Дубайда Ўзбекистон МТЖ аъзолари билан йиғилиш ва фотосессия ўтказилди (Фото)

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари айни пайтда Дубай шаҳрида Осиё Кубогига тайёргарлик кўришмоқда.

Бугун ОФК вакиллари терма жамоамиз аъзолари жойлашган меҳмонхонага ташриф буюриб, йиғилиш ўтказишди. Йиғилишда ОФКнинг Дубай шаҳридаги "Rashid stadium" ўйингоҳис бўйича бош координатори Суминори Гоко, Мусобақаларни ўтказиш бўйича менежер Ҳованд Масъуд, Лоренцо Фофи, Маркетинг бўйича менежер Кью Сяо, Медиа департамент вакили Лаура Родригес Рей, Аълобайди Зиёд Муҳаммад ҳамда ўзбекистонлик ФИФА ва ОФК инструктори Фарҳод Абдуллаев қатнашишди.

Дастлаб, Суминори Гоко Ўзбекистон терма жамоасини мусобақада кўришдан мамнун эканини билдириб ўтар экан, вакилларимизга Осиё Кубогида омад ёр бўлишини тилади. Шундан сўнг мусобақа давомида терма жамоамиз аъзолари қатнашиши керак бўлган барча расмий тадбирлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Шундан сўнг ФИФА ва ОФК инструктори Фарҳод Абдуллаев Осиё Кубоги мусобақаси давомида футболчилар аҳамият қаратиши керак бўлган қонун-қоидаларга тўхталиб ўтди. Футбол ўйини қоидаларига киритилган баъзи ўзгаришлар ҳақида мураббий ва футболчиларни хабардор қилди.

Жумладан, Фарҳод Абдуллаевнинг хабар беришича Осиё Кубоги чорак финалига қадар учрашувларда майдон ортидаги ҳакамлар хизматидан фойдаланилади. Чорак финалдан бошлаб эса улар ўрнига VAR тизими ишлайди.

Бундан ташқари, Осиё Кубогидан ўрин олган учрашувларда симуляция ишлатиб, ўйин вақтини атайлаб чўзишга уринган футболчининг хатти-ҳаракатлари учун терма жамоа 1000 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди. Ҳаводаги тўп учун курашда қўлларини ишга солиб, ҳакамга билдирмасдан рақиб юзига зарба йўллашга уринган футболчиларнинг ҳаракатлари ҳам қатъий тарзда жазоланиши бўйича ҳакамларга топшириқ берилгани маълум бўлди.

Фарҳод Абдуллаев қисқа видеороликлар ёрдамида мураббий ва футболчиларга ўйиндаги вазиятларни намойиш қилиб, ҳакам томонидан жазоланмаслик учун нималарга аҳамият қаратиш кераклиги ҳақида тушунча бериб ўтди.

Йиғилиш якунига етгандан кейин Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари иштирокида фото ва видеосессия уюштирилди. Учрашувлардан аввал майдондаги таблоларда таркиб таништирилаётганда намойиш этиладиган видеолавҳалар ва гол киритилган вазиятларда қўйиладиган роликлар учун суратга олиш ишлари ташкил этилди.

927032351c6c14f4b4e6097234ebb56754d47ee9

ee3696bc5a248cebadcf68abf29674e5e637eb1e

2c60de619681617dae2cc18e4a0b8539b7330d78

Бундан ташқари, миллий терма жамоа менежерлари ва делегация расмийлари учун яна алоҳида митинг бўлиб ўтди. Ушбу митингда ЎФА Терма жамоалар департаменти директори Шарофиддин Ҳожиниёзов, Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Диёр Исаметдинов, Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим Арифов, ЎФА Матбуот хизмати бошлиғи Ёқубжон Бобожонов, терма жамоа маъмурлари Сарвар Тожиев ва Шукрулло Ашуров қатнашишди.

Ушбу митинг давомида терма жамоа аъзоларининг машғулот ўтказиш, ўйинга келиш ва кетиш тартиби, ўйиндан аввалги ва кейинги матбуот анжуманлари, флеш-интервьюлар ва бошқа расмий тадбирлар бўйича муҳим маълумотлар бериб ўтилди. Миллий терма жамоа футболчилари ва расмийлари учун ОФК томонидан тайёрланган аккредитациялар тақдим қилинди.

Шифокорлар учун ташкил этилган митингда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош шифокори Аброр Пирриев ҳамда шифокор ва массажчи ходимлар қатнашишди. Уларга ҳам ўйин давомида амал қилиш зарур бўлган қонун-қоидалар бўйича маълумотлар бериб ўтилди.

photo_2019-01-03_18-22-30

photo_2019-01-03_18-25-22

photo_2019-01-03_18-24-30

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!