Енгил атлетика федерацияси ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида мамлакат Енгил атлетика федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияни Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов олиб борди.
Федерациянинг ўтган тўрт йилликдаги фаолияти ҳақида Бош котиб Евгений Нуждин ҳисобот берди. Рио-де-Жанейродаги ёзги олимпиадага енгил атлетикачиларимиз 18та лицензия қўлга киритишгани, Осиё ўйинлари ва қитъа чемпионатларида кўплаб медалларга сазовор бўлишгани эътироф этилди. Пойтахтимизда замонавий талабларга жавоб бера оладиган янги база қурилиши тез орада якунланиб, янги мусобақаларга тайёргарлик кўриш учун янада қулай шарт-шароитлар яратилиши таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, ревизия комиссиясининг ҳисоботи тингланди. Федерациянинг ҳисобот давридаги фаолияти қониқарли баҳоланди.
Конференцияда мамлакат енгил атлетика федерациясининг янги раҳбар таркиби сайланди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов Федерация раиси, Бахтиёр Икрамджанов раис ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттирадиган бўлишди. “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси бошқарув раисининг ўринбосари Олимхон Рустамов федерация раисининг биринчи ўринбосари этиб сайланди. Бунга қадар Ўзбекистон паралимпия ассоциациясида фаолият олиб борган Абдулла Сагдиев, мамлакат бокс федерациясида бош котиб сифатида ўзини кўрсатган Бехзод Миртимиров энди енгил атлетика федерацияси раис ўринбосарларига айланишди. Камолиддин Рўзамуҳаммедов федерация бош котиби бўлиб ишлайди.
Анжуманда спорт қироличасини ривожлантиришга доир масалалар атрофлича муҳокама қилинди.Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Адҳам Икромов ва Ғуломжон Ибрагимов иштирок этишди.
Фикрлар