Ислом Аҳмедов: Японияга қарши ўйинда футболчиларимиз энг яхши жиҳатларини кўрсатишлари шарт эмас, муҳими натижа
Ал Айнга қилган сафаримиз чоғида «Халифа бин Зайд» стадионида ҳамюртимиз Ислом Аҳмедовни шериги билан учратиб қолдик. Улар ОФК томонидан инструктор сифатида ишлашаётгани ҳақида аввал ҳам хабар бергандик. Сурия ҳамда Австралия терма жамоалари ўртасидаги ўйинни кузатиш учун келган мутахассисимиздан қисқача бўлса ҳам айрим саволларга жавоб олдик.
- Терма жамоамизнинг дастлабки иккита ўйини ҳақида фикрингиз қандай?
- Уммонга қарши дастлаки учрашувда жамоамизнинг анчадан бери ўйин ўтказмагани сезилиб қолди. Шунинг эвазига беллашув давомида терма жамоамизнинг ўйин тонуси билинмади. Лекин менга футболчиларимизнинг тўпни назорат қилишлари маъқул келди. Иккинчи ўйинда эса янада яхшироқ ҳаракат қилдик. Кўплаб жиддий ҳужумларни уюштирдик. Масалан, учта тезкор ҳужумимиз гол билан тугади. Ўша учрашувда футболчилар ўзларининг энг яхши жиҳатларини кўрсата олишди.
- Япония билан ўйиндан нима кутяпсиз?
- Иккала терма жамоа ҳам гуруҳдан чиқиш вазифасини бажарди. Шунга қарамай, бу ўйин ўзига яраша қизиқ кечади деб ўйлайман. Бу ўйинга ҳам биз ўта жиддий муносабатда бўлишимиз керак. Мен хоҳлардимки, футболчиларимиз Японияга қарши фақат натижа учун ўйнашсин. Бу ўйинда йигитларимиз ўзларининг энг яхши жиҳатларини кўрсатишлари шарт эмас. Асосийси, натижа қўлга киритилса бўлгани.
- Осиё Кубоги мусобақасида ҳар бир жамоанинг ўйинини кузатиб боряпсиз. Шундай экан, айнан қайси терма жамоанинг ўйини сизга кўпроқ ёқяпти?
- Афсуски, айни пайтда ҳеч бир терма жамоани алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Чунки мен ҳали ҳеч бир жамоанинг иштирокида сифатли футболни кўрганим йўқ. Балки бу мусобақанинг яқиндагина бошлангани учун бўлса керак.
- Умуман олганда, Осиё футболида ўсиш борми?
- Мен бу ҳақида ҳозирча ҳеч нима айта олмайман. Бу саволга жавобни фақатгина ярим финал арафасида айтишим мумкин. Ҳозиргача хулосам шундайки, кучсизроқ жамоалар кучли рақибларга халақит беришга ҳаракат қилишяпти. Кучли жамоалар эса ҳозирча ўзларини тўлиқ намоён эта олишганича йўқ.
- Миллий терма жамоамизнинг мусобақадаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Менимча, бизникилар финалда ўйнайди.
- Финалга чиқишимизга ишонасизми?
- Бундай аҳил жамоа ва таркиб бошқа ҳеч қайси жамоада йўқ. Шу боис Ўзбекистоннинг финалга чиқишига ишонаман. Агар ҳеч ким бизга халақит бермаса албатта финалда ўйнаймиз.
- Нимчорак финалда қайси рақиб биз учун қулай деб ўйлайсиз?
- Биз бу мусобақани ютишни хоҳлаяпмизми, унда кейинги босқичда ким билан ўйнашимизнинг нима фарқи бор?
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар