
Достон Ҳамдамов: Хитойдаги муваффақиятни Жакартада ҳам такрорлаймиз.
Яна саноқли кунлардан сўнг Индонезияда навбатдаги Осиё ўйинлари старт олади. Ушбу мусобақада эса футболчи йигитларимиздан барча фақат ғалаба кутмоқда. Терма жамоамиз таркибидаги иқтидорли ярим ҳимоячилардан бири Достонбек Ҳамдамов эса ушбу йирик турнир олдидан МОҚ матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Мусобақага тайёргарлик яхши ўтди. Йиғинлардан кўнглимиз тўлди. Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатидан сўнг ушбу мусобақага жиддий киришганмиз. Насиб қилса, Хитойдаги муваффақиятни яна бир маротаба такрорлаймиз.
Клубдан рухсат олишда муаммо бўлдими? Тўғри, мусобақа FIFA кунларига тўғри келмаганлиги сабабли бу борада бироз муаммо бўлди. Аммо, барибир якунда улар ҳам ўз юртим жамоасига ёрдам беришимга руҳсат беришди, мени тушунишди. “Анжи” клубидагилар ҳам Осиёда чемпионликка эришганимизни билишади. Шахсан ўзимда ҳам ушбу мусобақада қатнашиш иштиёқи кучли эди. Бу ҳар бир спортчининг орзуси. Худо хоҳласа ҳаракат қилиб ватанимизга яна бир бора чемпионликни тақдим этамиз. Бизда кучли истак бор. Фақат олдинга борамиз, ортга йўл йўқ", – дейди Ҳамдамов.
Эслатиб ўтамиз, Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоамиз бугун Жакарта шаҳрига етиб борди.
Комментарии