"4 ой ичида жамоани идеал даражага келтириб бўлмайди, клубдан кетишимни сезиб тургандим" - "Андижон"нинг собиқ устози мухлисларга нимани мурожаат қилди?

Биласиз, куни кеча “Андижон” клубида бош мураббий ўзгарди. Отабек Ғуломхўжаев истеъфога чиқди. Унинг ўрнини Ёрқин Назаров вақтинча бошқариб турадиган бўлди.

Албатта, Ғуломхўжаевнинг “Андижон”даги бешта турдан кейин ишдан кетиши кўпчилик учун кутилмаган янгилик бўлиб эшитилган бўлса ажаб эмас. Ўз навбатида, мураббий sports.uz мухбирига клубдан кетиши юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Истеъфоси хусусида

- “Андижон”дан кетишимни ўзим ҳам билиб тургандим. Барибир водийда натижага жуда талаб кучли. Шу томонлама норозилик туғилган бўлиши мумкин. Истеъфога нормал қарадим. Ҳар доим бу мураббий билан ёнма-ён юради. “Машъал” билан учрашувдан кейин ҳам клуб раҳбарининг олдига кириб, агар истеъфога чиқариш ниятингиз бўлса, буни тўғри қабул қиламан, деб айтганман. Шунинг учун Кубок баҳсларидан сўнг, клубдан кетганим ҳақидаги қарорга тўғри муносабатда бўлдим. Ўзим бунга тайёр тургандим. Бу борада ҳеч кимга эътирозим ҳам йўқ. Сизга ростини айтаман: “Қўқон-1912”, “Сўғдиёна” ва “Локомотив”га қарши ўйинлардан кейин чемпионатда бироз танаффус юзага келади. Ушбу беллашувларда яхши натижа кўрсатган тақдиримизда ҳам ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзмоқчи эдим. Фақат мени ҳайрон қолдирган ҳолат шу бўлдики, жамоадан кетганимдан кейин вице-президент интервью бериб, мураббийга жамоани шакллантириш учун имконият ҳамда вақт берилди, деб айтган. Ўтган йили икки ой ишлаб, “Андижон”ни Суперлигада олиб қолганимизни ҳисобга олмасак, бу йил январь ойидан йиғин бошладик ва апрель ойигача тўрт ой ўтган. Бутунлай янгитдан тузилган жамоани тўрт ой ичида идеал даражага келтириб бўлмайди. Биз жамоага чўнтагимизга қараб ўйинчилар олганмиз. Лекин гап пулда ҳам эмас. Таркибга қўшилган футболчилар муносиб ўйин кўрсатишга қодир. Уларнинг келажаги бор ва кейинчалик жамоага даромад келтирадиган ўйинчилар йиғилган. Фақат сабр билан вақт керак эди. Лекин шакллантириш учун манаман деган мураббийга ҳам тўрт ой камлик қилади. Ҳаттоки, Клопп, Гвардиола каби мураббийлар ҳам бу вақт ичида ҳеч нима қила олмайдилар. Майли, буни ҳам ҳисобга оламиз. Ҳали айтдим-ку, водийда мухлислар жуда талабчан ва доим ғалабани талаб қилишади. Агар менинг кетишим “Андижон” учун яхшиликка хизмат қилиб, эртага ютишни бошласа, бундан фақат хурсанд бўламан. Аммо клуб раҳбари Журъатбек Қувватовга билдирган ишонч учун раҳмат айтаман. У кишининг суҳбатида айтилган барча гапларга қўшиламан. Жамоага хориждан мутахассис олиб келиш нияти борлигини ва биргаликда ишлашимиз ҳақида ҳам гап борган. Менинг клубдан кетишим тўсатдан юз бергани йўқ. Клуб инфраструктурасида футбол борасида тажрибаси бор инсонлар бўлиши керак. Бу билан ҳозирги ишлаётганларни ëмон демоқчи эмасман. Фақат уларни ëнида ҳар бир йўналишда ҳеч бўлмаса маслаҳат берадиган тажрибали инсон бўлиши керак. Бежизга айтишмайди-ку, футболда майда-чуйда ишлар бўлмайди, деб. Ана шундай пайтда тажрибаси бор, футболда “пишган” инсон камчиликларни вақтида бартараф қилади ва бу жамоага негатив таъсир қилишининг олдини олади.

