"Ҳафта воқеликлари" кўрсатуви терма жамоамиз ўйини, ОЧЛ-2019 қуръаси, ва Роналдуга бағишланади

Хабарингиз бор, сайтимиз томонидан “Ҳафта воқеликлари” дея номланган лойиҳани тақдим этиб келмоқдамиз. Сиз унда ўзбек, Осиё ва жаҳон футболида содир бўлган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари билан танишишингиз мумкин.

Дастлаб ўзбек футболи ҳақида.

1.Жанубий Кореядан мастер-класс. Қайсар Купернинг ўзбек футболига тўғри келмаётган тактикаси. Шунда ҳам аргентиналик мутахассис ўз фикрларида содиқ қоладиган бўлса ҳавотиримиз янада ошиши аниқ.

Жанубий Корея терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашидагидан анча кучайган. Паулу Бенту шогирдлари Осиё Кубогига тайёрлар. Улар Эктор Купер шакллантираётган Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши ўйинда хоҳлаганларини қилишди, бизникилар эса гўёки майдонда бир эмас, икки киши камдек таассурот қолдиришди. Ёки турли ёшдаги терма жамоаларнинг ўртоқлик ўйинларидек туюлди. Вакилларимиз шу куни фақат бир нарсага эътибор қаратишди. У ҳам бўлса рақибдан тўпни қандай қилиб олиб қўйиш. Ҳужум ҳақида ўйлаш уларга ортиқчалик қилди.

Беллашувда ўйин, натижа, техника ва бошқа жиҳатлар бўйича рақиб ҳамюртларимиздан устунликка эришди. Ҳисобнинг ўзиёқ учрашувни кўрмаган инсон учун ҳулоса чиқариб олишга етиб ортди, назаримизда.

Ҳа айтганча, Жанубий Корея – Ўзбекистон баҳсида “VAR” тизимидан фойдаланилди. Аммо бутун ўйин давомида ушбу тизимга умуман мурожаат қилинмади. Сабаби вакилларимиз нафақат “VAR”ни, балки ўзларини ҳам оввора қиладиган ўйин намойиш этишмади.

Эктор Купер ҳимояга этибор бергани яхши. Аммо у тез орада бошланадиган Осиё Кубогига жамоанинг потенциалидан келиб чиқиб, тактика танлаганда мақсадга мувофиқ бўларди. Унинг ўзи ҳам муҳлислар ва журналистларнинг танқиди ҳамда босимидан қутиларди. Кейин эса бироз дам олиб жаҳон чемпионати саралашига тайёргарликни бошларди. Ўшанда жаноб Куперда мундиал саралашининг асосий босқичигача ҳимоявий тактикани шогирдларига сингдириши учун етарлича вақт бўларди. Бироқ аргентиналик мутахассис ҳозирдан ўз принсипларида содиқ туриб олмоқда. Яхшиликка деб умид қиламиз.

Йиғинга эътибор берадиган бўлсак, нега айнан Австралия варианти танланди? Австралия анча узоқ, футболчилар толиқади. Иқлими БААникига тўғри келмайди. Мусобақа олдидан балки ўша стадионларда ўйинлар ўтказилиши мумкин эмасдир, лекин бошқа ўйингоҳлар етарли. Ёки Қатар варианти ҳам яхшироқ бўларди. Жанубий Корея билан ўйнаймиз деб, улар “яшил қитъа”да машғулотлар ўтказса, ўша ерга боришимиз шартмиди? Бошқа жамоалар йўқми? Ўйинлар 15 ва 20 ноябрга қўйилди. Иккинчиси 19 қўйилганда, Суперлиганинг муҳим ўйинининг вақти сурилмасди. Ортиқча гап сўзларнинг олди олинарди. Ҳуллас саволлар кўп, жавоб эса йўқ.

Таркиб ҳам кўзни қамаштирмайди. Назаримизда Купер ҳали ҳам футболчиларни ўзи танламаётгандек. Чунки ўз жамоасида асосий таркибда тўп тепаётганлар ўрнига захирадан майдонга тушаётган футболчилар чақирилди. Элдор Шомуродов, Достонбек Ҳамдамов ва ҳоказо. Вадим Афонин нима учун йўқ. У Россияда ўз клубида голлар урмоқда. Таянч ярим ҳимоячи. Боз устига клубида сардор ҳисобланади. Ҳужумда фақат Марат Бикмаев. Тўғри, айни пайтда ундан бошқа яхши номзод йўқдир. Аммо жароҳат ва бошқа омиллар сабаб муҳим ўйинда ёрдам бера олмай қолиши мумкин.

