Купер таркибни эълон қилди. Йиғинга чақирилган легионерлар қаерда?
Ads

Хабарингиз бор бугун Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда йиғинга киришди.

Эътиборлиси, аргентиналик мутахассис дастлабки йиғин учун эълон қилган таркибида хориж чемпионатларида тўп сураётган легионерларимизнинг ҳам номларини кўриш мумкин. Виталий Денисов (Крилья Советов), Шоҳруҳ Гадоев (Тэджон Ситизен, Ж.Корея), Одил Аҳмедов (Шанхай СИПГ), Отабек Шукуров (Шаржа, БАА), Элдор Шомуродов (Ростов) ва Санжар Турсуновлар (Тэджон Ситизен, Ж.Корея) шулар жумласидандир.

Бироқ, ҳозирча ушбу легионерларимиздан қай бирлари бугунги йиғинга етиб келганликлари ҳақида маълумот берилмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, кеча “Локомотив” Виталий Денисовни йил охиригача Самаранинг “Крилья Советов” жамоасига ижарага бериб юборгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўз навбатида самараликлар директори Александр Шикунов ҳамюртимизнинг эртага жамоа машғулотларига қўшилиши ҳақида айтиб ўтган эди.

“Бугун кечга яқин у сафимизга етиб келади ва эртадан машғулотларга қўшилади”, - деган эди Шикунов.

Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки Денисов терма жамоа йиғинига ҳали етиб келмаган.

Эслатиб ўтамиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси сентябрь ойидаги ФИФА кунларида Тошкентда иккита ўртоқлик ўйини ўтказади. Футболчиларимиз 6 сентябрь куни Сурия терма жамоасига қарши, 11 сентябрда эса Эронга қарши майдонга тушишади.