"Истиқлол" АГМК билан бўладиган ўйин учун жиддий тайёргарлик кўрмоқда

Миржалол Қосимов шогирдлари мусобақани саралаш босқичидан бошлашади ва уларнинг илк рақиби Тожикистоннинг "Истиқлол" клуби бўлади. Қўшниларимиз бўлажак учрашувга жиддий тайёргарлик кўришмоқда.

Жумладан Ҳаким Фузайлов бошқарувидаги "Истиқлол" кечадан Туркия йиғинини бошлади. Душанбеликлар у ерда 9 февралга қадар машғулотлар олиб боришади. Мазкур ўқув-йиғини давомида жамоа 4 та назорат ўйини ўтказишни режалаштирган.

Унга кўра бугун Қозоғистоннинг "Тобол" клуби билан баҳс олиб бориш режалаштирилган. Январь ойининг сўнгги кунида эса тожикистонликлар Босния ва Герцеговинанинг уч карра чемпиони - "Челик" жамоаси билан куч синашади.

3 февраль санасида эса "Истиқлол" Дания Биринчи дивизиони вакили "Кёге" билан, 7 февралда эса Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоаси билан баҳс олиб боради.

Маълумот учун, АГМК - "Истиқлол" учрашуви 12 февраль куни Олмалиқда бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!