Эктор Купер нега Виталий Денисов ва Элдор Суюнов БААга бормаслиги, йиғин ва бошқалар ҳақида гапирди

Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин ўтказаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер йиғин ва бўлажак Осиё Кубоги ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Қуйида эътиборингизга аргентиналик мутахассиснинг фикрларини келтириб ўтамиз:

"Туркиядаги йиғинга 27 нафар футболчини олиб келдик. Ўзбекистонда мавсум энди тугади, футболчиларнинг жисмоний ҳолатлари ҳар хил. Машғулотлар пайтида ҳар қандай ҳолат рўй бериши мумкин, жароҳатлардан ҳеч ким кафолатланмаган. Шу сабабли биз йиғинга кўпроқ футболчи олиб келишга қарор қилдик. Терма жамоанинг ўзаги эса аллақачон шаклланиб бўлган. Футболчиларнинг кўплиги рақобатни кучайтиради. Янги жалб қилинган футболчилар ҳам ўзларини кўрсатишга интилиб, натижада терма жамоадаги асосий таркибга бўлган соғлом рақобат кучаяди.

Йиғиннинг дастлабки кунлари Анталияда кучли ёмғир ёғди. Лекин бу ҳолат бизни тўхтатиб қололмади. Ҳар қандай об-ҳаво шароитида машғулотларни давом эттирдик.Йиғинга жалб қилинган барча футболчилар ҳақида ижобий фикр билдириш мумкин. Масалан, Туркияга 4 нафар дарвозабон олиб келдик. Уларнинг барчаси яхши спорт формасида. Бизга боғлиқ бўлмаган ҳолда баъзи футболчиларни таркибдан чиқаришга мажбур бўлдик. Масалан, Иван Нагаев жароҳати сабабли йиғинни эрта тарк этди. Элдор Суюнов эса қўлидан олган жароҳати сабабли Туркияга кела олмади.

Барча позициялар бўйича бир неча нафар футболчиларни кўриб чиқмоқдамиз. Рақобатни кучайтириш мақсадида. Масалан, Фозил Мусаев яқинда жароҳатидан тикланиб сафга қайтганига қарамай, у ярим ҳимоя позициясида рақобатни анча кучайтира олади.

Виталий Денисов ҳақида. Виталий Денисовни йиғинлар давомида кўрдик. Ундан ташқари Россия чемпионатидаги ўйинларини кузатиб бордик. Ўзимизга хулоса чиқардик. Қарор қабул қилишда асосий омил сифатида унинг ҳозирги ҳолатини келтириш мумкин. Денисовнинг позициясида ўйнайдиган 2 нафар футболчимиз бор: Фаррух Сайфиев ва Олег Зотеев. Мухлислардан баъзилари Зотеевни олиш керак эди деса, баъзилари Фаррух ундан кучлироқ дейди. Ҳамманинг фикри ҳар хил. Лекин якуний қарорни мураббий қабул қилади. Менинг қарорим ҳам 100 фоиз тўғри бўлиб чиқади, деб айта олмайман. Агар хато бўлса, айб менда бўлади.

Бу дегани Виталий Денисов энди Ўзбекистон терма жамоасига умуман чақирилмайди, дегани эмас. Биз кейинчалик Жаҳон чемпионати саралашларида унинг хизматидан фойдаланмоқчимиз. Умуман олганда, ҳар бир футболчи баъзан терма жамоадан чақирув олишига, баъзан эса таркибдан четда қолишига ҳамиша тайёр туриши керак. Футболчилар миллий терма жамоа учун баъзи нарсаларни қурбон қила олиши керак. Шундагина у терма жамоа таркибида муваффақиятга эриша олади.

Хитойда Осиё чемпионлигига эришган Ўзбекистон U-23 терма жамоасида кўплаб иқтидорли футболчилар бор. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам миллий терма жамоа таркибида яхши ўйин кўрсатиб кета олмайди. Чунки ўз тенгқурларига қарши яхши ўйнаган футболчи ўзидан катта ёшдаги футболчилар билан ўйинда йўқолиб қолиши мумкин. Мен нафақат Ўзбекистон олимпия терма жамоаси, балки ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларидаги футболчиларни ҳам кузатиб бормоқдаман. Умуман олганда, таркибга футболчи жалб қилаётганда ёшига қарамайман. Баъзилар 35 ёшдан кейин футболчи терма жамоага фойда бера олмайди, деб ўйлаб, уни ҳисобдан чиқара бошлайди. Мен футболчининг ўша пайтдаги спорт формасига, жисмоний ҳолатига қарайман.

Ўтган 4 ойга яқин вақт давомида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўз ўйин услубини шакллантиришга ҳаракат қилдик. Биз Осиё Кубогида ана шу ўйин услубимизда тўп сурамиз. Тўғри, кучли рақибларга қарши ўйнайдиган бўлсак, тактикамизга баъзи ўзгаришларни киритишимиз мумкин. Мен Миср терма жамоасини бошқарганимда, Гана, Нигерия каби кучли терма жамоаларга қарши ўйинларда бошқача ҳаракат қилардик.

Ҳар бир мураббийнинг ўз фалсафаси бор. Агар таркибдаги футболчилар мазкур фалсафани тўғри тушуна олса ва майдонда борини бериб ҳаракат қилса, албатта жамоа ўз олдига қўйган мақсадга эришади".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!