Ана холос! 36 ёшли Жепаров терма жамоадаги фаолиятини якунламоқчи эмас
Ўзбек футболи афсоналаридан бири – Сервер Жепаровнинг ҳали ҳам мухлислари кўп. Хабарингиз бўлса, тажрибали ярим ҳимоячи ҳозирги пайтда фаолиятини Қозоғистоннинг “Жетису” клубида давом эттиряпти. Ўтган йили Эрон чемпионатида тўп суриб яхши таассурот қолдирган ўйинчи эндиликда қўшни қозоғистонлик мухлисларнинг ҳам меҳрини қозонишни мақсад қилган кўринади. Аммо у 36 ёшда эканлигини ҳам унутмаслик керак. Яна бир эътиборга молик томони шундаки, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи Эктор Купер уни дастлабки йиғинга таклиф қилмади.
Футболчи бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Миллий терма жамоамизни тажрибали мураббий қабул қилиб олганидан жуда хурсандман. Унинг терма жамоага мени чақирмаганига келсак, ҳаммасини тўғри қабул қилиш керак. Ахир бош мураббий жамоага кимларни чақиришни ўзи ҳал қилади. Чунки ҳар бир мутахассиснинг ўйинни ташкил этиш борасида ўз ғоялари бўлади. Бевосита ўзимга келсак, терма жамоадаги фаолиятимни тугатиш ниятим йўқ. Бу ўз навбатида клуб миқёсидаги фаолиятимга ҳам тааллуқлидир. Сабаби, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Шунинг эвазига тўп сурадиган клубим олдига қўйиладиган вазифаларни бажаришда фойдам тегиши мумкинлигига ишонаман. Мен буни “Истиқлол”да тўп суриб юрган чоғимда ҳам исботладим. Ушбу жамоа билан Осиё Чемпионлар лигаси чорак финалига чиқдим.
Тажрибали футболчи билан суҳбатнинг тўлиқ матнини тез орада сайтимизда ўқишингиз мумкин. Биздан узоқлашманг!
Фикрлар