Ашхобод-2017. Енгил атлетикачиларимиз 4та медаль билан ортга қайтишмоқда

Аввал хабар берганимиздек айни кунларда Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинлари давом этмоқда. Мусобақанинг бешинчи куни Ўзбекистон делегацияси учун ҳар жиҳатдан самарали ва унумли бўлди.

Бунга қадар спортчиларимиз медаллар жамғариш масаласида мезбонлардан сўнг Эрон, Қозоғистон, Хитой, Таиланд, БАА, Ҳиндистон делегацияларини олдинга ўтказиб юбориб умужамоа ҳисобида саккизинчи ўринга жойлашиб олишганди. Бешинчи кунги беллашувларда терма жамоамиз аъзолари 4 та олтин, 7 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумий 57 та медаль билан кучли учликка кўтарилиб олишди.

Енгил атлетика бўйича беллашувларнинг сўнгги кунида терма жамоамиз аъзолари биттадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди. Ядро улоқтириш баҳсларида Елена Смолянова 15.60 метр натижаси билан кумуш медалига сазовор бўлган бўлса, Марат Хайдаров кўпкураш баҳсларида бронза медали билан тақдирланди.

Енгил атлетика бўйича мусобақалар якунига етди ва бугун эрталаб терма жамоамиз аъзолари Тошкентга жўнаб кетишди. Осиё ўйинларида енгил атлетикачиларимиз томонидан 1 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медали қўлга киритилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!