АГМК эртага йиғин ўтказиш учун Дубайга йўл олади

Жамоа айни пайтда янги мавсумга қизғин тайёргарлик жараёни олиб бормоқда. Олмалиқликлар ОЧЛда муносиб иштирок этиш мақсадида таркибни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Шунингдек, янги мураббийлар штаби қўл остида Тошкентда ўтказилган илк ўқув-машғулот йиғинида синов-назорат беллашувлари ҳам ташкил этилди. Бугун АГМК пойтахт йиғинини якунлади. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эртага Олмалиқ шаҳри жамоаси хориж йиғини ўтказиш учун БААнинг Дубай шаҳрига йўл олади. Йиғинга жамоа 25 нафар футболчи олиб кетиши кўзда тутилган. 23 январь – 4 февраль оралиғида АГМК Дубайда 4 та синов-назорат ўйинида ҳам майдонга тушади. Сўнгра жамоа юртимизга қайтиб, ўз уйида ОЧЛ саралаш ўйинига ҳозирликни давом эттиради.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ОЧЛ-2019 саралаши иккинчи ўтиш босқичи доирасида АГМК 12 февраль куни Тожикистоннинг “Истиқлол” клубига қарши баҳс олиб боради. Ўйин Олмалиқда бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!