«Барса» «Лион»ни ютиш учун нима қилиши​ керак? (Эркин Ғайбуллаев блоги)

“Барселона” ўтган ҳафта Европа Чемпионлар Лигаси нимчорак финали дастлабки учрашувида сафарда “Лион” меҳмони бўлди ва нурсиз дуранг билан жавоб ўйини олдидан ўзини бироз қийнаб қўйди.

Одатда осонликча голлар урадиган каталонияликлар ўтган шанба куни Ла Лига доирасида “Реал Вальядолид”га қарши ўйингача қаторасига уч ўйинда дуранг ўйнади. Тўрт ўйинда атиги тўрт гол уришди.

Шулардан учтаси Лионель Мессининг ҳисобига тўғри келди. Шундан иккитасини аргентиналик футбол даҳоси пеналтидан киритди. Аммо дунёнинг энг кучли футболчиси жамоа етакчиси ва тўпурари Фекирсиз қолган “Лион”ни енга олмади.

Луис Суарес ЕЧЛда навбатдаги ўйинида ҳам голсиз майдонни тарк этишига тўғри келди. Кўҳна қитъанинг нуфузли мусобақасида у бешала ўйинда ҳам гол ура олмади.

Умумий олганда, уругвайлик ҳужумчи 24 соатдан бери бирорта гол уролмай келмоқда. “Лион”га қарши баҳсда ҳужумчи бир қатор қулай вазиятларни кўкка совурди ва жамоадошларининг ҳужумлари бесамар якун топишига “ҳиссаси”ни қўшди.

Суареснинг бундай ўйин намойиш қилиши жамоа учун муаммо бўлади. Хатто январда олиб келинган Кевин-Принс Боатенг ҳам асосий таркиб футболчиси бўла олмаслигини исботлаб қўйди. Балки, яхшиси “Барса” Суарес вариантини четга суриб қўяр?

Валвьерде уни майдон четида қолдириб Мессидан “алдамчи тўққизлик” вазифасида фойдаланиб кўрар? Қанотларда Усмон Дембеле ва Филиппе Коутиньо ёки Малкомларни ўйнатиб кўриши мумкин.

Дембеле француз клубига қарши ўзига хос бўлмаган ўйин услубини намойиш қилди. Аммо камдан-кам ҳолларда у бундай ўйнайди.

Унинг зарбалари ва узатмаларини таҳмин қилиб бўлмади. Мухлисларнинг норозилигига ҳам сабабчи бўлди.

У спорт формасида бўлмаса ҳам, тезлиги, олдиндан билиб бўлмаслиги ва муҳим голларни уриш қобилияти билан бир ўзи ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин.

У бундай лаҳзаларни жорий мавсумда бир неча марта кўрсатиб берди.

Вальверде уни ўйин тугашига чорак вақт қолганида захирага олди ва “Барса” усиз жуда қийналиб қолди. Месси майдонда бўш зоналарни топишда қийналиб қолди.

“Лион” ҳимояси “Боруссия Дортмунд”нинг собиқ вакили ҳужумларидан кўра кўпроқ Коутиньони “қуролсизлантириш”да устунликка эришишди.

“Лион” клуби бу мавсумда ЕЧЛнинг ҳар бир ўйинида ўз дарвозасидан камида битта гол ўтказиб юборган. “Кўк-анорранглилар”га қарши нурсиз дуранг француз клуби фойдасига ишлаши мумкин. “Камп Ноу”да ҳар қандай голли дуранг уларни чорак финал босқичига олиб чиқади.

Гарчи жавоб ўйинида ҳам каталонияликлар фаворит ҳисобланишсада, “Лион” муносиб қаршилик кўрсата олади.

Улар ушбу мавсумда уччала сафар ўйинининг барчасида гол уришга эришган. “Хоффенхайм” ва “Шахтёр” билан дуранг ўйнаб, “Манчестер Сити”ни сенсацион тарзда мағлуб этганди.

Бу статистика улар сафарда ҳам гол ура олишини исботлайди. Боз устига Набиль Фекир жавоб ўйинида албатта иштирок этади. Демак, Вальверде ўзига хос тарзда ўзгариш қилмаса “Рома”га қарши ўйиндан ҳеч қандай хулоса қилмаган бўлиб чиқади.

(Мақола кечаги ўйиндан олдин ёзилган)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
kuperlox
24/02/2019 15:10
балки мессининг ашаддий ишкибозидирман, лекин барса мессини уйини чикмаса хеч нарса кила олмаяпти... фикрлар булса мархамат.