“Ҳафта воқеликлари”нинг бу галги сонида қандай мавзулар ёритилди? (Видео)
Хабарингиз бор, сайтимиз томонидан “Ҳафта воқеликлари” дея номланган лойиҳани тақдим этиб келмоқдамиз. Сиз унда ўзбек, Осиё ва жаҳон футболида содир бўлган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари билан танишишингиз мумкин.
Дастлаб ўзбек футболи ҳақида.
АГМК ирода кўрсатган ўйин
АГМК Осиё чемпионлар лигасида илк қадамларини ташлади. 2019 йилги мавсумни очиб берган ўйинда олмалиқликлар ҳақиқий ирода намойиш этишди.
Меҳмонлар дастлабки дақиқаларданоқ Олмалиққа шунчаки ташриф буюрмаганликларини исботлашга киришишди. 2-дақиқадаёқ бурчакдан ошириб берилган тўп бир неча зарбадан сўнг гол бўлди. Акбар Тўраев гарчи икки марта тўп йўлига ғов бўлган эрса-да, учинчи зарба олдида ожиз қолди.
25-дақиқада Жасур Ҳасанов томонидан бурчакдан оширилган тўпни Дилшод Жўраев бош билан рақиб дарвозасига йўллади.
Иккинчи таймда ҳисобни ўзгартириш яна меҳмонлар томонидан амалга оширилди. Ўтган мавсум Фарғонанинг "Нефтчи" жамоаси шарафини ҳимоя қилган Жалил Кимсанов бурчакдан узатилган тўпни тўрга йўллади.
Шундан сўнг, мезбонлар таркибида ўзгаришлар амалга оширилди. Бу эса 72-дақиқага келиб самара берди. Яна катта саҳнада Жасур Ҳасанов. Санъат Шиховнинг бош билан рақиб дарвозани ишғол қилишида айнан Ҳасанов унга кўмаклашди.
Орадан 6 дақиқа ўтиб Жасур Ҳакимов ҳам бош билан гол уришга эришди. Бу ҳолатда ҳам Ҳасанов ассистентлик қилди.
Якуний ҳисобни акс эттирувчи гол ҳам бош билан урилди. Эътиборлиси, бу сафар ҳам Жасур Ҳасанов тўпни қойилмақом тарзда рақиб жарима майдонига етказди. Зафар Полвонов эса бундан унумли фойдаланди.
Шу тариқа олмалиқликлар тарихда илк ОЧЛ саралашида иштирок этишди ва тарихий ғалабани тантана қилишди.
Бу муваффақият АГМКни Осиё чемпионлар лигаси кейинги босқичи сари етаклади. Жамоа 19 февраль куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида гуруҳ босқичига чиқиш масаласини ҳал этувчи баҳсда "Ал Наср"га қарши майдонга тушади.
Суперголлар ғалабанинг омили
"Пахтакор" Ироқнинг "Эйр Форс" клубидан 2:1 ҳисобида устун келди.
Учрашув меҳмонларнинг устунлиги билан бошланди. “Шерлар” сафарда ўйнаётгандек, ҳимояланди.
Биринчи бўлимда Бикмаев ва Яхшибоевнинг бош билан йўллаган зарбаларига аниқлик етишмади. Бироздан сўнг ушбу футболчиларнинг аниқ уринишларидан сўнг тўпни рақиб ҳимоячилари дарвоза чизиғи устидан қайтариб юборишди. Бўлим охирида Чераннинг зарбаси ҳам ноаниқ кетди.
Биринчи таймнинг ўрталарида "Пахтакор" стадионида навбатдаги муаммо юзага келди. Майдоннинг сув тизимидаги носозлик учун учрашув анча вақт тўхтатилди. Натижада илк бўлимга 24 дақиқа қўшиб берилди.
Эътиборлиси, “Пахтакор” стадионидаги бундай ҳолат биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Терма жамоанинг ва клубнинг аввалги учрашувларида стадионнинг ёритгичлари ўчиб қолганлигини бир неча бор гувоҳига айланганмиз.
Танаффусдан кейин янада кўпроқ ҳужумлар ташкил этган "Пахтакор" ҳисобни очди. Бунга қадар Бикмаев ва Машарипов қулай имкониятдан фойдалана олишмади. Кейинроқ улар хатоларини тўғрилашди. 77-дақиқада Ҳамдамов-Алижонов-Машарипов ижросидаги ҳужумни Жалолиддин қайчи услубдаги аниқ зарбаси билан якунлади - 1:0. Эътиборлиси, Машарипов беллашувдан сўнг берган интервьюсида бундай голларни фақат Роналду эмас, биз ҳам ура оламиз дея фикр билдирди.