оооо_2

Жамоанинг яқин келажаги

- Умуман олганда, жамоага ëшларни эмас, балки Ўзбекистоннинг турли клубларида ўйнаган тажрибали футболчиларнинг 7-8 тасини олган билан уларни ҳам шакллантиришга анча вақт талаб қилинади. Охир-оқибат йил ўтади, улар эса катта пул эвазига келади. Энди шаклланишга улгурмасдан келаси йилга бошқа клублардан таклиф бўлиши билан кетади. Ëшларни танлашимиздан мақсад эса уларнинг шартномаси кам чиқим, камида 2-3 йиллик ва улар шу вақт давомида анча жамоавий шаклланиб улгуришади. Қўрқмасдан орасига ҳар йили икки-учта тажрибали ўйинчини қўшиб ротация қилса бўлади ва яқин келажакда бу ўзини молиявий томондан оқлаб, клубга фойда келтиради. Чунки буни замирида Андижонда “Шўрбулоқ”да жуда яхши тизим йўлга қўйилган академия бор. Ҳозирги кунда яхши мураббийларга ҳам эга, айниқса, 2005 ҳамда 2007 йилларда туғилган болалар орасида жуда ҳам кўп истеъдодлар бор ва бу гуруҳлар билан тажрибали мураббийлар ишламоқда. Секин-аста ўринбосарларга жалб қилиб, босқичма-босқич асосий таркибга қўшиб борилса, ўз мевасини беради. “Пахтакор”, “Насаф”, “Бунëдкор” буни яққол кўрсатиб бермоқда. “Насаф”га қаранг, Ҳусайн Норчаев ва яна бир қатор футболчиларга имкон беришмоқда. “Пахтакор” Чемпионлар лигасида 2 та 2003 йил туғилган футболчини майдонга тушириб улгурди. Биттаси - Пўлат Холдорхонов гол уришга ҳам эришди. Биз нимага қўрқишимиз керак, истеъдодларни майдонга туширишга?! Ҳурматли “Андижон” мухлислари, сизларни ҳурмат қилган ҳолда айтаман, жамоада қайси мураббий ишлашидан қатъи назар, натижа ўз-ўзидан дарҳол келмайди. Бунинг ортида оғир меҳнат ва каттакон сабр ëтади. Айниқса, ëшлар билан шаклланаëтган жамоада. Ҳар йили ҳар хил тажрибали ëши катта ўйинчилар келиб кетгани билан ҳеч нима ўзгармайди. Айниқса, натижа яхшиланиб қолмайди. Раҳбарият тизимни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. Сизлар бу ëш жамоани қўллаб-қувватланг. Булар ўз сўзини айтади ва мевасини беради.

Ўзидан кейинги мураббийлар ҳақида

- Ёрдамчиларимни клубда қолишига келсак, барчамиз биргалашиб бу таркибни йиғганмиз. Истеъфо менга нисбатан бўлди, сизлар эса бу ерда қолиб, жамоани ҳар бир ўйинга максимал даражада тайёрлаб, мухлисларни хурсанд қилишинглар керак, деб тушунтирдим. Уларни ютуғи – бу менинг ютуғим. Бундан кейин ҳам “Андижон”нинг ҳар бир ўйинини кузатиб, жамоага мухлислик қиламан.

отабек_11

Қаерда хатога йўл қўйгани тўғрисида

- Мураббийлар билан ўйинларимизни роса таҳлил қилдик. Хатога келсак, февралнинг охиригача маълум бир футболчилар билан ишлаб, уларни тайёрлаб келаётгандик. Жасур Жалолиддинов, Мартин Боаке, Пламен Димов, Низомиддин Зиёвутдинов, Дониёр Исмоилов, хуллас 7-8 нафар жамоа ўзгани ташкил қиладиган йигитлар март ойида қўшилди. Агарда ўша футболчилар таркибимизга январдан қўшилганида қийналмасдик. Ютқазган ўйинларимизга келсак, “Қизилқум” ва “Металлург” билан учрашувларда футболчиларимиз ажойиб ўйин кўрсатишди. Фақат натижа бўлмади. Тўғриси, 15-16 та ўйинчидан 11 талик таркибни тўлиқ аниқлаштириб ололмадик. Аҳамият берган бўлсангиз, бизда ўйиндан-ўйинга таркибимизда бир қатор ўзгаришлар бўлаверди. Балки мураббий сифатида бироз тажрибасизлигим панд бергандир. Чунки бугун хато қилган футболчининг ўрнига кейинги сафар бошқасини туширавердим. Биз буни мураббийлар билан яхшилаб таҳлил қилдик. Ёрдамчиларим энди ҳаммасини яхши тушунишяпти. Аммо “Андижон”да ёмон жамоа йиғилмаган. Фақат футболчилар ғолибона руҳни ҳис қилиб олишлари лозим. Ҳар доим ютқазсак ўзимни-ўзим танқид қиламан. Лекин мана шундай хатоларнинг ортидан ўсиб-ўрганамиз.

Янги таклифлар

- Ҳозирдан бир нима дея олмайман. Лекин “Андижон”дан истеъфога чиққан кунимдан бошлаб Суперлига клубларидан қўнғироқлар бошланди. Ҳамма клубда бош мураббий ишлаяпти. Мен кимнидир ўрнига бормайман. Клуб структурасида кўришни истаймиз, деб мурожаат қилаётганлар бўляпти. Фақат қайси жамоалар эканини айтмай тураман. Мен ҳали кимгадир аниқ жавоб айтганим йўқ. Мураббийлик соҳасида барибир изланиш керак. Менимча, шу ой ўрталарида ҳаммаси ҳал бўлиб қолса керак. Шу фурсатдан фойдаланиб, “Андижон” мухлисларига катта раҳмат. Жамоамиз ютқазган пайтда ҳам идеал даражада қўллаб-қувватлагани учун 18-cекторга ва умуман барча ишқибозларга миннатдорлик билдираман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
04/05/2021 20:33
Отабек яхши инсон яхши мураббий ишларингизни АЛЛОХ илгари к,илсин диомо сог ва саломат бу'линг
Абдурашидов Мираброр
04/05/2021 19:53
Келажакдаги ишлризга омад Отабек Гуломхужаев.