Баку-2017: Жуфтлик баҳсида ҳамюртларимизнинг қўли баланд келди

Хабар бериб ўтганимиздек IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг теннис бўйича мусобақаларида эркаклар терма жамоамиз илк учрашувини кеча Туркманистон терма жамоасига қарши ўтказган, уларда Саидаъло Саидкаримов  рақиби Георгий Почайга дастлабки сетни 3:6 ҳисобида бой берган бўлса, кейинги икки сетда 6:4, 7:5 ҳисобларида ғалаба қозониб учрашувни ўз фойдасига ҳал қилганди. Яна бир теннисчимиз Сергей Фомин эса афсуски Юрий Рогусскийга 2:6, 6:4, 4:6 ҳисобларида ютказиб қўйганди. Натижада туркманистонлик теннисчилар ҳисобни тенглаштириб олишганди.

Ўзбекистон МОҚнинг хабар тарқатишича, Ўзбекистон ва Туркманистон терма жамоалари ўртасидаги баҳс тақдирини ҳал қиладиган жуфтликлар ўртасидаги бахс кеча Бокудаги ноқулай об ҳаво шароити туфайли ўтказилмай қолганди. Ушбу учрашув бугун бўлиб ўтди ва унда Саидкаримов/Султонбеков жуфтлиги Рогусский/Гурбанов жуфтлига қарши кураш олиб боришди. Теннисчиларимиз ҳар иккала сетда 6:3, 6:4 ҳисобларида ғалаба қозониб учрашувни ўз фойдаларига ҳал қилишди. Демак 3 та ўйин натижасига кўра ҳисоб 2:1 Ўзбекистон терма жамоаси фойдасига.

Қайд этиш лозим, худди қизларимиз каби йигитларимиз ҳам кейинги босқичга йўлланма олишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!