4 та даъвогар: Ла Лигада бу мавсум ким чемпион бўлади?

Мавсумнинг катта қисмида “Атлетико”нинг Ла Лигада чемпион бўлиш эҳтимоли жуда юқори бўлди. Айрим мухлис ва мутахассислар “матрасчилар”ни бу мавсум чиндан ҳам осонликча чемпион бўлишига ишонган эди. Аммо Диего Симеоне жамоаси бирдан сусткашликка йўл қўя бошлади ва ортидан келаётган “Реал” ва “Барселона”га чемпионлик пойгасига қайтишга шароит яратиб берди. Бугунги кунга келиб ғолиблик учун “Севилья”да ҳам имконият бор. Келинг, ҳозир жадвалнинг юқори қисмидаги вазиятни синчковлик билан ўрганиб чиқамиз ва Испания чемпионлиги учун жамоаларда имконият қандайлигини баҳолаймиз.

Агар Европанинг кучли бешлик чемпионатларига назар ташласак, Англия, Италия ва Германияда аллақачон чемпионлик масаласи ҳал бўлиб улгурганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Испания ва Францияда эса чемпионлик учун кураш авж палласида. Айни дамда Ла Лигада бирданига 4 та клуб – “Атлетико”, “Реал”, “Барселона” ва “Севилья”да чемпионлик учун имконият мавжуд. Қуйида турнир жадвалига назар ташлаймиз.

таб1

Кўриб турганингиздек, вазият ўта зич ва шунинг учун тўрт жамоанинг ҳар бири чемпионлик умиди бор. Даъвогарларнинг имкониятларини тўғри баҳолаш учун улар мавсумнинг қолган қисмида қайси жамоалар билан тўқнаш келиши ҳақида маълумотга эга бўлиш лозим.

таб2

Жорий мавсум аввалида “Барселона” мавсумни муваффақиятсиз якунлаши ва Рональд Куман истеъфога чиқарилиши мумкиндек таассурот қолдирган эди. Бироқ каталонияликлар ўзларига келиб олишди. Ҳа, улар Чемпионлар лигасида муваффақиятсизликка учради, аммо ички мусобақаларда ғолиблик учун яхши имконият ҳосил қилишди. “Кўк-анор ранглилар” яқинда “Атлетик” Бильбаони енгиб, Испания кубогини ҳам қўлга киритишди. “Барселона” эртага “Гранада”га қарши 33-турнинг қолдирилган баҳсида иштирок этади. Агар каталонияликлар ушбу ўйинда ғалаба қозонишса, мавсум якунланишига 5 тур қолганида пешқадамга айланиб олади.

Тақвимга кўра, мавсумнинг қолган қисмида чемпионлик учун даъвогарларнинг ўзаро ўйинларини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Жумладан, “Барселона” ўз майдонида “Атлетико”ни, “Реал” эса “Севилья”ни қабул қилади. Агар каталонияликлар мавсумнинг қолган ўйинларида ғалаба қозонишса, “матрасчилар”га қарши ўйиндаги дуранг ҳам уларнинг чемпион бўлишлари учун етарли бўлади. Ўз навбатида “Атлетико” чемпионлик имкониятини сақлаб қолиши учун “Камп Ноу”да ғалаба қозониши талаб этилади. “Атлетико”нинг бундай аҳволга тушиб қолишига биринчи навбатда ўзи айбдор. Агар улар ҳаддан ташқари кўп ўйинларда очко йўқотмаганларида, ҳозир вазият улар учун тамоман бошқача кўринишда бўлган бўларди.

“Реал” Мадрид жорий мавсум “Барселона”га қарши ўтказилган ҳар иккала ўйинда ҳам ғалаба қозонди, аммо чемпионлик одатда “эль-класико”да қўлга киритилмайди. Зинедин Зидан жамоасининг чемпионлик пойгасидаги ҳолати шундайки, улар қолган ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишлари ва энг муҳими, “Атлетико” ва “Барселона”нинг очко йўқотишини кутишлари шарт. “Қироллик клуби” учун мавсумнинг қолган қисми у қадар мураккаб эмас. Аммо мадридликлар қолган рақобатчилар орасида ЕЧЛда курашни давом эттираётган ягона жамоа эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Иккита фронтда жанг қилаётган “Реал” мавсум якунида қандай совринларни қўлга киритишини кўрамиз.

Ажойиб ўйинлари сабаб "Севилья" ҳам чемпионлик пойгасига қўшила олди, гарчи андалусияликларнинг чемпионлик учун имкониятлари рақибларидан кам бўлса ҳам. Хулен Лопетеги жамоаси барибир 1-ўриндаги “Атлетико”дан 3 очкога ортда қолмоқда ва уларни олдинда "Реал" ва "Вильярреал"га қарши бўладиган иккита қийин сафар кутмоқда. Бундай вазиятда “Севилья” Мадридда ғалаба қозониши керак, бу осон бўлмайди. Бироқ, шуниси аниқки, Лопетеги жамоаси курашсиз таслим бўлмайди.

Бизнинг тахминимизча бу мавсум чемпионлик "Барселона"га насиб этади. Рональд Куман жамоаси айни дамда жуда яхши формада ва уларнинг вазияти қолган даъвогарларникидан яхшироқ. Жадвалдаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда, "Барселона" юқорида айтганимиздек, "Атлетико" билан бўладиган дуэлда ҳатто дуранг ҳам қаноатлантиради. "Реал"ни ҳам ҳисобдан чиқариш керак эмас, аммо Зинедин Зидан шогирдларида Чемпионлар лигасида ҳам юришни давом эттирмоқда. "Барселона" эса бор эътиборини фақат чемпионликка қаратган. "Севилья"га келсак, оғир тақвим туфайли андалусияликлар чемпионликка нисбатан узоқроқ.

SPORTS.uz порталининг телеграм канали Ла Лигада жорий мавсум қайси жамоа ғолиб бўлиши мумкинлиги ҳақида ўтказилган сўровнома якунлари қуйидагича кўриниш олди:

“Барселона” – 46%

“Реал” – 44%

“Атлетико” – 7%

“Севилья” – 2%

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!