Делегациямизнинг асосий қисми Жакартага етиб келди

Шу кунгача футбол, от спорти, теннис, пенчак силат, академик эшкак эшиш, слаломда эшкак эшиш, бокс, қиличбозлик, енгил атлетика бўйича терма жамоаларимиз Индонезияга етиб келишгани ҳақида хабар бериб ўтгандик.

Бугун делегациямизнинг катта қисми, жумладан, таэквондо WTF, ушу, сузиш, эркин ва юнон-рум кураши, оғир атлетика баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларимиз Осиё ўйинлари пойтахтига етиб келишди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси расмий сайти хабар бермоқда.

Уларни маҳаллий «Soekarno Hattа» халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикасининг Индонезиядаги элчихонаси вакиллари, Миллий олимпия қўмитаси ишчи гуруҳи аъзолари, Жакартада истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз, шунингдек, ташкилий қўмита томонидан Ўзбекистон спорт делегацияси учун бириктирилган кўнгиллилар кутиб олишди.

Спортчи ва мураббийларимиз аэропортдан тўғри Кемайоран дахасидаги Олимпия шаҳарчасига йўл олишди. Улар Осиё ўйинлари давомида айнан шу ерда истиқомат қилишади.

Маълумот учун, эртага соат 18:08да (Тошкент вақти билан 16:08) Жакартадаги «Gelora Bung Karno Stadium»да XVIII Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. 19 августдан эса асосий мусобақаларга старт берилади. Ўша куни сузиш, эркин кураш, ушу, ўқ отиш, академик эшкак эшиш, теннис ҳамда қиличбозлик бўйича баҳсларда спортчиларимиз ўз иштирокларини бошлашади. Шунингдек, футболчиларимиз Таиланд терма жамоасига қарши гуруҳдаги сўнгги учрашувларини ўтказадилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!