Биласизми? Ўзбекистон - Япония учрашувини бошқарадиган ҳакам Ўзбекистон кубоги финалида ишлаган (фото)
Учрашув Ал-Айн шаҳридаги "Халифа бин Зайд" стадионида бўлиб ўтади. Мазкур баҳсни БААлик ҳакам Муҳаммад Абдулла Ҳасан Муҳаммад бошқариб боради.
Мазкур рефери 2010 йилдан буён ФИФА ҳаками сифатида фаолият олиб боради. 2015 йилги қитъа биринчилигида, 2018 йил Россия майдонларида ўтган ЖЧда ҳам ишлаган.
Шу вақтга қадар 40 ёшли Муҳаммад Абдулла Ҳассан Муҳаммад ўзбек жамоалари иштирокидаги 6 учрашувда ишлаган. Уларда жамоаларимиз 2 бор ғалаба қозонган, 1 бор дуранг ўйнаган ва 3 марта мағлуб бўлган.
Жумладан 2012 йилги U-16 Осиё чемпионати саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон ва Покистон ўсмирлари ўртасидаги беллашувда ишлаган. Ўшанда жамоамиз 3:0 ҳисобида рақибдан устун келган.
2013 йилги ОЧЛ гуруҳ босқичида "Бунёдкор" ҳамда "Санфречче Хиросима" жамоалари ўртасидаги ўйинда (0:0) ҳам айнан БААлик ҳакамлар фаолият юритишган эди.
2014 йилги ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида КХДРдан 0:5 ҳисобида мағлуб бўлган ўйинда ҳам айнан қаҳрамонимиз ҳакамлик қилган.
Бундан ташқари Осиё кубоги-2015 2-турида Хитой термаси билан кечган баҳс (1:2), ЖЧ-2018 2-саралаш босқичи доирасида Баҳрайн билан Тошкентда кечган учрашувда (1:0) ҳам БААлик рефери фаолият олиб борган эди.
Унинг бошқарувида ўтган энг ёдда қоларли учрашув эса бу ЖЧ-2018 сўнгги саралаш босқичи доирасида кечган. Сурияга қарши нейтрал майдонда ўтган ўша маъшум ўйин сўнггида Муҳаммад Абдулла Ҳасан Муҳаммад термамиз дарвозаси томон пенальти белгилаган якунда ўйин сурияликлар фойдасига ҳал бўлган эди - 0:1.
Шунингдек, 2017 йилги Ўзбекистон кубоги финал учрашуви ("Локомотив" - "Бунёдкор") ҳам Муҳаммад Абдулла Ҳассан Муҳаммадга ишониб топширилган эди. Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида кечган қарама-қаршиликда "темирйўлчилар" Марат Бикмаевнинг ягона голи эвазига биллур соврин эгасига айланишган эди.
Фикрлар