Яна ҳам қизиқ томони шундаки, Жалолиддин Машарипов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўртоқлик ўйинларидан дисквалификация қилинганди. Лекин у йиғинда қатнашди. Сардор Рашидов ва Одил Аҳмедовда кичик жароҳат бор бер олиб кетилмади. Машарипов ҳам майдонга тушмаслиги аниқ, бироқ терма жамоа билан бирга юрсин дейилди. Нега энди Рашидов ва Аҳмедов Австралияга бормади. Юра олмайдиган даражада жароҳат олмаганку. Саволларни ўзимизга ўзимиз бериб, турли жавоблар излаб топяпмиз. Жаноб Купер эса Суперлигада ўйиндан кейин мураббийларимиз мухлислар ва ўйин учун йигитларга раҳмат дея жавоб бергандек, ҳимоя, ҳимоя, ҳимоя демоқда. Янги футболчилар дея баралла гапирди. Аммо қани янгилар?

ЖЧ-2018 олдидан Россия терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов танқидлар остида қолди. Чунки мундиал мезбонлари ўртоқлик баҳсларида ғалаба қозона олишмади. Бироқ россияликлар дунё биринчилигида ажойиб ўйинлар намойиш этиб беришди ва етарлича шов-шув кўтардилар. Ўртоқлик беллашувларидаги натижалар ҳеч нарсани англатмаслигини кўрсатиб қўйишди. Черчесов эса миллат қаҳрамонига айланди.

Ўйлаймизки, терма жамоамиз ҳам тер орада чиройли, мазмунли ва ғалабали онларни тақдим этади. Эктор Купер эса яширин қуроллари ва фақат ҳимояланиш эмас, балки томошабоб ўйин кўрсатадиган жамоани Осиё Кубогининг ўзидаёқ гавдалантиради. Ҳудди Черчесов каби.

 

2.ОЧЛ-2019 Гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Халқаро мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган жамоаларимиз ўз гуруҳлари ва рақибларини аниқлаб олишди.

Осиё футбол Конфедерациясининг Куала-Лумпурдаги қароргоҳида 2019 йилги Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Суперлига чемпиони 2019 йилги Осиё чемпионлар лигасида "B" гуруҳида иштирок этади. Ушбу гуруҳда Саудия Арабистонининг "Ал Иттиҳод" ва БААнинг "Ал Ваҳда" клублари ҳам жой олди. Тўртинчи жамоа плей-оффдан сўнг маълум бўлади.

Ўзбекистон вице-чемпиони Ироқнинг "Эйр Форс" ва БААнинг "Ал Наср" клубларини мағлуб эта олса "D" гуруҳига жойлашади. Бу гуруҳда "Персеполис" (Эрон), "Ал Садд" (Қатар) ва "Ал Аҳли" (Саудия Арабистони) клублари мавжуд.

Ўзбекистон кубоги соҳиби АГМК эса Тожикистон чемпиони "Истиқлол" ва Саудия Арабистонининг "Ал Насср" клубларини мағлуб этса "A" гуруҳини тўлдиради. Ушбу гуруҳда "Ал Васл" (БАА) ва "Ал Завра" (Ироқ) жамоалари мавжуд. Яна бир жамоа номи плей-офф босқичидан сўнг маълум бўлади. 

 

3.Руни, Сильва ва Кэхил терма жамоадаги фаолиятларини якунлашди. Яқин ўтмишнинг ёрқин юлдузларини энди ўз терма жамоалари либосида кўрмаймиз.

Тим Кэхилл

Тим Кэхилл ўзининг хайрлашув учрашувида 5 дақиқа тўп тепди. Австралия термасининг ёрқин юлдузи ушбу баҳсда мухлислари билан хайрлашди.

