Чемпионлик ўйини бўлиши кутилаётган "Локомотив" - "Пахтакор" ўйини бошқа кунга кўчирилди
ЎзПФЛ Суперлиганинг иккинчи босқич тақвимини тузиб чиқаётганида Эктор Купер ҳамда МТЖ масъул вакиллари билан келишиб, ўйинларни терма жамоаларга ҳалал бермайдиган кунларга тайин қилганди. Бунинг натижасида шу кунгача иккинчи босқич тақвимига қатъий амал қилиб келинди. Аммо Ўзбекистон миллий термасининг Австралия йиғинидан қайтиб келиши бироз чўзиладиган бўлди. Эндиликда бош жамоа Тошкентга 23 ноябрь куни кечки пайт етиб келади. Тақвим бўйича 25 ноябрь куни чемпионлик ўйини бўлиши кутилаётган “Локомотив” — “Пахтакор” учрашуви ўтказилиши керак эди.
Мазкур масала юзасидан “Пахтакор” футбол клуби ЎзПФЛга таклиф билан чиқиб, учрашувни бир кунга кечиктиришни сўради. Шунингдек, “Локомотив” футбол клуби бу таклифни қўллаб-қувватлади. Мазкур жамоалар футболчилари миллий терманинг асосини ташкил этиши инобатга олиниб, ПФЛ уларнинг таклифини маъқуллади ва пойтахт дербисини 26 ноябрга кўчирди. Бу каби марказий ўйинларда футболчиларнинг тўлиқ куч билан ҳаракат қила олиши асосий фактордир.
Фикрлар