Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида ғолиб бўлган ўсмирларимиз Тошкентга қайтиб келишди
Хабарингиз бор, ўзбекистонлик ёш ақл-идрок соҳиблари Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида иштирок этиб, биринчи ўринни қўлга киритгандилар.
Бугун ана шу нуфузли мусобақа ғолиблари юртимизга қайтиб келдилар. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда. Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасаддилари, спортчиларнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Эслатиб ўтамиз, Ҳамюртларимиз тўққизта тур якунига кўра энг кўп очко жамғариб, олтин медалга эга чиқдилар. Мусобақа давомида Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Украина, Венгрия, Польша, Молдова, Хитой терма жамоалари мағлуб этилди. Шахмат Олимпиадасида юртимиз шарафини Нодирбек Ёқуббоев, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдaров, Шамсиддин Воҳидов ва Ситора Сапарова ҳимоя қилди. Улар баҳсларда мураббий Сайдали Йўлдошев бошчилигида дона суришди.
Фикрлар