Кэхилл терма жамоадаги фаолиятини якунлаши ҳақида ЖЧ-2018дан сўнг эълон қилган эди. 20 ноябрь куни австралияликлар Ливанга қарши баҳс ўтказишди, бу 38 ёшли футболчи учун миллий жамоадаги сўнггиси бўлди.

Кэхилл 2004 йилдан бери Австралия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилади. У ҳозиргача миллий жамоа сафида 107 учрашувда майдонга тушиб, 50 та гол уришга муваффақ бўлди. У фаолияти давомида "Эвертон", "Миллуолл", "Нью-Йорк Ред Буллз", "Шанхай Шеньхуа", "Ханчжоу Гринтаун" ва "Мельбрун Сити" шарафини ҳимоя қилган. Айни дамда у Ҳиндистоннинг "Жам - шид - пур" клубида тўп тепади. Шунингдек, тўртта жаҳон чемпионатида иштирок этган.

Уэйн Руни

Бир неча кун аввал Англия ва АҚШ терма жамоалари ўзаро ўртоқлик учрашуви ўтказишди.

"Уэмбли" стадионида ўтказилган беллашувда 3:0 ҳисобида мезбонлар зафар қучишди. Мазкур баҳс Англия футболининг тирик афсонаси Уэйн Рунининг терма жамоадаги хайрлашув учрашуви бўлди.

Ўйиндан олдин ҳар икки терма жамоа вакиллари Руни ва унинг фарзандларини кутиб олишди.

2003 йил 17 ёшида Англия терма жамоасида дебют қилган Уэйн Руни АҚШга қарши ўйин якунлангач майдонни кўз ёшлар билан тарк этди.

Мазкур ўйин 33 ёшли ҳужумчи учун терма жамоадаги сўнггиси сифатида тарихга кирди. Руни миллий терма жамоа сафида энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади. Унинг ҳисобида 120 та ўйинда урилган 53 та гол мавжуд.

Давид Сильва

"Манчестер Сити" клуби ярим ҳимоячиси Давид Силва расман Испания терма жамоасидаги фаолиятини якунлади.

32 ёшли футболчи “қизил фурия”нинг Босния ва Герцеговинага қарши бўлиб ўтган ўртоқлик ўйинида тўпни тепиб, рамзий маънода ўйинни бошлаб берди. Унга шу куни 125-рақам туширилган Испания терма жамоаси либоси эсдалик учун тақдим этилди. Боиси, Силва Испания терма жамоаси сафида айнан 125 та ўйинда иштирок этган.

Ҳа вақт ўтмоқда. Сиз-у биз ўйинларидан баҳраманд бўлаган юлдузлар афсонага айланишмоқда. Бирин-кетин фаолиятларини якунлашяпти. Афсуски шундай.

 

4.Тўйга тайёрланинг. Криштиану Роналду ниҳоят уйланишга қарор қилди. Португалиялик юлдуз Жоржинанинг қўлини сўради.

Португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду ва ниҳоят уйланишга қарор қилди. Роналду ЖЧ-2018дан кейин, янги клубига мослашиб олиши учун ўзини термага чақирмасликларини сўраган эди. Шунинг боис ҳалқаро ўйинлар бошланиш пайтида португалиялик юлдуз бўлажак турмуш ўртоғи ва ўғли билан Лондонга бориб, вақтларини чоғ ўтказди.

Роналду Лондонда жойлашган денгиз бўйидаги ресторанда Жоржинанинг қўлини сўраб, оила қуриш борасида таклиф билдирди. Жоржина Родригес бу таклифни қабул қилган ва аллақачон ўзига келин либоси танлашни бошлаб юборган.

"Ювентус" вакили Криштиану Роналду ва унинг бўлажак рафиқасининг тўйи декабрь ойи охирларида бўлиши кутилмоқда. Айнан ўша вақтда Италия чемпионатида кичик танаффус юзага келади. Криштиану эса ушбу танаффусдан фойдаланиб Туриндаги черковда никоҳдан ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Роналду ва Родригес 4 нафар фарзанднинг ота-онаси ҳисобланади. Булар, кичик Криштиану, эгизаклар Ева ва Маттео (учаласи ҳам суррогат онадан) ҳамда ўтган йили туғилган қизалоқ Алана Мартина.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!