тор-мор келтирганини яхши биласиз. Шундан сўнг, “Пахтакор” “Насаф” етакчиларини ўзига оғдириб олди. Натижада шу пайтгача Шота Арвеладзе жамоасининг қўли баланд келмоқда. Лекин бу сафарги тўқнашув бошқача бўлиши кутиляпти.
“Қўқон-1912” – “Локомотив”
Қўқонда яхши ўйин бўлишига ишонамиз. Бу йил Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “Қўқон-1912” жанговор жамоа сифатида таассурот қолдиряпти. Эсласангиз, биринчи даврада қўқонликлар илк бор “Локо” устидан ғалаба қозонишга муваффақ бўлганди. Одатда турнир жадвалида “Локомотив”нинг “Қўқон-1912”дан доим юқорида туришига кўникиб қолгандик. Лекин бу йил вазият бошқача. Мусобақа жадвалида қўқонликлар 5-ўринда, “Локомотив” эса 9-поғонада жойлашиб турибди. Ашурматов жамоасида эса назарий жиҳатдан кучли учликка кириш учун имконият бор ва улар шу мақсад йўлида охиригача курашяпти. “Локомотив” билан ўйин эса қўқонликлар учун катта аҳамият касб этади. Ҳали ўз уйида бу рақибини мағлуб эта олмагани боис бу ёқимсиз анъанага барҳам бермоқчи. Қолаверса, “Локомотив”да ишлаётган Тимур Кападзе ўтган мавсумда “Қўқон-1912”да фаолият олиб борган ва собиқ клубини яхши билади. Умуман айтганда, бу жуда қизиқарли ўйин бўлиши кутилмоқда.
“Сурхон” – “Бухоро”
Бу ўйинга аутсайдерлар ўртасидаги тўқнашув деб ном берсак ҳам ярашади. Сабаби ўзингизга аён, “Бухоро” 13 очко билан охирги ўринда, “Сурхон” эса 16 очко тўплаб 13-ўринда. Бир-бири билан ёнма-ён бормоқда. Уларнинг мақсади битта: Суперлигада жон сақлаш. Шундай экан, бу уч эмас, балки олти очколик ўйинга айланиши шубҳасиз. Ғалаба сув ва ҳаводек зарур эканини жамоалар яхши тушуниб турибди. Биринчи даврада термизликларнинг қўпол хатоси туфайли “Бухоро” автогол эвазига ҳозиргача ягона бўлиб турган ғалабасини қўлга киритганди. Агар Жамшид Саидов жамоаси ютқазса, яна бир қадам орқага чекинган бўлиб қолади. Шу боис “Бухоро” қандай бўлмасин ютишга мажбур. Аммо таркиб жиҳатидан “Сурхон” тажрибалироқ. Лекин ўзаро беллашувларда бухороликлар устун. 27 та ўйиннинг 16 тасида ғолиб бўлган, “Сурхон”нинг ҳисобида 7 та ғалаба ва 4 та дуранг. Лекин бу статистика “Бухоро”га ёрдам бермаслиги тайин, ҳаммаси 25 ноябрь куни майдонда ҳал бўлади.
“Бунёдкор” – “Сўғдиёна”
Биринчи даврадаги учрашув жанговор дуранг билан тугаганди – 3:3. Лекин жиззахликлар учун “Бунёдкор” анча жиддий ва ноқулай. Шу пайтгача фақат икки марта “Бунёдкор” мағлуб этилган. 2019 ва 2015 йилги мавсумларда Жиззахдаги баҳсда 2:1 ҳисобларида ютган. 15 та баҳсда “Бунёдкор”нинг қўли баланд келган ва 4 та учрашувда кучлар тенг келган. Қизиғи, иккала клуб ҳам “Пахтакор”ни мағлуб этишнинг уддасидан чиқишган. Ўтган турда эса “Сўғдиёна” “Насаф”ни мағлуб эта олди. Ушбу клубларни беш очко ажратиб турибди. Вадим Абрамов жамоаси учинчи ўринга илашиб қолиш учун охиригача курашиши тайин. “Сўғдиёна”ни 5-ўриндан тўрт очко жаратиб турибди. Ўтган йили 4-ўринни эгаллаганини ҳисобга олсак, жиззахликлар имкони қадар ўша натижасини такрорлашга уриниб кўряпти. Лекин Бақоев жамоаси “Бунёдкор”га қарши эҳтиёткор бўлиб тўп суриши мумкин, чунки “Бунёдкор” кўпинча таваккалона тарзда ҳужумкорликни ёқтиради. Аммо баъзида уларнинг бу ҳаракати зиёнига ҳам ишлайди.
Фикрлар