84-дақиқада Бикмаев 25 метрлардан жарима зарбасидан тўпни дарвозага ажойиб тарзда жойлади ва 15 йилдан сўнг "шерлар" таркибида яна Чемпионлар лигасида гол урди.
87-дақиқада меҳмонлар Ҳаммади Аҳмаднинг чалқанча услубдаги голи эвазига ҳисобни қисқартиришди - 2:1.
Голларнинг барчаси супергол мақомига мос келадиган даражада бўлди. Аммо ўйин шиддатли ўтди дейиш қийин. Шота Арвеладзе учрашувдан олдинги матбуот анжуманида янги мавсумга тайёрлаётган жамоамизни эртага мухлисларга кўрсатамиз дея фикр билдирди. Ушбу гапдан сўнг ва рақиб Ироқ клуби эканлиги боис ўйинда ҳамюртларимизнинг нисбатан осон ғалабасини тахмин қилгандик. Аммо воқеалар ривожи биз ўйлаганимиздек кечмади. Баҳс “Эйр Форс”нинг устунлиги билан бошланди. Айрим паллаларда улардан омад юз ўгирди. Агар Шота Арвеладзе шу жамоани янги мавсумга тайёрлаган бўлса, унинг Тошкентдаги фаолияти тез орада якунланиши мумкин. Бизга маълум бўлишича, клуб раҳбарияти грузиялик мутахассис билан шартномани бир йилга узайтирган. Бироқ трансферлар борасида бонг ураётган жамоанинг матбуот хизмати бу ҳақда оммага эълон қилмади. Демак, бундан тушуниш мумкинки, “шерлар” ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқа олишмаса, жаноб Арвеладзе лавозимидан озод этилади. Бу унинг учун охирги имконият бўлиши мумкин.
"Пахтакор" 19 февраль куни Дубайда "Ал Наср" жамоаси меҳмони бўлади. Мазкур тўқнашув ғолиби гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритади.
Сульшер бошчилигидаги “Манчестер Юнайтед” ваниҳоят мағлубиятга учради. МЮнинг 11 ўйинлик мағлубиятсиз серияси якунланди.
Хабарингиз бор, "Манчестр Юнайтед" Европа Чемпионлар лигаси 1/8 финал дастлабки баҳсида ўз майдонида ПСЖга 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Эътиборлиси, учрашувда ҳисобни очган парижликлар ҳимоячиси Преснель Кимпембе профессионал фаолиятидаги биринчи голини урди. У ҳозиргача фаолияти давомида 97 учрашувда иштирок этган.
Қолаверса, ПСЖ форварди Килиан Мбаппе ҳам МЮ дарвозасини ишғол қилди ва ўзининг ушбу мусобақадаги жами голлари сонини 14тага етказиб олди. Шу тариқа, 20 ёшли француз бу борада Зинедин Зидан, Роналдо, Мирослав Клозе, Адриано, Давид Вилья ҳамда Робер Пирес каби афсонавий футболчиларга тенглашиб олди. Эътиборлиси, Зиданга ЕЧЛда 14та гол уриш учун 80та ўйин керак бўлган бўлса, Мбаппе учун бор йўғи 24та ўйин етарли бўлди. Маълумот учун, Чемпионлар лигасининг энг яхши тўпурари Криштиану Роналду ҳисобланади. Унинг ҳисобида 120та гол бор.
“Opta” статистик портали тарқатган маълумотларга қараганда, манкуанликлар тарихда илк марта Чемпионлар лигаси доирасида ўз майдонларида биттадан ортиқ гол фарқи билан ютқазишди.
Бундан ташқари бу Оле-Гуннар Сульшернинг МЮ бошқарувидаги илк мағлубиятидир. Норвегиялик мутахассиснинг “қизил иблислар” сафидаги мағлубиятсиз серияси эса шу тариқа 11та ўйинни ташкил этди.
МЮ 5 йилдан бери бу босқичда ғалаба қозона олмаяпти. Сўнгги бор "қизил иблислар" 2013/14 йилги мавсумда, Дэвид Мойес қўл остида плей-офф босқичида зафар қучган эди.
"Юнайтед" 2014 йилнинг март ойида "Олимпиакос"ни 3:0 ҳисобида таслим қилганди.
Шунингдек, МЮ илк бор “Олд Траффорд”да Еврокубоклар доирасида ўз дарвозасида 2 та тўп олиб чиққан ҳолда ютқазди.
Жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви 6 март куни Парижда бўлиб ўтади.
Фикрлар