Икардининг кейинги “бекати” қаер бўлиши мумкин? (Эркин Ғайбуллаев блоги)
Яқинда “Интер” сардорлик боғичидан айрилган Мауро Икардининг келажаги яна муҳокамалар мавзусига айланиб қолди. Аргентиналик ҳужумчи 2015-йилдан бери “нерадзуррилар”га сардорлик қилиб келаётганди. Бироқ ҳафта бошида Лучано Спалетти бундан буён дарвозабон Самир Ханданович жамоа сардори бўлишини айтди.
Икардининг амалдаги шартномаси 2021-йилда ўз ниҳоясига етади, аммо янги шартнома бўйича унинг агенти ва хотини Ванда Нара билан якуний қарорга кела олмаётган клуб сардорлик боғичини Хандановичга беришни маъқул топди. Клубнинг ижрочи директори Жузеппе Маротта ва спорт ишлари бўйича директори Пьеро Аузильо клуб қарорини етказишда ҳозир бўлишган. Аммо футболчи Спалеттининг сўзларига кўра “ўзини қўпол тарзда тутган”.
Натижада Икарди пайшанба куни “Рапид”га қарши Европа Лигаси доирасидаги учрашув қайдномасига киритилмаган. Футболчи кейинроқ Инстаграмдаги саҳифасида келажагига доир жумбоқли пост қолдирган.
Агарда зиддиятлар янада кучайиб кетадиган бўлса, муносабатар узилиши ва унинг келажаги бошқа жамода давом этиши билан тугаши мумкин. Бундай ҳолатда “Барса” собиқ тарбияланувчисининг кейинги “бекати” қаер бўлиши мумкин?
Орзу
“Барселона”
Эрнесто Вальверде ўтган ойда Мунир Эл Хаддади билан хайрлашганидан кейинги бошқа марказий ҳужумчини олиб келиш истагида эканлиги сир эмас.
Каталонияликлар январь ойида Кевин-Принс Боатенгни олиб келиб барчани ҳайратга солди. Барчани Европа “кундалиги”дан тушиб қолган футболчининг хизматларига кимсан “Барса” қизиққани таажжублантирди.
Очиғини айтганда 31 ёшли футболчи ёши ўтиб бораётган Луис Суаресга ўринбосар сифатида “Сассуоло”дан олиб келингани йўқ. Шу туфайли Вальверде келаётган ёзда трансфер бозорида “тўққизлик” излаши табиий. 9 йил олдин “кўк-анорранглилар”ни тарк этган футболчининг ортга қайтиши ҳақиқий эртак бўлади.
24 ёшли ҳужумчи “Ла Масия”ни 2011-йилда иқтидорли футболчи сифатида “Сампдория” сафига бориб қўшилиши ҳам кўпчиликни ажаблантирганди.
Ўшандан кейин у янада чақнади, аммо “кўк-анорранглилар” билан тугалланмаган иши бор. Жанубий америкалик ҳамкасби Суареснинг ўрнини муносиб тарзда тўлдириши мумкин.
“Реал Мадрид”
Ҳар бир трансфер бозорида Икардининг катта пуллар эвазига “қаймоқранглилар” сафига ўтиши тилга олинади. Унинг айни вақтда миланликлар билан бўлган зиддияти буни яна қайта намоён қилди.
Боз устига, ўтган ёзда Криштиану Роналдудек етакчисидан айрилган мадридликлар ёзда янги етакчи қидириб топишга мажбур.
Ўтган ёзда “Реал” янги “галактика” қуришни истамади. Ёки Азар каби бирорта муҳим трансферни ҳам амалга оширмади. Аммо Карим Бенземанинг “қайта туғилиши” “Реал”нинг янги ҳужумчи қидириш шаштини қайтарди.
Перес доим Бенземанинг энг муҳим мухлиси бўлиб келган. Яқинда у француз футболчисини “дунёнинг энг яхши ҳужумчиси” деб атади. Шу туфайли Икардининг исталган вақтда пойтахт жамоасига келиш варианти тушиб кетган. Аммо Бензема “гуллаган даврида” эмас. Шу боис Перес ҳам вазиятни тушунган ҳолда Икардининг трансферига қўл уриши мумкин.
Ҳақиқат
“Челси”
“Челси” сўнгги йилларда марказий ҳужумчи масаласида анча қийналди. Алваро Мората ва Оливье Жирулар узоқ муддатлик вариант бўла олишмади.
Яқинда лондонликлар сафини тўлдирган Гонсало Игуаин эса 31 ёшда. Келаси мавсумда “кўклар” унга ҳам янги рақобатчилар олиб келишни ўйлаётган бўлса ажабмас.
“Челси”нинг Икарди трансфери бўйича қарори ёзда жамоа мураббийи ким бўлишига кўпроқ боғлиқ бўлади. Агарда Маурицио Сарри “рул бошқаруви”да қолса Икардининг келиш имконияти ортади.
Икарди дарвоза қаршисида ҳақиқий “жаллод”га айланади. У лондонликларнинг асосий муаммосини ҳал қилиши мумкин. Сарри жамоасига айнан шу жабҳа етишмаяпти.
“Ювентус”
“Кекса синьора” ўтган ёзда Икардига қизиққан эди. Аммо катта пуллар эвазига Криштиану Роналдуни олиб келганидан кейин ўз фикрини қайта ўйлаб кўрди.
“Ювентус”нинг спорт ишлари бўйича директори Фабио Паратичи асосий рақибидан Икардини олиб келиш катта драмага айланишини таъкидлади. Бироқ А Серия чемпионлари ўз қизиқишига яна қайтиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Италиялик журналист Вальтер Де Маджионинг сўзларига кўра, “Икарди аллақачон “Ювентус” билан келишувга эришган.” Массимилиано Аллегри португалиялик суперюлдузини ўзи мослашган қанотга ўтказиб, Икардини марказда ўйнатишни истаб қолиши мумкин.
Фикрлар