600 талик довонни ким биринчи забт этади?

Хабарингиз бор кеча Чемпионлар лигаси чорак финал жавоб ўйинида "Барселона" ўз майдонида "Манчестер Юнайтед"ни 3:0 ҳисобида енгди, "Ювентус" эса "Аякс"га 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Шу куни каталонияликлар сафида Лионель Месси дубль қайд этган бўлса, туринликларнинг ягона голига Криштиану Роналду муаллифлик қилди.

Эътиборлиси, айни дамга келиб португалиялик ва аргентиналик футбол юлдузларининг клублардаги фаолияти давомида киритган голлари сони тенглашди. Ҳозирда уларнинг ҳар иккаласи ҳисобида 597тадан гол мавжуд.

Аммо, умумий ҳисобда эса Роналду бироз олдинда. Боиси, у терма жамоаси сафида 85та гол урган, Мессида эса ушбу кўрсатгич 65тани ташкил этади.

Улар шу кунгача қанча ўйинда майдонга тушишгани борасидаги саволга келсак, бу ерда ҳам Роналду (796) Мессидан (679) олдинда.

Эслатиб ўтамиз, 31 ёшли Месси бутун фаолиятини “Барселона” сафида ўтказмоқда. 34 ёшли Роналду эса “Ювентус”дан ташқари шунингдек “Спортинг”, “Манчестер Юнайтед” ва “Реал” Мадрид каби жамоаларда тўп сурган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!