“Челси” ҳеч ким танимайдиган футболчи учун 80 млн тўлади, у ким ўзи?

23 ёшли бу дарвозабон жаҳоннинг энг қимматбаҳо голкиперига айланди. Хўш, у ким ўзи? Қуйида Кепа ҳақида батафсилроқ маълумотга эга бўласиз.

9 минг киши яшайдиган шаҳарчада туғилган

ondarroa

Бу Ондарроа ўлкаси, 3,6 км квадрат майдонга эга. 2010 йилги статистик маълумотларга қараганда, ушбу ўлкада 8 856 нафар инсон истиқомат қилади. Қаҳрамонимиз шу ерда туғилган. Бу шаҳардан Бильбаогача 41 кмлик масофа бор. У 9 ёшида “Атлетик” академиясига келади ва ҳафтасига 2-3 марта узоқ йўл босиб, машғулотларга қатнашга мажбур бўлади. Орадан етти йил ўтиб фарм-клуб – “Баскония” сафида дебют қилади. Бир марта эҳтиёж туғилганидан майдонда ҳаратланадиган футболчи бўлиб ҳам тушиб, 2 та гол киритишга ҳам эришади.

У Европа чемпиони

arriza

2012 йилда Кепа Испания ёшлар (U-19) термаси билан Европа чемпионатига боради. Таркибда Сусо, Пако Алькасер, Сауль, Хесе каби футболчилар бор эди. Хулен Лопетеги бошқарувидаги жамоа ўшанда гуруҳ босқичини жуда осонлик билан босиб ўтади. Ярим финалда эса Франция билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади. Дарвоқеа, ўшанда “уч ранглилар” сафида Погба ва Умтитилар гол киритишади. Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида қаҳрамонимиз Умтити ҳамда Кондогбиялар томонидан берилган зарбаларни бартараф этади ва жамоасини финалга олиб чиқади. Финалда эса Хесе томонидан киритилган ягона гол испанларга Грецияни мағлуб этишиучун етарли бўлади.

Кепа Испания термаси тўп сурган “Атлетик”нинг 100-футболчиси

kepa spain

Бу воқеа ўтган йили ноябрь ойида содир бўлади. Лопетеги ёш дарвозабонга Коста-Рикага қарши ўйинда ишонч билдиради. Малагада кечган беллашувда “қизил фурия” 5:0 ҳисобида рақибдан устун келади. Аррисабалага учинчи дарвозабон сифатида Россия мундиалида иштирок этганини ҳам қўшимча қилиш жоиз.

Қишда “Реал”га ўтмади

Қишда қатор оммавий ахборот воситаларида Кепанинг “Реал”га ўтиши борасида хабарлар пайдо бўлди. Эмишки, мадридликлар ёзда шартномаси тугайдиган дарвозабон учун “Атлетик”ка 20 млн евро беришга тайёр. Орадан икки ҳафта ўтиб эса Кепа билбаоликлар билан 2025 йилга қадар мўлжалланган шартнома имзолади. Товон пули ҳам олдингидек 20 млн эмас, 80 млн евро этиб белгиланди.

“Яқинларим ва дўстларим билан маслаҳат қилгандан сўнг қолишга қарор қилдим. Мен жамоам учун яна етти йил ўйнашга тайёрман”, – деган эди Кепа бундан ярим йил илгари.

Унинг устунлиги нимада?

qush1

Мутахассислар унинг реакциясига юқори баҳо беришмоқда. Ҳақиқатдан ҳам YouTube видеохостингида унинг сэйвлари акс этган лавҳалар талайгина. У пеналтиларни бартараф этишга ҳам анча уста, ўтган мавсум “Малага” билан кечган ўйинда қаҳрамонимиз ўзини кўрсатган эди.

Бироқ унда тўпга чиқишда хатоликлар бор эканлигини ҳам кўриш мумкин. Бурчак тўплари, жарима зарбалари вақтида қандай ҳаракат қилиш кераклиги борасида ўрганадиган жиҳатлари бисёр.

Қушлар шайдоси

Кепа қушларга жуда ҳам қизиқади. У отаси билан Окер, Рокки, Райконен исмли қушларни боқади. У бу қушлар билан турли танловларда ғолиб ҳам чиққанлигини айтиш жоиз.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!