27 йиллик карьера, 32 клуб ва кўплаб беқарорликлар! Себастьян Абреу фаолиятига назар
Шу пайтгача дунё футболи тарихида бир клубда карьерасини бошлаб, проффессионал фаолияти охиригача ана шу жамоасига содиқ қолганлар саноқли хисобланади. Бироқ бугунги хикоямиз қахрамони сингари деярли ҳар йили жамоа алмаштирадиган, ҳар ёз янги шартнома бўлиб қолармикан, деган умидда таклиф кутадиган ўйинчилар ҳам йўқ эмас.
Демак, бугунги мақола қаҳрамони проффесионал футболчиликдаги 27 йиллик фаолияти давомида оз эмас, кўп эмас нақд 32 та клубда тўп тепган ва бу натижаси орқали тарихга кирган Себастьян Абреу бўлади.
Тўлиқ исми Вашингтон Себастьян Абреу Галло бўлган футболчи 1976 йилнинг 17 октябрида Уругвайнинг Минас шахрида туғилган. Ёшлигидан футболга алоҳида меҳр қўйган ёш Себастьян футболга илк қадамларини чанг ҳолатда бўлган ва анча хавфли саналган она шаҳри Минас кўчаларида бошлаган. Тенгдошлари билан ҳам футболни шунчаки вақт ўтказиб ўйнаб юрганини ҳис қилган футболчи буёғига миллионлар ўйини билан астойдил шуғулланишни мақсад қилади. Бироз вақт ўтгандан сўнг болаликдаги илк жамоаси хисобланган “Дефенсор” сафига қўшилади ва 1994 йил профессионал фаолиятини айнан шу жамоада бошлайди. Икки йил ичида жамоа сафида 24 та баҳсда майдонга тушиб, 13 та гол киритади. 1996 йилда у Аргентинанинг “Сан Лоренсо” клуби сафига қўшилади. У ерда хам ажойиб икки мавсум ўтказган ҳамда умумий 43 та беллашувда 26 та тўп киритиб, катта умидлар билан топ-5 чемпионатларидан бирига боришни мақсад қилади. Унга “Депортиво”дан аниқ таклиф тушди. Абреу эса ўйланиб ўтирмай Испания жамоаси билан шартнома имзолади. Бироқ у томонларда ишлари деярли юришмайди ва ижарама-ижара саргардон юриш, ҳар йили клуб алмаштиришлар бошланади.
“Локо”(испанчачада жинни) лақабли чарм тўп устаси клублари ва терма жамоасида сермаҳсул тўпурар бўлгани билан ажралиб турган. Уругвай терма жамоасидаги 15 йиллик карьераси мобайнида 2002 йил Жанубий Корея ва Япония, 2010 йил Жанубий Африка Республикасида ўтказилган Жаҳон чемпионатларида иштирок этган. Африка қитъасида ўтказилган мундиалда ярим финал босқичига қадар етиб борган, шунингдек, 1997, 2007 ва 2011 йиллардаги учта Америка кубогида иштирок этади ва 2011 йилги турнирда ғолиб чиққан. 2010 йилги Жаҳон чемпионатида “Эл Локо” чорак финалда Гана дарвозасига паненка услубидаги пенальтини аниқ амалга ошириб, Уругвайни ярим финалга чиқишига катта ҳисса қўшади.
Абреу терма жамоа учун 30 та гол урган. Бу натижаси билан миллий терма жамоаси тарихидаги энг яхши “бомбардир”лар рўйхатида тўртинчи ўринни банд этади. Рекорд эса 68 та гол урган афсонавий Луис Суаресга тегишли. Шундай бўлса-да, 2011 йил бошида Абреу томонидан киритилган голлар сони қайта ҳисобланган. Маълумотларга кўра, у киритган голлари сони 26 тани ташкил этиши аён бўлди.
Футболчи “Насьональ” ва Уругвай терма жамоасига бўлган ватанпарварлиги билан ҳам алохида танилган. Себастьян қайси клубда ўйнамасин, терма жамоа либоси элементларидан тикилган футболка кийиб юрган. Бундан ташқари, Абреу ҳар доим ўзи билан видеокамера олиб юришни ва у ерда ўзининг шахсий архиви учун ўйинларни ёзиб олишни одат қилган. Ушбу анъана туфайли футболчи жабр хам кўради: Абреу Бразилия чемпионатининг “Фигейренсе” клуби сафида ҳаракат қилиб юрган вақтларида “Фламенго” билан ўйнайди ва ўзининг собиқ жамоаси “Ботафого” футболкасини кийиб олади. Бу ҳам етмаганидек, у ўйин давомида “Ботафого” логотипини ўпади ва бу ҳаракати учун форвард битта ўйинга дисквалификация қилинди.
2019 йил апрель ойида у бош мураббий сифатида Сальвадорнинг “Санта Теcла” жамоасини бошқарган. Орадан бир ой ўтгач, Салвадордаги мавсум якунланади ва кутилмаганда Абреу футболчилик фаолиятини давом эттиришини эълон қилди. Йилнинг иккинчи ярмида эса ўз ватанида "Бостон Ривер" жамоасида ҳаракат қилади. Декабрь ойида Абреу клубга бош мураббий этиб тайинлангани маълум қилинади. 2021 йил 11 июнида “Суд Америка” жамоасидаги 4 ойлик фаолиятидан кейин яна футболчилик фаолиятини тугатганини эълон қилади. Бироқ ўша йилнинг 23 сентябрида Абреу яна яшил майдонга қайтади ва ўзининг она шаҳри Минаснинг “Олимпия” жамоаси учун майдонга тушиб, биринчи ўйинидаёқ гол киритади. Хуллас, унинг бутун фаолияти мана шундай қизиқарли, ажойиб ва антиқа воқеа хамда ҳодисаларга бой тарзда ўтади.
Биз мазкур мақола орқали иложи борича унинг фаолиятидаги энг қизиқарли ва эътиборга молик жойларини етказишга қарор қилдик. У ўйнаган 32 жамоасининг ҳар бирига тўхталиб ўтишдан аслида маъно ҳам йўқ эди.
Бу мақоламиз орқали футболчи номини қоралашдан асло йироқмиз. Аслида, Себастьян Абреунинг фаолияти анча ёрқин ўтган. Терма жамоа ва клублар миқёсида сермаҳсул ўйин кўрсатиб, бир неча маротаба тўпурар мақомига ҳам эришишга муваффақ бўлган. Шунчаки, унинг мисолида ҳар йили клуб алмаштирадиган, “у шохдан бу шохга” қабилида иш тутадиган ҳамма футболчининг ҳам тақдири бундай самарали кечавермаслигини айтмоқчимиз, холос.
Ҳумоюнмирзо Эргашев мақоласи
Фикрлар